09 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,6 °C

Ижтимоий ҳаёт
19 Мар  2020 567

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ҳамиша долзарб

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2020 йил 11 мартда янги коронавирус - COVID-19 вирусининг эпидемия ҳолатидан, яъни бир ҳудуд чегарасидан чиқиб, сайёрамизнинг 150 дан ортиқ мамлакатига тарқалиб улгурган пандемияга айланганини эълон қилди.

Жорий йилнинг 17 март ҳолатига кўра, бутун дунёда 183 мингдан зиёд бемор қайд этилган бўлиб, уларнинг 79 мингдан ортиғи тузалиб кетган, 7 минг 175 киши вафот этган. Ўлимларнинг асосий қисми Хитой (3 минг 226 нафар), Италия (2 минг 158 нафар) ва Эрон (853 нафар) ҳиссасига тўғри келмоқда.

БМТ Бош котиби А.Гутерриш жаҳон жамоатчилигини коронавирусга қарши курашишга даъват этар экан, «пандемия бизнинг инсоният оиласи барча аъзолари ўртасида мустаҳкам ва узилмас ришталар мавжуд эканинини кўрсатди» деб таъкидлади. Шу маънода, COVID-19 вируси янада кенг тарқалишининг олдини олиш инсониятнинг умумий ва якдил вазифаси экани алоҳида қайд этилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус  2020 йил 16 мартда COVID-19 вируси бўйича ўтказилган матбуот анжуманида ҳозирги даврда инсониятни  янада жипслашишга чақиради. У айни вақтда кечаётган вазият барчага бирлашиш имконини беришини таъкидлаган.

 Бугунги кунда Ўзбекистон Ҳукумати коронавирус инфекцияси мамлакатимиз ҳудудида кенг тарқалмаслиги учун барча зарур чораларни кўрмоқда.

Инсоннинг яшаш, соғлигини сақлаш ва ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчилик талаблари доирасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 16 мартдан ягона фавқулодда алоқа тизими (1003 рақамда) ишга туширилди. Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига қуйидаги рақам бўйича мурожаат қилиш мумкин: 71−276−49−66.

Айни чоғда, ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясига чалинган кишиларнинг шахсий маълумотларига доир ахборотлар ҳам тарқалгани кузатилмоқда. Ваҳоланки, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ,  бемор «тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши» ҳуқуқига эга.

Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қуйидаги чақириқларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратади:

- COVID-19 вируси тарқалишига доир вазият ва ундан ҳимояланиш чоралари бўйича маълумотлардан фойдаланишда ишончли ахборот манбаларига таяниш;

 - ўзаро ғамхўрлик кўрсатиш ва бирдамликни намойиш этиш, яқинлар ва қариндош-уруғлар билан доимий мулоқотда бўлиш;

- пандемияга қарши курашнинг бошида турган тиббиёт ходимларининг шу кунлардаги фидойи хизматларини ёдда тутиш;

- инфекцияга чалинганларга нисбатан, масалан, «коронавирус қурбонлари» каби ҳар хил «атамалар»ни қўллашдан тийилиш;

- инсонийликни намоён этиш: бинобарин, коронавирус қандайдир миллат ёки ирққа мансуб касаллик эмас; ушбу инфекцияга чалинганлар сизга ҳеч қандай ёмонликни раво кўрмайди – улар мададимиз ва ҳамдардлигимизга лойиқдирлар.

COVID-19 вируси – жамиятимизнинг жипслигини синайдиган ўзига хос имтиҳондир. Бинобарин, ҳар биримиз коронавируснинг тарқалишига қарши биргаликда аҳиллик билан курашиш асносида ушбу синовдан муваффақиятли ўтишни ўрганамиз ва зарур кўникмалар ҳосил қиламиз.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech