15 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,2 °C

Бўш вақтда
8 Мар  2019 2398

Ихтирочи (Давоми)

(Ҳажвий ҳикоя) 

 

 

...Яна каллам ишга шўнғидим, бу ёғи уйқусиз тунлар... тажрибалару чизмалар... Аммо портал аппаратини такомиллаштирдим. Ёмон чиқмади, ҳарқалай. Дарвозахонанинг тепасига унча-мунчага кўзга ташланмайдиган қилиб ўрнатдим. Энди бошқаларда ишлатиб кўриш қолди.

Яқин туғишганларим текинга олтитадан портал аппарати ясаб бермаганимга мендан хафа бўлиб кетишгандан сўнг орадан тўрт ой вақт ўтди. Шу вақт ичида бирортаси «аҳволинг қандай?» деб сўрагани ҳам йўқ. Ҳатто, 5-6 кун уйда кўрпа-тўшак ҳам қилиб ётиб ҳам қолдим. Роса хафа бўлгандирсан, дерсиз, ҳечам-да!

Қайтанга бўлиб ўтган ҳодисалардан кулавериб, ичакларим оғриб кетди, ҳатто. Нега дейсизми, унда эшитинг.

Эътиборингизни тўрт ойдан сўнгги Тўра амакиникига қаратсак.

Хотини иккови чорпояда чой ичиб ўтиришибди. Тўра амакимнинг қовоғидан қор ёғмоқда. Тўғри-да, хориждаги икки ўғли бу ой негадир пул жўнатмабди, Институт ва коллежда ўқийдиган икки фарзанди эса уйдан анчагина пулни олиб кетишган. Чўнтагининг териси шилиниб ўтирибди. Улбуви чеча буни ўзича тушунди. Яъни камина билан боғлаб... Бир-икки унга қараб қўйди-да, сўради:

— Ҳа, намунча, ҳамма еб сиз қуруқ қолгандай қовоғингизни уясиз? Баробар (Улбуви чеча отимни айтмай, мени шундай деб чақиради. Исмим Тенглаш эканини биласиз, албатта) укангиз битта сиздан ўша темирини қизғангани йўқ-ку?! Ана, опа-сингиллари, укаларига ҳам бермабди-ку?! — деди.

Унгача бутунлай бошқа нарсага, тўғрироғи, қилган чиқимига, кайфияти бузилиб турган амаким бирдан сергак тортган. Чечаям керакли «тугмача»ни топиб босибди ўзиям... Бирдан эсига тушиб, олдингисидан ҳам тўмтайди. Энди унинг қовоғидан тухумдай-тухумдай дўл ёға бошлади.

— Эй, сен ниманиям билардинг? Бугун туғишганларига йўқ деган бўлса, эртага хўп дейди, мана кўрасан. Биз эса шўппайиб қуруқ қолаверамиз. Роса ичидан пишган чиқди бу Тенглаш тушмагур! Ҳеч бўлмаганда менга ясаб берса бўларди. Биринчидан, уйим уникига яқин, иккинчидан, опа-сингиллари-ю, укалари ҳар томонга тарқаб кетишган, узоқда. Бирон жойи камайиб қолмасди. Аммо ҳувв бирда қарз сўраганда берсак бўларкан, ҳозир шунча праблема бўлмасди. Ўзиникига қайишиши аниқ. Айниқса, савдогар опаси ўлгудай пишиқ, бир амаллаб Тенглашни кўндиради. Артистлигини бир ишга солса, у кўнишга мажбур бўлади. Нима қилсаям, жигарчилик-да! — деди жиғибийрон бўлиб Тўра амаки.

Жиғибийрон бўлмасинми? Ўлганнинг устига тепгандек, чўнтакдан каттагина пул чиқиб кетган. Алам қилади-да!..

— Эй, бўлмаса бўлмапти-да, шунга шунчами?! Бўлди-да, энди! Сизнинг тўмрайиб ўтиришингизни кўриб, менинг ҳам жаҳлим чиқиб кетяпти... — деди хотини.

Ў-ў-ў! Улбуви чечанинг жаҳли бир чиқса борми... ҳеч нимадан қайтмайди? Сап-сариқ, кўзлари кўм-кўк бу аёлнинг гавдаси Тўра амакимдан тўртта келади. Тунов куни қўшнисининг ҳўкизи томорқасига тушавериб безор қилган экан, бир юз эллик килолик буқанинг белига бир тушириб, ётқизиб қўйибди. Жонивор бир ҳафта деганда аранг ўрнидан турибди, қаранг. Ўзи: «Вой, ўлмасам, бор-йўғи белига шапатилаб ҳайдайман дегандим-а!..» дебди қўшнисига. Қўшнисиям ҳеч нима демабди. Мениям буқага ўхшаб уриб ётқизиб, чалажон қилиб қўймасин, деган-да?! Бир ишласа, олти эркакнинг ишини қилади. Ўзим кўрганман, амаким беда ўришга ҳашарга айтганда. Олти эркак бир томондан ўряпмиз, чеча бир томонда, биз билан баб-баравар кетяпти-да, бир пайт қарасам... Ора-сира чанқаб қолмасин, деб бизга чой-пой ҳам дамлаб келади.

Тўғри, камина қўрқмасам ҳам бўлади... дарвоза тепасида портал аппарати турибди.

Аммо Тўра амаким роса писмиқ-да! Тулкилиги тутиб, Улбуви чечани тезлабди...

— Ҳей, биласанми, Тенглаш туғилган кунида сенинг ҳам шаънингга тўғри келмайдиган гапларни айтди. Калласи ишламайдиган сап-сариқ трактир дейдими-ей?! Ҳатто, менинг жаҳлим чиқиб кетди гапига!

— Йўғ-э? Шунақа дедими? Нима ҳаққи боракан?! Мен ҳали унга трактир бўлибманми? Сап-сариқ трактир дедими?

— Трактир ҳам гапми, нақ фаралари кўм-кўк сап-сариқ булдизир деди, ана! Ҳай, дедим, тилингга эрк берма, дедим, қани фойдаси бўлса. Яна нима дейди, де?

— Нима дейди?.. Нега чайналасиз, гапиринг тез! — деди пишқириб, аллақачон «образ»га кириб бўлган чеча. Жуда аччиғи чиқиб кетганидан ўзини босолмай, шарт ўрнидан туриб ҳовли ўртасида ётган тракторнинг покришкасини томорқанинг нариги четига улоқтириб юборибди. Томорқа жонивор ҳам эллик сотихча келади. Чечани кейин «образ»идан чиқариш жуда қийин.

— Қўлидан келса, ана, тажриба нусхасини олиб кетсин! Жа кўпам гавдасига ишонавермасин, ўша қуруқ савлат чечамиз, деди!

— Ҳозироқ бориб дабдаласини чиқараман ўша Баробар укангизни. Шу қилганига ўша темирини ҳам уйга олиб келаман! — деганча ўрнидан турибди чеча. Кейин лапанглаганча тўппа-тўғри бизникига жўнабди. Табиийки, писмиқ Тўра амаким ҳиринглаганча уйда қолган. Дарвозадан танкдай гуриллаб чиқиб кетган хотини ўн дақиқа ўтар-ўтмас, яна «Астағфирулло! Астағфирулло!» деганича ичкарига кириб турганмиш-да! Кўзлари ола-була! Тинмай ёқасига туфлармиш!

— Ҳа, онаси, Тенглашникига бормадингми? Фикрингдан қайтдингми? Тушунарли, қўрқибсанда-а?! — сўрабди амаким.

— Йўқ, бордим. Нега қўрқарканман? Тавба, дарвозасидан энди ичкарига кирувдим ҳамки, бир нарса ярқ этди-да, мен яна ўзимизнинг дарвозахонада пайдо бўлдим. Бундай бўлиши мумкин эмас, туф-туф-туф! — дебди чеча кўзлари учиб-учиб.

— Сен ҳам жа оласан-да! Боришга қўрқдим, деб тўғрисини айт-да-қўй, нима қиласан бошимни қотириб! — дебди амаким тағин чечага «бензин қуйиб». — Мен хомкалла хотиним қишлоқда ҳеч кимдан қўрқмайди, «любой»ининг попугини пасайтириб қўяди, деб мағрурланиб юрибман-а?! Э, қўй-э!

 — Ҳой дадаси, ўчиринг овозингизни! Эслаб кўрсам, икки-уч кун офтобда ишлагандим, томим кетаётган бўлса-я? Дўхтир укам айтувди-я, офтобда кўп ишламанг, миянгиз суюлиб кетмасин, деб. Ё миям суюляптимикан? Вой, энди нима қиламан?!

Хуллас, Улбуви чеча қайтиб бизникига келишга унамабди. Писмиқона режаси иш бемагач, Тўра амакимнинг ўзи бизникига йўл олибди. Одамларгаям қойилман, ўз манфаати йўлида ҳеч нимадан тап тортмайди. Аммо бизникига кетгач, ўн дақиқадан сўнг Тўра амаким ҳам ўзининг дарвозахонасидан «Ёпирай!» деб кириб турганмиш-да!..

Буларнинг барини амаким ҳам, чечамиз ҳам ётиб қолганини эшитгач, хабар олгани борганда эшитдим. Очиғи, ўзимни зўрға кулгидан тийдим. «Яшавор, Тенглаш! Демак, дарвозахонага ўрнатилган портал ишлаяпти! Яша! Яшасин мен!»

Демак, қолган яқин туғишганларим ҳам ҳадемай «ишга киришса» керак?

Шундай бўлди ҳам.

Опам Бектўпи, Абу-Сахий ва Ипподромдан товар олиб келишга жўнашдан олдин поччамни роса пишиқлабди. Поччамиз ўзи яхши одам, бироқ шишани кўрса, «ваапше тормози ишламай қолади». У кишини кўчада учратдим.

— Ийй, Тенглаш, ўзингмисан! — деди ва жуда узоқ сўрашди. Вой-эй! Роса эзмалади-ку?! Ҳатто, уйдаги чўнтоқ супиргининг ҳам ҳол-аҳволини сўради ўзиям. Мақсадини, опам роса пишиқлаганини дарров тушундим, албатта, ўша олтита портал аппаратини текинга қўлга киритиш-да, бошқа нима бўларди. Узоқ сўрашгандан сўнг мақсадини айтди... Адашмабман... Яна яшасин мен!

— Почча, бу кўчада гаплашадиган гапмас, уйга ўтинг, бафуржа гаплашармиз, — дедим...

Негадир дарров кўна қолди. Кейин билсам, улфатлари кутиб турган экан...

Ҳи-ҳи-ҳи!..

Кечқурун уйга ҳеч ким келмади. Дарвозахонага ўрнатилган портация аппарати «вспишка»сининг икки марта ярқ-ярқ этганини ҳисобга олмаганда, албатта...

Кейин поччамнинг мазаси бўлмай ётиб қолганини эшитиб, қўнғироқ қилдим. Ўша куни мен билан хайрлашгач, улфатлари билан чойхонада отамлашибди. Кейин опамдан балога қолмай, деб уйимизга келибди, эшигимиздан кириши билан ўзининг дарвозахонасида пайдо бўлиб қолибди. Бу ҳол икки бор такрорланибди. Уйимиз ораси тўрт километрча чиқади.

— Шу ярамас ичкиликни чиқарганнинг падарига минг лаънат! Турсунга айтим, буни ичмайлик, «чистиймас» экан деб? Мана, оқибати! Энди ташламасам бўлмайди. Йўқса, жинни бўп қолишим аниқ. Дарвозахонамиз бир сеникига ўхшайди, кейин ярқ этади-да, бир меникига ўхшайди... Ичкиликнинг дастидан кўзимга ҳар балолар кўриняпти, — деди поччам телефонда.

— Мен ҳам сизни роса кутдим, келмадингиз, — дедим кулгидан ўзимни аранг тийиб. — «Поччам ҳеч гапини иккита қилмасди, ваъда бердими, албатта, бажарарди. Тинчликмикан ишқилиб?» деб ўйладим. Эрталаб билсам, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олибсиз.

Шундан сўнг сингиллару укаларимга бизникига портал аппарати масаласида келмасликни, йўқса, анча овора-ю-сарсон бўлишларини, бошқа иш билан бўлса, бемалол келаверишларини бирма-бир телефон қилиб айтдим. Мендан роса хафа бўлишди. Ҳатто, «бир бориб уришмасак бўлмайдиганга ўхшайди!» ҳам дейишди. Келишса, юмма талашлари турган гап, уларга бас келиб бўпсиз!

Тавба, уларга қанчалик тайинламаймин, барибир «вспишка» беш-ўн марта ярқиллади...

Ўзинг-чи, ўзинг, бировларнинг устидан кулиб, маза қиляпсанми дерсиз? Йўқ, ундай эмас! Уларнинг «вспишка»дан сўнг талмовсирашлари ўзимгаям ёқмай кетяпти. Бу яхшимас, албатта, кейин жигарчилик дегандай. Жа сиз ўйлаганчалик ҳам эмасман...

Аммо Самарқандда турадиган укам анча пишиқ чиқди. У уйимизга дарвозахонадан эмас, балки томорқанинг нариги четидаги дарчадан кириб келди. Домла-да, кўп нарсага ақли етади! Ўқиган.

— Ака, ҳўвв ака! Уйдамисиз? Ассалому алайкум!

— Ие, ваалайкум ассалом, кел, келавер! — дедим мен шошиб қолиб. — Ойиси, қара, шаҳардан меҳмон келди! Дарров чорпояга жой ҳозирла...

Минг қилсаям шаҳар кўрган-да, анча вақт мен билан ундан-бундан суҳбатлашиб ўтирди. Мен эса қачон «ёриларкан», деб шу оғзини пойлайман... У эса порталдан сўз очмайди, фақат ҳар замон-ҳар замонда мени мақтайди. Мақташи шунчалик самимийки... Мойдай ёққани-чи?! Шу пайт миямнинг қайсидир бир датчиги ишлаб кетди «Э-ҳа, Дейл Карнеги усулини қўллаяпсанми? Қойил! Аммо ўзингга шу усулингни қайтарсам нима қиласан?» Мен ҳам ўта юмшоқлик ва меҳрибонлик билан уни ҳар замон-ҳар замонда мақташга тушдим. Суҳбат асносида укамнинг қош-кўзлари учиб-учиб туша бошлади. «Аҳа, қалай бўларкан? Ўхшамаяпти-я?! Сен шохида юрсанг, сиз туғишганларимнинг совунига кир ювган камина баргида юради. Миямга қойил! Яшасин мен!» дейман ичимда. Икковимизни бундай меҳрибонлик ва лутф ила суҳбатлашганимизни ҳеч қачон кўрмаган хотиним эса ҳайрон!

— Ҳей, оғзингни тандирдан очмай, ёпиб ўтир! — дейман унга. Укам билан янгаси гапимга ҳиринглаб кулади.

Икки соатларча суҳбатлашдик. Укам ихтиро ҳақида оғиз очмади, мен ҳам лом-мим демадим. Аммо сўзлари тагидан «Менга қачон олтита портал аппаратини текинга ясаб берасиз?» деган гап анқиб турганини тушунмаслик мумкин эмасди.

Тўра амакимга қойил!

Вой, тулки-ей!

Вой, айёр-эй!

Улбуви чечани ишга солганда ўхшамаганди, энди укамни ишга солибди-да! Мақсади, нима қилиб бўлсаям ниятига эришиш-а! Қойил!

Икковлашиб бир лаган ошни еганимиздан сўнг укам кетишга чоғланди. Томорқадан чиқиб кетса керак, деб ўйловдим. Қаёқда? Дарвозахона томонга юрди. Айтувдим-ку, ўқиган, деб?!

— Ҳа, шаҳардаги уйингга текин етиб олмоқчимисан? — дедим кулиб.

— А? Йўғ-э! Аммо текин етиб олсам ёмон бўлмасди, баҳонада ихтироингиз кучини ҳам кўриб қўйган бўлардим, Тўра амакимга ўхшаб, ҳи-ҳи-ҳи!

Ана! Айтдим-ку?! Унга Тўра амаким сим қоқиб, тезлаган, деб.

— Унда дарвозадан ташқарига чиқ-да, қайтиб кир!

— Ҳа, буни биламан! Бир марта шундай бўлувди! Анча йўлкирага тушгандим ўшанда, — деди-да, ташқарига чиқди, кейин ичкарига юрди. Шу пайт худди сураткаш расмга олаётгандек, «вспишка» ярқ этди...

Укам аллақачон — шаҳарда. Телефоним жиринглади.

— Алло ака! Мен етиб келдим. Яратган нарсангиз зўр экан. Гап бўлиши мумкин эмас! Эртага келинингиз ҳам қишлоққа ўтмоқчи эди, қайтишида қўллаб юборасиз энди, алло?! Бир-икки сўм тежалармиди, дейман-да!

— Эй, ёнингда магнит-пагнит бормиди, аппаратни дабдала қилиб кетдинг-ку?! Пақиллаб ёрилиб кетди! — дедим мен.

Тўғри, аслида ундай эмасди. Шунчаки, миямга зўр бир фикр келиб қолди-да!

— Ия, йўғ-э, ака? Нима деяпсиз, қанақа магнит-пагнит? Портлаб кетди? Унда эртага келинингиз қандай уйга қайтади?

Шундаям ўз дардини ўйлайди-я?!. Бошқалар ўлиб кетсаям иши йўқ. Аммо ўзининг иши битиши керак! Тавба!

— Қандай келса, шундай-да! Магнит, айниқса, пиёладай келадигани, аппаратни ишдан чиқаради! Бўпти, ҳазиллашдим, келин келаверсин, жўнатиш биздан!

— Эй, бунақа деб қўрқитманг-да, ака?! — деди укам гўшакка. — Бўпти ака, эртага келингизни ўзингиз жўнатасиз.

Аслида менга пиёладек катталикдаги магнит керак эди. Магнит ҳақидаги гап аллақачон керакли кишиларга етиб боргани аниқ. Шу десангиз, икки кун олдин молларни қисқа вақт ичида семиртирадиган, экинлардан мўл-кўл ҳосил олиш имконини берадиган мослама ясаш миямга келиб қолди.

Бу гапдан хотиним хабардор, албатта. Тўғри, моҳияти ҳали унга етиб бормаган бўлса ҳам керак. Аммо келинингиз — жуда ишончли. Унча-мунчага тушунавермагани учун ҳам қаттиқ ишонаман унга! Ниманики айтсангиз ё етиб бормайди, ё эсидан чиқиб кетади.

Опа-сингилларим унга кўп қўнғироқ қилишади...

Аммо ҳеч нимани билолмасликлари аниқ. Биринчидан, турмуш ўртоғим билганларининг ҳаммасини қориштириб-аралаштириб айтади, иккинчидан, туғишганларим далилларни бир-бирига «улаш»га ҳафсала қилмайди... «Эр — ғирт овсар, хотини — ғирт анқов, роса топишган-да, булар!» дейишса ҳам керак. Э, дейишса, дейишавермайдими, менга нима?..

Энди дарвозахона устидаги аппаратни олиб, ўрнига сохтасини қўйиб қўйишим керак.

О, бу туғишганлар!.. Нақадар ақллисиз?!

Аслида улар мендан ҳам зўр ихтирочи! Шунчалик истеъдодлики, ҳатто, уларга ҳавасим келиб кетади. Фақат шу истеъдодларини тўғри йўналтиришмайди-да?

Икки кундан кейин дарвозахона тепасидаги сохта аппарат ёнидан пиёладай эмас, нақ лагандай келадиган магнитни топдим. Айтдим-ку, сизга яқинларим фавқулодда истеъдодли деб!

Яшасин! Тўғрироғи, яшасин мен! Роса керагидан топишибди-ку?!

Уни ким қўйгани ва аппаратни ким бузмоқчи бўлгани камина учун муҳим эмас. Жигарчилик бу ёғи, уларнинг кўзига чўп суқармидим? Рост-да, бировга ёмонлик қилган, қандай барака топибдики, мен ҳам топсам...

Менга катта магнит керак эди, у эса қўлимда! Бор-йўғи шу, холос!..

Дарвоқе, ўша куни Тўра амаким бундан тўрт ой илгари олган тешани қайтариб бериб кетди. Ҳовлимизга виқор билан кириб, керилганча чиқиб кетди. Ана, портал аппаратига магнитни ким қўйгани ҳам маълум бўлди...

Аммо бунга эътибор бермайман... Аслида яқинлару туғишганларимдан миннатдор бўлишим ҳам керак. Негаки, улар менга ихтиром учун курашишни, уни асраб-авайлашни ўргатишяпти, тўғрими? Бу қайтанга куч бағишларкан одамга.

...Яна айвондаги чорпояда хотин иккимиз ўтирибмиз. Турмуш ўртоғим бир менга қарайди, бир қўлимдаги магнитга. Лекин амакимнинг нима иш қилганини дарров тушунди ва лабини тишлаб, «аттанг!» дегандай бош чайқади.

Мен эса ўйлаяпман. Энди ишга киришаман! Янги ясамоқчи бўлган аппаратим қўйидагича ишлайди: бозордан кичкина қовурғалари саналиб турган, пўстак буқача оласиз. Бир ойдан сўнг 700-800 килограмм тош босадиган ҳўкиз етилиб турибди-да! Томорқада картошкангизнинг ҳар тупи 100-120 килограммдан тугунак беради. Бедани беш марта эмас, йигирма марта ўриб оласиз. Миттигина қўзичоқ ўн кунда 100 килограмм вазнга эга қўчқорга айланади...

Эҳ-ҳе!

Бу рўйхатни анча давом эттириш мумкин...

Чакки ихтиро бўлмайди, тўғрими?

Вой-вўй, роса осмондан келди-ку, дерсиз?

Ҳечам-да! Бундан каминага нима наф?

Аммо ихтироларимга патент олишга, давлат синовидан ўтказишга шошилмайман. Олдин бир-икки йил сабр билан ўзим тажриба қилиб, синайман, камчиликлари бўлса бартараф этаман. Ихтиро омадли чиқиб, ўзини оқласагина бу ҳақда ўйлаб кўриш мумкин...

— Қўявер, ойиси, аҳамият берма. Ҳозирча туғишганларимиз «портация аппаратини бузиб қўйиб бопладик, баттар бўл, алам қилсин, бизга йўқми, демак, сенгаям, йўқ. Сен олиммас — овсарсан», деб туришсин! Овсар дейишгани билан овсар бўлиб қолмайман-ку, тўғрими? Янги ихтиро ҳақида улар ҳали билишмайди. Агар билишса, уни ҳам туғилмасидан олдин ўлдирмоқчи бўлишади. Оғзинг бўшу аммо ойиси, мен сенга қаттиқ ишонаман. Кимдир туғишганларимниям чалғитиб туриши керак-ку?! Сен билан мен эса янги ихтиролар қилишда давом этамиз, нима дединг, ойиси? — дедим хотинимга. Кейин унга такомиллаштирилган портал билан боғлиқ юқоридаги кулгили воқеаларни сўзлаб бердим...

Эшитиб маза қилган хотинимнинг бир пайт оғзи тандирдай очилиб, ишшайди...

— Бўлди бу ёғига кулма! Ҳей, кулма дедим!.. Бўлди қил! Кулсанг, янги аппаратни ясамай қўяман!..

Хотинимнинг эсига тушди, шекилли, шартта икки қўли билан оғзини ёпди...

Нурпўлат НУРҚУЛОВ

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech