23 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28 °C

Ҳукумат
19 Фев  2019 2201

Гидропоника иссиқхоналарида сархил маҳсулотлар етиштирилмоқда

 Давлатимиз раҳбари Ховос туманидаги “Gran ruta de la seda” корхонасининг гидропоника усулидаги иссиқхонасини кўздан кечирди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

 

Ховос туманининг ери шўр, экинлардан юқори ҳосил олиш қийин. Шу боис бу ерда гидропоника усулида иссиқхоналар барпо этилмоқда. Бундай иссиқхоналар сувни тежаши, ҳосилдорлиги билан ажралиб туради.

Мутахассисларнинг фикрича, оддий усулда етиштирилаётган помидор кўчатларидан 3 килограмм ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 12 килограммни ташкил этади. Экинларнинг пишиб етилиши 25-30 кунга қисқаради.

Мазкур иссиқхоналарда Голландиядан серҳосил помидор ва бодринг навлари келтириб, экилган. Айни пайтда бу маҳсулотлар гидропоника усулида етиштирилмоқда. Бу ердаги барча жараён тўлиқ автоматлаштирилган.

Гидропоника усулидаги иссиқхонада Корея Республикасидан замонавий жиҳозлар келтириб ўрнатилди. Иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби чуқур таҳлил орқали аниқланади. Турли минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади.

Дастлаб 2017 йилда 1 гектар майдонда иссиқхона қурилиб, 18 та янги иш ўрни яратилди, 1,5 миллиард сўмлик помидор етиштирилди. 2018-2019 йилларда яна 9 гектар иссиқхона ишга туширилди. Иш ўринлари 120 тага етди.

Умумий майдони ўн гектар бўлган иссиқхонада йилига 1 минг 500 тонна помидор етиштирилади. Шунингдек, 2 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш кўзда тутилган. 

Корхона томонидан жорий йилнинг учинчи чорагида яна 10 гектар иссиқхонани ишга тушириш режалаштирилган. Натижада 1,5 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади, 100 иш ўрни яратилади.

Шавкат Мирзиёев бундай иссиқхоналарни кенгайтириш, маҳсулот етиштириш учун зарур материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича топшириқлар берди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech