23 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,2 °C

Яшил сайёра
18 Дек  2018 1281

Уммон олдида турсанг ҳам...

Марказий Осиёда содир бўлаётган экологик муаммоларнинг 90 фоизи сув билан боғлиқ, дейилганда биргина Орол денгизи назарда тутилмайди, албатта. Бу йил Ўзбекистон ҳудудларида, жумладан, Навоий вилоятида ҳам сув тақчиллиги кучли сезилди. Мутахассисларнинг башорат қилишларича 2025 йилга бориб дунё аҳолисининг учдан бир қисми кучли сув танқислиги шароитида яшай бошлайди. Хўш, ушбу қимматли табиий неъматдан қандай тежаб-тергаб ва оқилона фойдаланиш мумкин? ОАВ вакиллари ва эколог-экспертлар ана шу саволга жавоб қидириб кўришди.

Бу «UzWaterAware» сув масалаларидан хабардорлик лойиҳасини амалга ошираётган Европа Иттифоқи молиявий кўмагида Журналистларни қайта тайёрлаш ва Марказий Осиё Минтақавий экология марказлари томонидан Навоийда ташкил этилган семинар-тренингнинг бош мавзусига айланди.

Тренинг иштирокчиларига таклиф этилган ўқитишнинг интерфаол шакли бошданоқ очиқ-ошкора муҳокама, баҳс-мунозараларга туртки берди. Семинарнинг дастлабки куни Ўзбекистонда сув сиёсатининг ўта муҳимлиги ҳақида гапирилди. Марказий Осиё мамлакатлари ичида республикамиз аҳоли жон бошига сув истеъмол қилиш бўйича ўртача кўрсаткичга эга – 1 кишига салкам 2000 кубометр сув. Бу, масалан, Туркманистондагига қараганда икки баравар кам. Бироқ дунёда ўртача сув истеъмол қилиш кўрсаткичидан уч баравар кўпдир. Сувнинг анча арзон туриши сабабли унга гўёки битмас-туганмас ресурсдек муносабат кўрсатилмоқда.

Бундай ресурслардан нооқилона, ўринсиз фойдаланиш билан боғлиқ экологик фалокатлар инсониятни ўйлашга ва табиат билан ҳисоблашишга мажбур этади. Аниқланишича, 1 килограмм дон етиштириш учун 1000 литр, 1,5 килограмм гўшт етиштириш учун – 1,5 миллион литр сув сарф бўлар экан. 1990 йилга қадар Ўзбекистонда турли эҳтиёжлар учун сув истеъмоли 64 миллиард кубометрни ташкил этган бўлса 2008 йилдан кейин бу кўрсаткич 51 миллиард кубометрга тушди.

Сувдан оқилона ва тежаб-тергаб фойдаланиш масаласи, аввало, ушбу табиий неъмат, обиҳаётга бўлган муносабатни шакллантириш зарурлигига бориб тақалади. Экспертларнинг айтишича, сувни тежаб-тергашни болаликдан сингдириб бориш зарур.

Тадбир иштирокчилари ҳудуднинг сув тақчиллиги билан боғлиқ муаммоларини кенг ёритиш стратегиясини ишлаб чиқди, уни илгари суриш, самарали амалга ошириш ва кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш механизмлари муҳокама қилинди.

Дилфуза Ғуломова.

«Правда Востока»нинг ўз мухбири.

Навоий вилояти

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech