22 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +39,6 °C

Саломатлик
16 Мая  2019 591

Инвесторлар ўзи истаган давлат тиббиёт муассасасига инвестиция киритиши мумкин

Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Хусусий тиббиёт тизимини ривожлантириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш масалалари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Таъкидланганидек, бу борада 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган устувор йўналишлар ижроси муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, хусусий соғлиқни сақлаш тизими, давлат-хусусий шериклигини ва тиббий туризмни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилади. Эътиборли томони, рақобатни шакллантириш, ихтисослаштирилган тиббий хизматларни ривожлантириш, хусусий шифохоналарни кўпайтиришга жиддий аҳамият бериляпти.

Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим қадам бўлди. Унга мувофиқ, хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисосликлар 50 тадан 126 тага кўпайди. Хусусий клиникаларга қатор молиявий имтиёзлар берилди. Бундан ташқари, лицензия олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилди, лицензия олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 5 бараваригача камайтирилди.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлигида Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармасининг ташкил этилиши ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди. Натижада, хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилиб, кўрилган чоралар туфайли 2018 йилда хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 889 тага кўпайиб, умумий сони 4670 дан ошди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тиббиёт соҳасида янги даврни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу ҳужжат давлат ҳамда хусусий секторларнинг бирлагикда ишлаши, инвесторларнинг Ўзбекистон ҳудудида, давлат секторида фаол фаолият юритиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Анжуманда айтилишича, эндиликда инвесторлар ўзларига қулай бўлган муҳитда, ўзлари истаган давлат тиббиёт муассасаларига инвестиция киритиш имкониятига эга. Хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади. Битимнинг амал қилиш муддати давлат ва хусусий шерик томонидан белгиланиб, бунда у уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги лозим бўлади.

Тадбирда маҳаллий тиббиёт муассасаларининг инфраструктурасини яхшилаш, тиббий жиҳозлар ва технологияларни халқаро талабларга мос равишда юксалтириш, кадрлар малакасини ошириш каби масалаларда сўз юритилди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech