21 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,8 °C

Маданият
3 Авг  2019 1209

Ҳилол Насимов: «Яхши режиссёр бўлиш учун яхши актёр бўлиш ҳам керак»

Бешафқат умидсизлик, бахт ва чуқур қайғу, тавба-тазарру бу ҳали таниқли режиссёр ва сценарий муаллифи Ҳилол Насимов фильмларини томоша қилувчи томошабин бошдан кечирадиган ҳис-туйғуларнинг тўлиқ рўйхати эмас. Одам савдоси ва диний экстремизм фильмларининг етакчи мавзулари бўлиб, кинонинг нафақат тарбиялашга, балки ҳаётда ҳам ёмон йўлдан қайтаришга қодирлигига Насимовнинг ишончи комил. У билан суҳбатимиз ижодий фаолиятида янги уфқлар ва умуман, соҳани ривожлантириш истиқболлари ҳақида кечди.

Тошкент театр ва рассомчилик институти битирувчиси 1987 йилда «Ўзбекфильм» студиясида режиссёр ассистенти сифатида санъат дунёсида ўз фаолиятини бошлади. Ўшандан бери бирор марта ҳам танланган касбини ўзгартирмаган, ҳамиша ўз иши билан кино томошабинни тарбиялашнинг энг муҳим воситаларидан бири эканини исботлаб келади.

У жамиятда катта акс садо берган кўплаб сценарий муаллифи, ҳаммуаллифи ва режиссёри бўлди. Сўнгги йилларда Насимов томонидан суратга олинган фильмлар сирасига «Адашганлар», «Одноклассники.ру», «Тубанлик», «Муқаддас бурч», «Алданган аёл» ва бошқаларни киритиш мумкин. Унинг суратга олган киноасарлари «DetectiveFEST» ва «Киношок» халқаро фестиваллари, «Эътироф» миллий мукофотларига сазовор бўлган. Шунингдек, у катта экранда жуда кўп роллар ижро этган.

Унинг қаҳрамонларини бир нарса бирлаштиради - хаёлий бахтга эришиш учун ўзга юртларга кетишади, у ерларда эса, бошқа одамларнинг манфаатлари ва мақсадлари йўлида алданганларини тушунадилар. Кейин тавба қилиш ва уйга қайтиш йўли унданда қийин бўлади. Насимовнинг фильмлари ўз жонажон ва қадрдон уйи, гўшаси, адашганлари сабаб «бошқа томонда» бўлиб, баъзан нималар қилаётганини билмайдиган айрим юртдошларимизнинг ҳақиқий фожиали хатоларини кўтариб чиқади. Масалан, режиссёрнинг айтишича, «Алданган аёл» фильми аҳил ва мустаҳкам оилага эга олий маълумотли, аммо зарарли, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ўқимишли ватандош аёл ҳақида ҳикоя қилади. Ана шу ёт ғоялар таъсирида у болалари ва эрини унутади, тутқунликда хор-зор бўлади, хўрланади ва ёлғон тушунчалари сабаб  шу куйларга тушиб қолгани учун ўзини лаънатлайди. У жонига қасд қилиб ўзини портлатиб юбориши керак эди, лекин ўзига ўхшаган бошқа қизларни кўрганида, кучли шокка тушди. Охир-оқибат қочиб қутулишга муваффақ бўлади, аммо оиласига қайтиб боришга журъати етмайди.

– Агар «Ажал жодуси» фильми ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда экстремизм билан бир қаторда яна бир ўта муҳим мавзу ҳам кўтарилган, – дейди режиссёр. – Биз дабдабали тўй қилишга ўрганганмиз. Аммо буни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди, натижада, бўйнигача қарзга ботиб кетишади. Қарзлардан қутулиш учун фильм қаҳрамонлари – ота ва ўғил бошқа мамлакатга жўнаб кетади. Аммо у ерда экстремистларнинг таъсири остида қоладилар ва охир-оқибат ҳалок бўладилар. Яна бир «Ҳаёт» фильми ҳам ана шу мавзуга бағишланган ва ҳақиқий ҳаётий воқеаларга асосланган. У Ватанни жиноятчилардан ҳимоя қилган 22 дан 27 ёшгача бўлган 26 жангчи ҳақида ҳикоя қилади. Улардан баъзиларининг умр йўлдошлари, кичик фарзандлари чирқираб қолишди, бошқалари оила қуришга улгуришмаган ҳам эди, ҳатто.

Аммо Ҳилол Насимовнинг барча асарлари ҳам фақат битта ана шу муаммога бағишланмаган. Унинг учун ўз қувончу ташвишларига эга, ҳаётнинг қийинчиликлари ва ундаги тўқнашувларда ҳам руҳий мувозанатни йўқотмасликка ҳаракат қиладиган, яхшилик ва ҳақиқат йўлини қидирадиган оддий одам образи ғоят қизиқ. Бунга ана шундай қаҳрамонга эга «Ёдгор» фильмини мисол келтириш мумкин. Картина Ғафур Ғулом ҳикояси асосида суратга олинган ва чинакам халқона персонажлар, миллий колорит акс этган.

– Киноасарни ҳозирги замон воқелигига мослаштирдик, негаки унда 1930 йиллардаги воқеа-ҳодисалар акс этади. Унда масалан, бир кишининг хотинини талоқ қилиши эпизоди ҳам бор. Бу энди улар ортиқ эр-хотин эмаслар дегани, – дейди режиссёр. – Гап фақат бунда ҳам эмас. Умуман олганда, бугунги томошабин дунёқараши бутунлай бошқача. Сценарий буюк ёзувчининг қизи Олмос опа билан келишилган. Опа асарнинг янги қирраларини топа олганимиз учун уни маъқуллади ва ҳатто, мақтади ҳам. Фильмни томошабинлар яхши кутиб олганидаги қувончимизни кўрсангиз эди. Бош қаҳрамонни онаси тақдир ҳукмига ташлаб кетади, уни бошқа оилада ўз туғишган жигаргўшасидай тарбиялашади. Орадан етти йил ўтгач, онасининг ташлаб кетган боласини кўргиси келиб қолади. У болага бошқа биров орқали уни ҳимоя қиладиган тумор бериб юборади, лекин ўзи билан учрашишга журъати етмайди. Мен унинг тавбасини эмас, балки ўз фарзандининг тақдирини иккинчи марта ҳам бузишни истамаслигини ҳам кўрсатишни истадим, чунки бола бошқа одамларни отаси ва онаси деб ҳисоблайди.

Аммо «Пўшт, арава!» фильмида митти инсон фожиаси биринчи ўринга чиқади. Режиссёр оддий аравакашнинг ҳам кўнгли, орзу-ҳаваси ва ҳис-туйғулари борлигини, унда ҳам ўз ҳаётини ўзгартириш истаги мавжудлигини кўрсатмоқчи бўлган. Аммо бундай одамларнинг фожиаси - ёпиқ доирадан чиқиб кетишга, аввало, уларнинг дунёқараши тўсқинлик қилади.

– Санъат халққа хизмат қилиши керак, деб ҳисоблайман, – дейди Ҳилол Насимов. – Мен жамиятдаги оғриқли муаммоларни кўрсатиб бериш учун янги фильм суратга олишга арзийдими-йўқми, деб ҳеч қачон иккиланиб ўтирмайман. Ва бугун, таъкидлаш керакки, томошабин ҳам анча танловчан бўлиб қолган. Уларни энди комедия, болалаб кетган турли мелодрамалар билан жалб қилиб бўлмайди. Улар «оғир» фильмларга тушадилар.

Айни пайтда суҳбатдошимиз «Улуғ салтанат» китоби муаллифи, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али билан «Буюк Темур» фильми устида иш олиб бормоқда. Унга параллель равишда Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан яна бир қизиқарли лойиҳа тайёрланмоқда. Икки халқнинг кўп асрлик дўстлигини тараннум этувчи «Мерос» фильмини суратга олиш бошланди. Ҳ. Насимов томонидан ёзилган сценарий Туроб Тўланинг «Етти зоғора» ҳикояси сюжетига асосланган.

– Асарда машҳур сўфий Хўжа Аҳмад Яссавий яшаган даврлар тасвирланган, биз қаҳрамонларни XX асрга, иккинчи жаҳон уруши даврида кўчирдик, – дейди режиссёр. – Буюк мутафаккирнинг таржимаи ҳоли аниқ маълум эмас, лекин у ҳақида кўплаб афсоналар мавжуд. Фильмда Қозоғистон ва республикамизнинг таниқли актёрларидан фойдаланамиз. Бундан ташқари, бу ёшларга ҳам ўзини намоён қилиш учун имконият бўлади.

Бугун давлат томонидан миллий кино ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилмоқда. Жаҳон даражасига эришиш учун соҳани ривожлантириш борасида кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди. Суҳбатдошимиз ҳам ушбу эзгу ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқитувчиси сифатида тўплаган тажрибасини ёшларга етказмоқда.

– Устоз сифатида айтишим мумкинки, – дейди суҳбатдошимиз, – бугун талабаларга давлат томонидан 63 миллион сўмлик грантлар ажратилмоқда. Ўйлайманки, бу ўзини кўрсатиш, истеъдодини намоён қилиш учун етарли. Бундан ташқари, ҳар йили янги бошловчилар ўз ишларини тақдим этишлари учун «PROlogue» халқаро фестивалини ташкил этяпмиз. Кўпчилиги аллақачон Хитой, Малайзия, Ҳиндистондаги амалиёт ўтаб қайтган ҳам. Шогирдим Ҳасан Алиевнинг БДКИ («ВГИК»)га кирганини ҳам катта ютуқ деб ҳисоблайман, унинг таълимини «Ўзбеккино» миллий агентлиги тўлаб беради. Шунингдек, шогирдларим Мафтуна Алиқулова, Санжар Султонов, Достон Ҳожиматовлар халқаро талабалар кинофестивалларида бир неча бор совринларни қўлга киритдилар.

Сиз нафақат режиссёрлик ишлари билан, балки актёр сифатида ҳам таниқлисиз «Эгизаклар», «Саламандра изи» («След саламандры») ва бошқа шу каби шов-шувли фильмларда суратга тушгансиз. Уларнинг қайси бири сизга яқинроқ?

– Талабаларимга доим яхши режиссёр бўлиш учун яхши актёрлик маҳоратига эга бўлиш ҳам керак, деб айтаман. Илгари кўпгина танқидчилар мени актёр сифатида қабул қилишмаган. Бугун вазият ўзгарди, – дейди у жилмайиб.

Муносиб кинони қандай кўрасиз?

– Бу, аввало, – томоша. Лекин томоша билан ғоя ўртасида олтин ўрта бўлиши керак. Агар тарбия берувчи роли бўлмаса, бу санъат эмас. Учувчиларда маълум бир баландлик чегараси мавжуд бўлади, режиссёрларда эса бундай чеклов йўқ. Чинакам сифатли ва шунга яраша актёрлар ижроси бўлган комедияларни суратга олишни истардим. Яна бир орзуим - жиддий тарихий фильмлар яратиш. Бу мавзуга талаб юқори, томошабин миллий тарихимиз ва қаҳрамонларимизни билишни хоҳлашади.

Оксана Кадишева.

Музаффар Абдуллаев сурати.

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 3 августдаги 155-сонида «Хилол Насимов: курс на высоту» сарлавҳаси билан чоп этилган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech