18 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7 °C

Воқеа-ҳодисалар
18 Окт  2019 518

Италияда Этна вулқонининг янги отилиши содир бўлди

Бугун Италия геофизика ва вулқоншунослик миллий институти (Ingv) мутахассислари томонидан сейсмик фаолликнинг сезиларли даражада ошиши билан бирга Этна вулқонининг янги отилиши қайд этилди, дея хабар беради РАА «Новости».

Олимлар маълумотларига кўра, магнитудаси 3,3 балга тенг бўлган ер силкиниши Италиядаги Сицилия оролининг шарқий соҳилидаги Катания провинциясида содир бўлган. Зилзила ўчоғи ер юзасидан тўққиз километр чуқурликда жойлашган. Мило, Дзафферан Этнеа ва Сант’Алфио аҳоли пунктларида ер ости силкинишлари кучли сезилган, қурбонлар ва вайроналар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Шундан сўнг вулқоншунослар Этнанинг яна отилишини қайд этдилар. Бу кичик портлашлар ва кулнинг жуда баланд кўтарилиши, вулқон бомбалари ва қайноқ тошқол парчаларининг кучли отилиши билан ажралиб турди.

Бу ҳодисалар юқори баландликда қайд этилганлиги сабабли, Катания халқаро аэропорти маъмурияти шаҳар устидаги ҳаво йўлакларини қисман ёпиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Шу муносабат билан аэропорт соатига фақат тўртта рейсни қабул қилади. Аэропортдан самолётларнинг парвоз қилиши чекланмаган ва жадвалга мувофиқ амалга оширилади. Бироқ ҳозирги вазиятда айрим парвозлар кечиктирилиши мумкин. Авиайўналишлардаги ўзгаришлар ҳақида барча маълумотлар аэропортнинг веб-сайтига жойлаштирилган.

Этна Европадаги энг баланд ва фаол вулқон ҳисобланади. 14 июлда Этнанинг жануби-шарқий ёнбағри юқори қисмидаги «янги кратер», деб номланган жойидаги отилиш натижасида ташқарига қайноқ лава, вулқон куллари отилган ва ўрта кучдаги ер силкинишлари кузатилган. Ўшандан бери вулқоншунослар бир неча марта камроқ кучга эга отилишларни қайд этган, уларнинг охиргиси жорий йилнинг 11 октябрида кузатилганди.

2013 йилнинг июнь ойида Этна ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. 2017 йилнинг мартида Сицилиядаги вулқон отилишидан ўн киши яраланганди.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech