21 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,9 °C

Маданият
12 Дек  2018 538

Ҳаммаси инсон ҳақида ва инсон учун

Унинг ғоялари бугун ҳам долзарб, янги...Таниқли журналист ва ёзувчи Аҳмаджон Мелибоев иккита «Чингиз Айтматов: давр, инсон, ҳақиқат» ҳамда «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» тўпламини кенг китобхонлар ҳукмига ҳавола этди.

Унинг ғоялари бугун ҳам долзарб, янги...Таниқли журналист ва ёзувчи Аҳмаджон Мелибоев иккита «Чингиз Айтматов: давр, инсон, ҳақиқат» ҳамда «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» тўпламини кенг китобхонлар ҳукмига ҳавола этди.

Айтматов ҳақида жуда кўп айтилган ва ёзилгандек гўё. Келажак одами, жамоат арбоби, ва албатта, буюк ёзувчи. У олам тараққиётини эзгулик ва хотиржамликда кўрган, жинслар тенглиги ва урушларнинг бемаънилиги мавзусини кўтариб чиққан. Кўпчилик қўшилмаса-да, ўз фикри ва қарашларида собит қолиб, жамики энг улуғ инсоний туйғуларни тарғиб этган. Асарлари ҳам ўзига ўхшарди – инсон ҳақида ва инсон учун. Содда ва тушунарли тилда қалам тебратарди. Асарларини мутолаа қилганда худди сизни ва ғам-андуҳларингизни чуқур ҳис этадиган, яхши биладиган яқин кишингиз билан суҳбатлашаётгандек бўласиз.

Шунингдек, Айтматов сиймоси англаб бўлмас даражадаги жумбоқ ҳам эди. Тириклигидаёқ асарларидан иқтибослар келтириларди, инсон руҳияти билан таништирувчи қўлланма сифатида ўрганиларди. Гўёки у барча мураккаб фалсафий саволларнинг жавобини биларди ва камтарлик ила, ортиқча жимжимасиз китобхон билан баҳам кўрарди. Ёзувчининг биз билмаган қирралари ҳали-ҳануз очилишда давом этмоқда. Китобхонлар эътиборига ҳавола этилаётган икки тўплам ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади.

Ушбу нашрлар давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 апрелдаги «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қароридан сўнг чоп этилди. Унинг пунктларидан бирида таниқли адиб ҳақида китоблар тайёрлаш назарда тутилган.

Биринчи тўпламдан Чингиз Айтматовнинг роман, ҳикоя, бадиий, ижтимоий ва публицистик мақолалари, нутқлари ўрин олган. Уларга А.Мелибоев томонидан шарҳлар келтирилади.

Иккинчиси эса, нафақат ёзувчининг ижод йўли, балки унинг юртимиз билан жипс боғлиқ тақдири ҳақида. Ундан Чингиз Айтматовни яқиндан биладиган, танийдиган кишилар сўзлаб берган воқеалар, ёзувчининг дунёни ўзгартириш, ўз уйи – Марказий Осиёни янгиланиши, яхшиланиши ҳақидаги буюк орзулари ўрин олган.

Мазкур икки китобнинг нашр этилиши ўзбекистонликларнинг ёзувчини унутмаслигини ва унинг бебаҳо меросини асраб-авайлашини англатади. Чингиз Айтматов ғоялари ҳалиям долзарб ва янги, уларнинг кенг тарғиб этиш эса, юртимиз келажагига улкан ҳисса қўшиши, шубҳасиз.

Сабина Алимова.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech