12 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7,4 °C

Мамлакатимизда
19 Ноя  2019 393

Халққа “буюрмаган” бойлик ёхуд Амир Олимхоннинг йўқолган хазинаси ҳақида нималар маълум?

Маълумки, Ватанимиз тарихида жуда кўп сулолалар, давлатлар, хонлигу амирликлар бўлган. Улар ўз ҳукмронлиги даврида муайян хазинага эга бўлган. Тарихий манбаларда юртимиздаги энг охирги монархия – Бухоро амирлиги ҳам ўз даврида катта хазинага эга бўлгани қайд қилинади.

Амирликнинг маҳв этилиши


1756 йилдан 1920 йилга қадар манғитлар сулоласи бошқарувида ҳукм сурган Бухоро амирлиги бир неча йил давом этган ҳарбий ҳаракатлар, урушлар ва музокаралар сўнгида 1868 йилда Чор ҳукуматига вассалликни қабул қилган, унинг протекторати остида ярим мустақил давлат мақомини олган эди. 1917 йилда февраль инқилобидан сўнг Бухоро амирлиги тўла мустақил деб эълон қилинади. Март ойида “Ёш бухороликлар” ҳаракати аъзолари амирга қарши манифест ўтказадилар. Қизил армия кўмагида бир неча бор ҳукуматни қўлга олишга интиладилар. 1920 йили Туркистон фронти раҳбари Фрунзе ва амир ўртасидаги музокаралар кутилган натижани бермагач, 1920 йил 30 августда қизил армия томонидан амирлик батамом тор-мор этилади.

Тарихчиларнинг ёзишича, ўшанда Бухорода “кичик қиёмат” бошланади. 11 та аэроплан ёрдамида шаҳар бомбардимон қилинади. Пиёда қўшинлар ҳамма ёққа ўт қўйиши, пулемётлардан узлуксиз ўқ ёғдириши натижасида 34 та гузар, 6 мингга яқин дўкон ва ҳовли, 20 га яқин сарой, 29 масжид ёниб кул бўлади. Минглаб бегуноҳ одамлар қирилади.

Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон 1920 йил 1 сентябрь куни Бухорони тарк этишга мажбур бўлади.

Барча уринишлар зое кетди...


Амирнинг ўз ватанини тарк этиши ҳақида шу пайтгача турли узуқ-юлуқ гаплар, афсоналар, миш-мишлар юради. Айтишларича, қизил армия қўшинлари томонидан мағлуб этилгач, у бутун хазинасини от-уловларга юклаб, ярим кечаси Бухородан чиқиб кетган. Амирнинг битмас-туганмас хазинасини ўнлаб қоровуллар қўриқлаб боришган.

Карвон Ҳисор тоғ тизмалари орасида, Бугунги Тожикистон ҳудудидаги бир ғорга ўта усталик билан беркитилади. Амирнинг ўзи барча одамлари билан жанубга – Афғонистон томон юришни давом эттирган. Йўлнинг ярмига борганда амирнинг ишончли одамларидан бири Даврон дарвиш унинг бир нечта қуролли ёрдамчилари хазинани яшириб чиққан одамларни бирма-бир ўлдиришган.

Яна анча йўл юрилгач, амирнинг тансоқчиси дарвеш ва унинг одамларини қиличдан ўтказган. Ўша куни кечқурун амирнинг шахсий жаллоди тансоқчини ҳам гумдон қилган. Жаллоднинг кейинги тақдири ҳам номаълумлигича қолган. Амир шу тариқа фақат ўзининг энг яқин одамлари, оила аъзолари билан Афғонистонга кириб борган эмиш...

Бу афсона узоқ йиллар давомида собиқ иттифоқ нашрларида чоп этилди, бу ҳақда турли ҳужжатли ва бадиий фильмлар ҳам яратилди. Тожикистон ҳудудида амирлик хазинасини қидириб топиш учун экспедициялар ҳам ташкил қилинди. Аммо, барча уринишлар бекор кетди. Хазина топилмади...

Аслида нима бўлганди?


Кейинчалик бир қатор мутахассислар, экспертларнинг айтишича, Амир Бухородан фақат шахсий эҳтиёжларини қоплайдиган даражадаги пул ва буюмлар билан кетган бўлиши мумкин. Чунки, ўнлаб от ва туяларга юкланган хазина билан “қизил”лар назорати остидан бемалол “сирғалиб” чиқиши мумкин эмасди.

Амир Афғонистонда умрининг охиригача ўта камтарона, мамлакат подшоси Омонуллахон тайинлаган нафақа, кейинчалик қоракўл савдоси ҳисобидан кун кечирган. У 1920 йилнинг 12 октябрь куни Буюк Британия қироли Георг Vга мактуб битиб, ундан 100 минг фунт-стерлинг ва қурол-яроғ жўнатишни сўрайди. Аммо, большевиклар билан муносабатлари бузилишини истамаган Буюк Британия қироли собиқ амирнинг илтимосини жавобсиз қолдиради.

Амир чиндан ҳам Ҳисор тоғларида ўз бойликларини яшириб кетганида, ўтган асрнинг 20-30 йилларда хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар кўмагида бу бойликни олиб чиқишга уринган бўларди. Ҳолбуки, тарихда бундай уринишлар қайд этилмаган.

Иброҳимбек қўрбоши 1930 йилда амирга ёзган мактубида “мен 7 йил мобайнида советларга қарши жанг қилдим, аммо сиз ваъда қилган ёрдамдан ном-нишон бўлмади” деган сатрлар учрайдики, бу Саид Олимхоннинг ўз иттифоқчиларига ёрдамлашиш учун моддий имконияти етарли бўлмаганини кўрсатади.

Амир 1944 йил 5 май куни Кобул шаҳрида, ғурбатда ўлим топади.

Халққа “буюрмаган” бойлик


Аслида большевиклар Саид Олимхон бойликларини Бухородан олиб чиқиб кетиши учун ҳеч қандай имкон қолдиришмаганди. Тарихчи олимларнинг ёзишича, Фрунзе амирликда чоракам икки аср тўпланган бу бойликни ҳеч қандай қаршиликсиз вагонларга ортиб, ташиб кетади.

Россиялик публицист Игорь Буничнинг “Партиянинг олтинлари“ китобида ёзилишича, большевиклар ҳокимиятни Германия қўшини ёрдамида босиб олиб, Россия хазинасини талон-торож қилиб бўлгач, Бухоронинг олтин хазинасини эгаллаш илинжида бу ерга бостириб келишган эди.

Бухоро амирлиги ўзидан аввалги Аштархонийлар сулоласининг каттагина бойлигини мерос қилиб қолган, манғитларнинг кейинги вакиллари томонидан салкам икки аср давомида узлуксиз тўлдирилиб келинган. Хазинага бу давр ичида Бухоро амирлиги тахтида ўтирган ҳар бир амир озми-кўпми ўз ҳиссасини қўшган. Бундан ташқари, амирлик қадимдан олтин конига эга бўлган. Шунингдек, амирлик Ҳиндистон ва Европа мамлакатлари билан олиб борилган савдо алоқаларидан катта даромад олган.

Бухоро хазинасининг бош хазинабони қирқдан ортиқ соқчиси ёрдамида қўриқлаган. Мамлакат кирим ва чиқимини дафтарга қайд этиш ҳам хазинабонга юклатилган. Амир Олимхон даврида Имомқул исмли киши бош хазинабон бўлган.

Амир Олимхон хазинани одам тополмайдиган жойга яширгани, шунингдек, у хазина яширилган жойни биладиган энг содиқ одамлари ҳамда юзлаб қўриқчи ҳарбий йигитларини ўлдириб, фақат ўзигина ўша жойдан воқиф бўлиб қолган, деган гаплар ҳеч қандай асосга эга эмасди. Кейинги пайтларда, ошкор этилган ҳужжатларга таяниб, шуни қатъий айтиш мумкинки, Амир хазинани яшира олмаган ва унинг билан боғлиқ ҳолда ҳеч кимни ўлдирмаган.

Энди ўз-ўзидан табиий савол туғилади: хазина қандай сақланган ва унинг қиймати бугунги кунда қанчага тенг эди? Хазинанинг миқдори ҳам ҳеч қачон аниқ бўлмаган. Хазинабонлар эса умр бўйи хизмат қилган ёки хазина сирини ошкора бўлишига шубҳа туғдирганлари дарҳол ўлдирилган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойна“ журналининг 1914 йил, 25-сонида ёзишича, “Бухоро амири саночларида сақланаётган олтин ва кумуш пуллар бўйи 50 олчин, эни 20 олчин ва баландлиги 8 олчин (аршин) бўлган бир тоғдан иборат” бўлган. Бу “тоғ“ни ҳозирги ўлчовдаги тушунча ва тасаввурда кўз олдимизга келтирадиган бўлсак, у 2 744 куб метрни ташкил этади.

Бу албатта, шунчаки тахмин, холос. Бироқ, бу бойлик ҳеч қачон халқ ва мамлакат манфаати учун хизмат қилмаган. Ҳатто Чор Россиясига қарши курашда қурол-яроғ сотиб олиш учун ҳам авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу хазиналар эшиги очилмаган.

Фрунзе 1917 йилдаёқ Бухоро хазинасидаги бойлик миқдорини аниқлаш учун махфий буйруқ берган, бу вазифани бош вазир Мирзо Насруллобий Қушбеги ўта махфий равишда адо этган. Қушбегининг ҳисоботида кўрсатилишича, амир хазинасидаги олтин ва кумуш тангалар, ёмбилар, қимматбаҳо тошлар, қоғоз пуллар, тақинчоқлар, олмосларнинг 73 252 380 подшолик рубли миқдорида баҳоланган. Экспертларнинг баҳолашича, 1913 йилдаги 2 подшоҳ рубли тахминан бугунги 700 Россия рублига тенг бўларкан. Агар биз Қушбеги рўйхатга олган бойликни бугунги миллий валютамизга “чақсак”, 7 триллион 691,5 миллиард сўмга тенг бўлади. Бу фақат амирлик хазинасига оид бойлик эди. Фақат амир ва унинг оиласига тегишли бўлган бойликлар ҳам бир неча миллион подшоҳ рубли билан ўлчанган.

Бундан ташқари, Чор Россияси банкларида унинг 27 миллион рублдан ортиқ маблағлари сақланган...

Фитратнинг ёзишича, қушбегининг бу хиёнати амирнинг қулоғига етиб борган ва у 1918 йилнинг мартида ҳибсга олиниб, кейинчалик қатл этилган.

Шунча бойлик қаёққа кетди?


Хуллас, қизил армия қўмондонлари амир хазинасини махсус эшелонларда Тошкентга жўната бошлайди. Жанговар раҳбарлар Бухоро Инқилобий қўмитаси аъзолари билан 5 сентябрда ўтказган мажлисда қуйидагича қарор қабул қилади: “Ҳарбий ҳаракатлар пайтида Бухоро Халқ Совет Республикаси бойликларини сақлашнинг мураккаблигини ҳисобга олиб, Бухоро Инқилобий қўмитаси шаҳарда хотиржамлик бўлиши учун бу бойликларни Халқ банкининг тегишли бўлимида сақлашни ўз зиммасига олишини РСФСР (Россия) ҳукуматидан илтимос қилади“.

1921 йилнинг ёзида бу хазинани янада “ишончли жой“ – Москвага олиб кетиш масаласи анча қизғин муҳокама қилинади. Бироқ, ўшанда РСФСР ташқи ишлар вазири Г.В.Чичерин бунга қарши чиқиб, 4 июлда РКП(б) Марказий қўмитаси котиби В.М.Молотовга хат ёзади.

Унда Бухоро хазинасининг Москвага олиб келиниши маҳаллий аҳоли ва кўпгина мусулмон Шарқ мамлакатларининг норозилигига сабаб бўлиши, бу эндигина қаддини ростлаётган Совет ҳукумати учун обрў келтирмаслиги, вақти келиб, бу бойлик яна Бухорога қайтарилиши ҳақида ёзилган эди. Шундан сўнг бойликни нима қилишгани номаълум. Балки бу хат шунчаки Совет ҳукумати Бухоро олтинларини талон-торож қилмаган” деган “ҳақиқат”ни оммага сингдириш мақсадида уюштирилгандир?

Кўпгина тадқиқотчилар бу бойликнинг катта қисми ўша пайтдаёқ қизил армия ва большевиклар раҳбарлари томонидан ғарот қилингани, турли хорижий банкларга олиб чиқиб кетилгани, ёки қайсидир махфий фондлар, овлоқ жойларда яширилгани ҳақида гап-сўзлар юради. Хуллас, аждодларимизнинг асрлар давомидаги меҳнатлари, пешона тери, машаққатлари эвазига томчилаб тўпланган бу бебаҳо хазина ҳақидаги шов-шувлар ҳали узоқ вақт тинмаса керак...

 

Рустам Жабборов

Манба: ЎзА

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech