16 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,1 °C

Мамлакатимизда
9 Июл  2019 791

ИИВ ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар бўйича расмий муносабат билдирди

7 июль куни ижтимоий тармоқларда Ёзёвон тумани Ички ишлар бўлими собиқ ходими Азизжон Юсуповни ички ишлар органларидан ноҳақ бўшатиб юборилганлиги ҳақида журналист билан бўлган суҳбати тарқалди. Ички ишлар вазирлиги ана шу суҳбат бўйича расмий муносабат билдирди.

Аниқланишича, Азизжон Юсупов Ёзёвон тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспектори (бўшатилгунга қадар капитан унвонида бўлган) лавозимида ишлаган.

У ички ишлар органларида 2005 йилнинг июль ойидан 2019 йилнинг январь ойига қадар хизмат қилган. А.Юсупов хизмат фаолияти даврида ўзини фақатгина салбий томондан кўрсатиб, ёмон ҳулқи билан соғлом муҳитга таъсир кўрсатиб келган. Иш фаолияти давомида мунтазам равишда хизмат интизомини бузганлиги учун, унга нисбатан 10дан ортиқ хизмат текширувлари ўтказилиб, бир неча марта интизомий жавобгарликка тортилган. Бироқ, А.Юсупов булардан ўзига тегишли хулоса чиқармаганлиги сабабли, 2018 йилнинг 3 декабрь куни Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида ўтказилган Аттестация комиссиясининг хулосасига асосан ички ишлар органларидан бўшатилиши тўғрисида қарор қабул қилинган.

А.Юсупов журналистга берган интервьюсида, бўлим бошлиғи Х.Тошпулатов онасидан сўкканлиги ҳолати бўйича А.Юсупов юқори турувчи ташкилотларга ўз вақтида мурожаат қилмаганлиги сабабли унинг важларини ўрганиш имконияти бўлмади. Шунингдек, интервьюда А.Юсупов 2018 йил август ойида фуқаролик судига чақиртирилганида, туман ИИБда мажлис бўлганлиги, эртаси куни бўлим бошлиғи Х.Тошпўлатов чақиртириб, “нега келмадинг” деб ёш кадрлар орасида шахсиятига текканлиги ва шу сабабли бошлиғига бақириб юборганлигини айтган. Аниқланишича, А.Юсупов 2018 йилнинг август ойида Ёзёвон тумани ИИБда йиғилиш ўтказилганида, ўз раҳбариятига ахборот бермасдан, ушбу йиғилишга қатнашмаганлиги сабабли, Х.Тошпўлатов томонидан унга эътироз билдирилганда, Риштон тумани фуқаролик судига борганлигини важ қилиб, ўз раҳбарларига нисбатан носамимий муносабатда бўлган. Ваҳоланки, ходимнинг хизмат жойидан бошқа жойга бориши бевосита раҳбарининг рухсати билан амалга оширилади. Ушбу ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, А.Юсупов раҳбар ва ходим ўртасидаги муносабатларини белгиловчи нормаларга зид равишда ҳаракат қилганлиги сабабли, унга интизомий таъсир чораси кўрилган.

А.Юсупов ҳуқуқшунослик маълумотига эга бўлиб, ҳуқуқи бузилган тақдирда вилоят ИИБ ёки ИИВ раҳбариятига мурожаат қилиши мумкинлигини яхши билади. Бироқ, ушбу ҳолатлар бўйича бирор жойга мурожаат қилмаган. Шунинг учун А.Юсуповнинг ушбу важларини ҳам асосли деб бўлмайди.

А.Юсупов журналист билан суҳбатда, раҳбари томонидан унинг хизмат ҳудуди ўзгартирилганидан сўнг соғлиги ёмонлашиб, шифохонада даволанганлиги, шу сабабли вилоят ИИБ бошлиғи ҳузурида ўтказилган йиғилишда Х.Тошпўлатов уни сабабсиз келмаган деб хабар бергани ҳақида гапирганлари ўрганилди. Ички ишлар органларида ўрнатилган амалдаги тартиб бўйича ходим касал бўлса, бевосита раҳбарларга маълум қилган ҳолда тиббиёт муассасаларида даволаниши кўрсатиб ўтилган бўлишига қарамасдан, А.Юсупов хабар бермаган ва 2018 йил 12 сентябрь куни бошқарма бошлиғи ҳузуридаги йиғилишда қатнашмаган.

А.Юсупов интервьюсида аттестация комиссиясига икки-уч кун олдин хабар берилиши керак бўлганлиги, бироқ, аттестацияга бормаганлиги, кейинчалик туман ИИБ бошлиғи Х.Тошпўлатов уни қора рўйхатга тиркаб берворганлиги, оқибатда уни ишдан бўшатишганлиги бўйича келтирган иддаоси ҳам ўрганилди. Ички ишлар органларида ўрнатилган тартиб бўйича тизимда ишловчи ходимларни юқори лавозимга қўйиш, унвон бериш ва интизомий чораларни қўллаш мақсадида, улар Аттестация комиссиясига қўйилиши кўрсатилган. Аттестация комиссиясида қарор коллегиал тартибда қабул қилиниб, ҳеч қандай адоватли ҳолатларга йўл қўйилмайди. А.Юсуповнинг Фарғона вилояти ИИБ Аттестация комиссиясига қўйилишига, унинг мунтазам равишда хизмат интизомини бузганлиги ҳамда қўлланилган чоралардан ўзига тўғри хулоса чиқармаганлиги асос бўлган. Шунингдек, Ёзёвон тумани ИИБ раҳбарияти А.Юсуповни Аттестация комиссиясига қўйилганлиги ҳақида расмий равишда огоҳлантириб, ушбу ҳолат фотосуратга олинган, лекин А.Юсупов Фарғона вилояти ИИБнинг Аттестация комиссиясига нисбатан ҳурматсизлик қилиб, икки маротаба сабабсиз равишда қатнашмаган ва шу сабабли, у меъёрий ҳужжат талабларига кўра ички ишлар органлари сафидан бўшатилган.

Журналистлар ва блогерлар уларга келган мурожаатни тарқатишдан олдин фақат бир томоннинг фикри билан чекланмасдан, иккинчи томоннинг ҳам фикрини инобатга олсалар яхши бўларди. Шунда холис материал тайёрлаган, ижтимоий тармоқлар орқали Сизнинг материалингиз билан танишган фойдаланувчиларнинг фикрини чалғитмаган ва қонун доирасида амалга оширилган ишларни ёритишда фойдангиз теккан бўларди, дейилади ИИВ маълумотида.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech