25 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,1 °C

Бўш вақтда
22 Мар  2019 851

Ихтирочи

(Давоми, 5-қисм)

...Эрталаб хотин шаҳарга бозорга кетади. Икки ўғлим ва мен унга ҳар куни томорқадан чиққан картошка, сабзи, пиёз, умуман, сабзавотларни етказиб турамиз. Бир қисмини кавласак, иккинчи қисмини эка бошлаймиз. Ўзим эса ҳафтада бозорга иккита семиз буқа, уч-тўртта қўчқор олиб тушаман. Машинали ҳам бўлиб олдик. Бора-бора қассобларнинг ўзи ҳўкизларни тўғри оғилхонадан олиб кета бошлашди. Икки ўғлимга уй қуриб бериш учун ер сотиб олдим. Энди иккови ўша ерни томорқа қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштира бошлашди.

«Шунча пулни нима қиларкан?» деб ўйлаган бўлсангиз керак? Аммо бир нарсани тушуниб қолдим: катта топишга топасану аммо шунга яраша чиқим ҳам катталашиб бораверар экан. Инсон ҳам қизиқ-да?! Пули кўп кишиларнинг нуқул «Пулга ҳеч ёлчимаяпман-да!» дейишларини энди тушунгандай бўляпман. Туғишганларим ҳам анча ўнгланиб олишди.

Кейин ҳаммасига туб бурилиш ясайдиган ҳодиса содир бўлди.

Бир куни дарвозадан Тўра амаким кириб келди. Тиловқобил аканинг тўйидан тўппа-тўғри келяпти, шекилли. Кайфи тароқ, авзойи бузуқ.

— Сени жигарим дегандим-а? Туғишганларга қайишади, деб юрибман-а?! Нима, қариндош-уруғларингдан бутунлай воз кечмоқчимисан? Эшитдик, Очил синфдошингга битта мол семиртирадиган аппарат ясаб берибсан?! — деди.

— Хўп, ясаб берган бўлсам, нима бўпти? Эътиборингиз учун у аппарат учун ўн беш миллионни қуртдай санаб берди, кейин бунинг сизга нима дахли бор? — сўрадим хотиржамлик билан. — Ўн беш миллион берсангиз, сизга ҳам ясаб бераман.

— Сен олдин ясаб бер! Қайтарарман бир кун пулини, ўлиб-нетиб кетаётганим йўқ-ку?! Тавба, у ёқда қариндош-уруғлари чарчаб ётибди-ю, бу ғирт бегоналарга қайишади-я?! Доим саларка анқиб юрадиган битта трактирчининг ўғли биздан ҳам яқин бўлдими сенга? Ҳе, ўргилдим бунақа жигарчилигингдан! — астойдил хафа бўлди амаким.

— Амаки, биринчидан, бировни камситишга ҳаққингиз йўқ. Ўша сиз трактирчининг боласи деб ерга ураётган Очилдан сизнинг ҳечам ортиқ жойингиз йўқ. Иккинчидан, феълингизни биламан, барибир пулини бермайсиз, негаки, қурумсоқсиз. Текин бўлиши учун миллионта баҳона топишингизниям биламан. Илтимос, менинг ишимга аралашманг! Мен сизнинг ишингизга бурнимни тиқаётганим йўқ-ку?! Қолаверса, ўзингиз-ку, жигарчиликни жиғилдонга урган! Ўлакса буқачани ўн мингга бервораман, деб катта кетиб, барибир йигирма беш мингга пуллаган, — дедим. Бу сафар менинг жаҳлим чиққанди. Лекин бундай қилиш ярамайди, зўрға ўзимни босдим. Жанжал излаб келган кишига арзимаган гап кифоя. Ишонасизми, шунча гапимдан кейин Тўра амакимнинг бир туки ҳам қилт этгани йўқ.

— Ўзинг пулини рози бўлиб бердинг-ку?! Сендан тортиб олмаганман ўша пулни! Нега энди бирдан ким қачонги гапни қўзғаб қолдинг? Ўша йигирма беш мингни ўн беш миллионга айлантирганингни ҳам ўз кўзимиз билан кўрганмиз, билсанг! Ўзингча бизни боплаб туширдингда-а? — деди баттар тутоқиб. — Керак эмас, ўша лаънати томорқачи матоҳинг, бор опкелақол, шунақа миннат қиладиган бўлсанг!

Очиғи, бунақа кучли қарши ҳужумни кутмагандим. Бети қалинлик, безлик ва уятсизликниям. Бу мени шошириб қўйди. Демак, эртага қолганларниям тезлайди. Опа-сингил ва укаларим билан ҳам шундай суҳбат, албатта, бўлиб ўтади. Ихтиро қиламан, деб ўзимга бир дунё ғурбат орттирдимми, дейман. Ихтироларимдан илк бор пушаймон бўлаётгандим.

— Аниқ керак эмасми? Унда эртагаёқ олиб келиб беринг! — дедим.

— Ҳўвв, керак бўлса-чи, ўзинг бориб олиб келасан! Мендан кичиксан, иш буюришга ёшлик қиласан ҳали. Қўйни эса семизидан қайтарасан, билдинг? Агар шундай қилмасанг, аппаратингни олиб бўпсан.

Қойил! Боплади-ку?!

— Амаки қўй-пўйда ҳаққингиз қолмаган. Семиртириб, сотишгаям ҳиссангиз қўшилмаган. Биргина аппаратнинг ўзи камида етти миллион туради.

— Ўҳў! Етти юз сўм ҳам турмайдиган матоҳингни етти миллион деяпсанми, уял-э?! Эшитиб ол, аппаратингни қайтариб олмоқчи бўлсанг, олдин туппа-тузук қўй қайтарасан, ана. Агар ўзим берган қўйни қайтарсанг, ундан ҳам яхши. Кейин аппаратингни олиб кетасанми, пишириб ейсанми, ишим йўқ, гап тамом-вассалом! — деди важоҳат билан.

— Қўйда «конкретно» ҳаққингиз йўқ, «отвечаю!» (бунақа пайтда олифталарнинг гапи иш беради, дейишарди). Аппарат, майли, сизда қолаверсин! Қўлланмани ўқиб кўрмагансиз, шекилли (уни ҳар саккиз ойда қувватлантириб туриш керак. Қувватлантирадиган аппарат эса фақат менда бор). Қайтиб мендан ҳеч нима сўраманг! Бошқа гапингиз бўлмаса, омон бўлинг, ишларим кўп эди...

— Олифталарнинг гапи етмагандай, энди уйингдан ҳайдаб соляпсанми? Эшитганлар нима дейди? Битта-ю-битта амакисини уйидан қувиб солибди, демайдими? — сира бўш келмасди амаким.

Оббо! Энди нима қилдим-а?! Жа қаттиқ олди-ку?!

Аммо жуда-жуда қийин бўлса-да, пинагимни бузмадим. Ана шуниси Тўра амакимга қаттиқ алам қилаётганди. Майли, билганича «сайрасин!» Бироқ эртага бу гап қишлоққа яшин тезлигида тарқалиши аниқ. Негаки, Тўра амаким ҳеч кимга чурқ этмайди. Яхшиям, одамларнинг ғийбату миш-мишларига эътибор бермайман. Гап-сўз қилаверишмайдими?! Ёмон экан деса, ёмон бўлиб қолмайман-ку, тўғрими?

— Бўпти, қариндош-уруғларингдан воз кеч-да, ғирт бегоналар билан ош-қатиқ бўлавер! Ҳали кўрамиз, дўппинг тор келганда кунингга ким яраркан?! — оғзи кўпириб давом этди амаким. Мени мувозанатдан чиқармоқчи, уддаласа, у ёғи каттагина ғурбат-да! Ҳар ҳолда шунисига ақлим етиб турибди, демак, чидашим керак!

— Амаки, қариндош-уруғдан воз кечишимни сиз ҳал қилмайсиз! Улар учун битта ўзингиз жавоб берманг ҳам! Ҳаммасига сабаб, қурумсоқлигингиз, зиқналигингиз! Натижада дуч келган ерда шунақа оғзингиздан кўпик сачратиб юрасиз, — бу гапни жуда мулойимлик билан айтдим.

Аммо ғоят зўр таъсир қилди.

— Нима?! Ўша ихтироинг ҳам, ўзинг ҳам бир пулга арзимайсан, аслида! Тавба, намунча осмондан келасан, ўвв, тирранча?! Билдик, кал бўлсанг ҳам темир тароғинг бор экан. Фақат ўзингни ўйла, ўзингни... бошқалар ўлиб кетаверсин! Сени одам деб келиб ўтирибман-а?! Э, бор-э, чаласавод овсар! — деди-да, чиқиб кетди.

Кетганидан сўнг анчагача ўзимни боса олмай ўтирдим, чуқур ўйга толдим. Чиндан ҳам ихтирочи бўлиб нимага эришдим ўзи? Бир олам ғурбату машмашаларгами? Туғишганларим билан сен-менга бориб қолишгами? Орадан икки-уч кун ўтиб, қолган барча туғишганларим келиб, мени юмма талашди. Сиз ҳам тушундингиз, Тўра амаким ҳеч кимга чурқ этмаган. Уларни «ғирт тиланчи» деганмишман! «Учига чиққан сурбет бари» деганмишман! Қойил, Тўра амаки, қойил сизга! Туғишганларимни яна айтишича, ўзим бир-иккита сариқ чақага ҳам арзимайдиган темирни ясаб, босар-тусаримни билмай қолганмишман! Пулим кўпайиб, ўз туғишганларимни унутганмишман, уларни оёқ учида кўрсатармишман!.. Фақат энг кенжа синглим лом-мим демади. Негаки, машина олмоқчи бўлганида куёвга ярим пулини бериб, қарашиб юборгандим...

Ана холос! Пулга зориқиб юрганимда, бирортаси «Аҳволинг қалай?» деб сўрашга ярамаганлардан чиқяптими бу гаплар?! Ҳатто, кичигимизнинг қўли синиб, шаҳардаги шифохонага ётқизишганда ҳам бирортасидан қарзга пул ололмаганман. Қайтанга уларнинг кўзига шунчалик ёмон кўринганманки... узоқдан кўришса, дарҳол бекинадиган бўлишганди. Оғилдаги битта-ю-битта соғин сигирни сотиб, харажат қилгандим ўшанда.

Англашимча, ихтиро қилингач, роса хурсандчилик, табриклашлар бўлиши керак эди. Аммо мен ўша хурсандчиликни туймадим. Ҳа-а, ростдан ҳам ихтирочиларга осон бўлмаган экан! Энди бошимдан ўтгач, тушуняпман буни. Сиз яратган ихтиро ишлаб чиқаришга жорий этилиши у ёқда турсин, яқин туғишганлар ўртасида талон-торож бўп кетиши ҳам ҳеч гап эмас экан. Сиз не-не машаққатлар билан яратган нарсангизга эга чиқмоқчи бўлишади. Тавба, тер тўккан, машаққат чеккан киму эга чиқмоқчи бўлган ким?..

Миямда битта фикр чарх ура бошлади: бирон ёққа кўчиб кетиш. Хотиним, икки ўғлим билан маслаҳатлашиб кўрдим. Улар ҳам менинг туғишганларимдан шунчалик безор бўлишган эканки, дарров рози бўла қолишди.

— Дада, шундай қила қолайлик, пулимиз бўлса бор! У ёғи бир гап бўлар! — деди катта ўғлим.

Шаҳар четидан каттагина ери бор ҳовли сотиб олиб, тинчгина яшай бошладик. Мен буқа, қўчқор семиртиришда давом этдим, икки ўғлим ишга жойлашди. О-о, қанчалик маза-я! Аммо «Хайрият, энди бу ёғи маза бўлади!», деб бекорларнинг қирқ бештасини айтган эканман...

(давоми бор)

Нурпўлат НУРҚУЛОВ

Ҳикоянинг бошини бу ерда ўқишингиз мумкин.
Ҳикоянинг иккинчи қисми бу ерда.

Ҳикоянинг учинчи қисми бу ерда

Ҳикоянинг тўртинчи қисми бу ерда.

.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech