21 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,5 °C

Суҳбат
20 Дек  2018 3906

Ўзбекистон ташаббуси жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди

2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси ва ўтаётган йилдаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди, дейиш мумкин. Ушбу ҳужжатнинг ўзига хос хусусияти ва долзарблиги борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов билан суҳбатлашдик.

- Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат нафақат БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди, балки унинг Шимолий ва Жанубий Америка, Осиё, Африка ва бошқа минтақаларнинг 50 дан зиёд давлатлари билан ҳаммуаллифликда қабул қилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. БМТнинг Бош Ассамблеяси йиғилишида Қувайт, БАА, Марокаш, Уммон, Озарбайжон, Панама, Евроиттифоқ давлатлари делегациялари резолюцияни маъқуллаб сўзга чиқишди ва бошқа кўплаб мамлакатлар ушбу муҳим ва ўз вақтида қабул қилинган ҳужжат борасидаги ташаббуси учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик изҳор этишди. Бу Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ташаббуси глобал тавсифга эгалигидан далолат, негаки, унда тўхталиб ўтилган масалалар замонавий даъватлар ва таҳдидларга қарши курашишнинг самарали чора-тадбирларини излаб топишда дунёнинг барча мамлакатлари учун муҳим аҳамиятга эга.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклиф этган резолюциянинг долзарблиги нимада?

- Бугун дунёда тинчликни сақлаш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Аммо бунда шуни ҳам тан олиш керакки, ҳатто, энг қудратли қурол ҳам барқарорликни кафолатлай олмайди, негаки, бугунги бузғунчи кучлар очиқ кураш усулидан кўра, асосан, аҳолининг заиф қисмига қаратилган мафкуравий ҳужумлардан фойдаланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида исломнинг асл моҳиятини бузиб кўрсатадиган, айниқса, ёшлар ўртасида, зўравонлик ва жаҳолатни тарғиб қилувчи мафкуравий «вирус» тарқалаётганидан ташвишда эканини билдириб, бу борада махсус резолюция қабул қилишни таклиф этди. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, унинг қабул қилиниши нафақат тарихий воқеа бўлди, балки халқаро ҳамжамият томонидан ушбу ташаббуснинг долзарблиги, ва шунингдек, Ўзбекистон Президентининг олиб бораётган ички сиёсати ҳам тан олинди. У барча мамлакатларга диний эркинлик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасида концептуал ҳужжат сифатида хизмат қилиши мумкин.

Сайёранинг барча аҳолисини бағрикенгликка ва диний эркинлигини таъминлашга, жаҳолатга барҳам беришга қаратилган мазкур ҳужжат асосида Ўзбекистоннинг дин борасидаги тажрибаси ётади. У барчанинг таълим олишига имкон яратиш, саводсизликка барҳам бериш ва маърифатни тарқатишни ўз олдига мақсад қилган. Унда бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат, диний эркинликни таъминлаш, диндорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликда ҳамкорлик қилиш таклиф этилади. Фан ва маданият воситалари орқали мамлакатлар билан ҳамкорликни кенг қулоч ёйдиришда ЮНЕСКО алоҳида аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбари ташаббусининг ўзига хослиги шундаки, у дин ёки эътиқодга асосланган муросасизлик ва камситилишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги Декларация мақсадлари ҳамда тамойилларини амалга оширишда ягона позицияни сақлаб қолишга чақиради. Шунингдек, бағрикенглик ва тинчлик маданиятини рағбатлантириш борасидаги глобал мулоқотни йўлга қўйиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.

Айнан, дин ва эътиқод ниқоби остидаги тоқат қила олмаслик ва камситишларнинг сақлаб қолиниши диний экстремистлар ва террорчилар фаолияти учун майдон ҳосил қилишини ҳам эслатиб ўтиш ўринли. Бундан ташқари, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларининг жадал кенгайиб бориши шароитида турли радикал гуруҳлар аҳолининг радикаллашуви учун замин ҳозирлаш мақсадида ўз мафкурасини тарқатишда интернет ресурслардан фойдаланмоқда.

Бунда ўзбек томони БМТга аъзо давлатларга халқаро ва миллий ОАВда кенг миқёсли ахборот-тарғибот кампанияларини ўтказишни назарда тутадиган коммуникацион стратегия ва бағрикенглик масалалари, зўравонликдан воз кечиш, дин ва эътиқод эркинлиги бўйича маърифий ахборотларни тарқатишни таклиф этди.

- Бу йўналишда мамлакатимиз қандай тажрибага эга?

- Ўзбекистон ўз географик ва геосиёсий жойлашувига кўра, турли цивилизация ва маданиятлар кесишадиган ҳамда мулоқотга киришадиган жойдир. Евроосиё минтақаси марказида жойлашган юртимиз Шарқ ва Ғарбни боғловчи бўғинга, турли халқлар ва элатлар вакилларининг доимий учрашувлари ўтказиладиган жойга айланди. Азалдан ушбу ҳудудда турли диний тизимлар ва эътиқодлар мавжуд бўлган. Хусусан, исломгача бўлган даврда бу маскан буддизм, зардуштийлик, манихейлик ва бошқа динларнинг тарқалишида муҳим роль ўйнаган. Ўзбек халқининг диний-фалсафий тафаккури эволюциясига турли динлардан ўзлаштирилган маънавий-ахлоқий ғоялар, хусусан, тинчликсеварлик, инсонпарварлик, муросалилик ва атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни англаш ҳам таъсир кўрсатган. Марказий Осиёнинг олиму уламолари, хусусан, Имом Бухорий, Исо ат-Термизий, Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбандийларнинг асл ислом дини билимларини тарқатишдаги хизматлари улкан. Ўз асарларида ҳам диний бағрикенглик ғояларини илгари суришган. Улар мусулмон оламида ҳақли равишда алоҳида ўринга эга.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини, шу жумладан, диний эътиқод эркинлигини таъминлаш асосларини қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйишга алоҳида эътибор берилмоқда. Конституциямиз ҳам виждон ва эътиқод эркинлигини кафолатлайди. Миллий қонунчилик тизими мамлакатимиз ҳудудларида истиқомат қилувчи 16 конфессия вакиллари учун теппа-тенг шароитлар яратган. Бунинг муҳим жиҳати, бирор дин ва диний эътиқодга бошқа конфессияларга нисбатан устунлик бериш ёки чеклаб қўйишларга йўл қўйилмаганидир.

Бугун мамлакатимизда диний бағрикенглик тўғрисидаги маърифий ахборотлар тарқатилиши, диний камчиликни ташкил этувчи шахсларнинг ўз динига эркин эътиқод қилиши ва уларнинг ҳуқуқлари таъминланиши бўйича кенг кўлмали ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналиш борасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини мисол келтириш мумкин. 2018 йилда Президентимизнинг фармойиши билан ушбу органнинг янги таркиби тасдиқланди. Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган диний конфессиялар вакиллари ҳисобига уларнинг сони 9 тадан 17 та аъзога кенгайди.

Кенгашнинг асосий вазифасига Ўзбекистондаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳолатини муҳокама қилиш ва давлат органи ҳисобланган, виждон ва дин эркинлиги, уларнинг динидан қатъи назар тенглиги борасида фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш масалаларини ҳал этиш ваколатига эга Дин ишлари бўйича қўмитага тавсиялар бериш киради.

Ислоҳотларнинг диний эътиқодларга барча шароитларни яратиб бериш қисми ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда юзлаб мачит ва ибодатхоналар қурилди ва таъмирланди, 2250 га яқин диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Тақводорларга муқаддас жойларга зиёратга бориш учун кенг имкониятлар яратилган. Хусусан, ўтган давр ичида 123 минг мусулмон Ҳаж амалларини ўтаб қайтди, 100 мингдан зиёди Умра зиёратини амалга оширди, 2 мингга яқин христиан Россия, Греция ва Исроилга зиёратга бориб келди.

Резолюцияда ёшларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратилган. Президентимиз фармони билан Тошкент ислом университети ва Ислом академияси базасида Халқаро ислом академияси барпо этилди. Бу йилдан ўқув маскани хорижлик талабаларни ҳам қабул қила бошлади.

Дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар биринчи навбатда динлар учун шароитлар яратиш ва тақводорларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, мамлакатда диний муҳитни соғломлаштиришга йўналтирилган.

Аҳолини дерадикаллаштиришда йиғилиб қолган муаммоларнинг илмий асосланган ечимларини топишга алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга ёндашувлар концептуал тарзда қайта кўриб чиқилди. Бунда, аввало, ўғил-қизларимизнинг ҳуқуқий маданияти ва маънавий-диний маърифатни оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Ана шу мақсадда Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ва Ислом цивилизацияси марказлари ташкил этилган. Уларнинг фаолияти ёш авлодни ислом динининг асл моҳиятини тушунтириш ва ўтмишдаги буюк илоҳиёт олимларининг бой мероси билан таништиришга қаратилган.

Бугун мамлакатимизда юзага келган миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик – ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш учун пойдевордир.

- Бундай ўзгаришларни хорижий экспертлар қандай баҳоламоқда?

- Бугун Ўзбекистонда динлараро тотувлик ва диний эркинликни таъминлаш борасида эришилаётган ютуқларни дунё тан олмоқда. АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг «алоҳида хавотир уйғотадиган давлатлар рўйхати»дан Ўзбекистоннинг расман чиқарилиши ҳақидаги қарори бунинг исботидир. Глобал жалб этиш институти раҳбари Крис Сайплнинг сўнгги 20 йил ичида АҚШ Давлат департаменти томонидан бундай рўйхатдан чиқарилган давлатларнинг иккинчиси Ўзбекистон бўлгани ҳақидаги баёнотини ҳам назардан четда қолдирмаслик лозим.

АҚШ Ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти (CACI) раиси Фредерик Старр ва мазкур институт директори Сванте Корнеллаларнинг баҳо беришича, Ўзбекистоннинг айни дамдаги олган сиёсий йўналишини амалга ошириш мусулмон олами учун янги йўналишлару моделларга муҳим ва бемисл асос бўла олади.

Жаҳон ҳамжамияти эса, исломнинг асл қадриятлари ҳамда анъанавий ислом маданияти ва дунёқарашини аҳолига етказиш бўйича олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларга қаратилган. Бунда ижтимоий реабилитацияга, шунингдек, экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган ва ўз хатосини тушуниб етган кишиларнинг нормал ҳаётга қайтишига қизиқиш катта бўлмоқда. Бу вазиятда 2017-2018 йилларда радикал диний оқимлар тарафдорлари бўлган ёки улар таъсирига тушиб қолган 20 мингдан зиёд кишининг ҳисобдан чиқарилгани жуда муҳимдир. Илгари диний-экстремистик ташкилотлар аъзоси бўлган 21 минг фуқаро оиласининг ижтимоий аҳволи ўрганилди ҳамда уларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, БМТ Бош Ассамблеясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилинишини ва унинг, айнан, Ўзбекистон томонидан таклиф этилиши юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берилганининг далолати эканини яна бир бор таъкидламоқчиман. 

Нафиса Абдухолиқова,
ёзиб олди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech