14 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,4 °C

Инвестициялар
6 Сен  2019 1071

Алишер Усмонов жамғармаси Ўзбекистондаги «МИСиС» МТТУнинг Олмалиқ филиали фаолиятини молиялаштиришда давом этади

Таниқли тадбиркор ва ҳомий Алишер Усмонов асос солган «Санъат, илм-фан ва спорт» хайрия жамғармаси «МИСиС» МТТУнинг Олмалиқ филиали фаолиятини ривожлантириш ва ўқитиш сифатини яхшилашга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда давом этади, дея ташкилотнинг бош офиси хабар беради.

«Санъат, илм-фан ва спорт» хайрия фонди 2006 йилда маданият, санъат ва спорт соҳасидаги ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларни, шунингдек, илмий-таълим ва ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.

Хабарда қайд этилишича, «МИСиС» МТТУнинг Ўзбекистондаги филиали лойиҳасининг амалга оширилиши жамғарма фаолиятининг энг муҳим ва устувор йўналишларидан бири бўлиб, яқин келажакда ташкилот ушбу масала бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятида. Хусусан, инвестицияларни кўпайтириш орқали хорижилик соҳанинг етакчи мутахассисларини ўқув жараёнига жалб этиш, шунингдек, университетнинг моддий-техник ва ахборот-ресурс базасини кучайтириш кўзда тутилган.    

Шундай қилиб, яқинда Олмалиқ шаҳридаги «МИСиС» миллий тадқиқот технология университети филиали МДҲ ҳудудларида энг илғор ҳисобланган юқори тезликдаги интернет тармоғига, сониясига 100 мегабитдан юқори тезликда, кириш имкониятига эга бўлди. 

Мазкур янгилик олий таълим муассасасига ўнлаб йирик халқаро электрон базалар ва илмий-тадқиқот ишлари, илмий ва бадиий адабиётлар каталогларидан фойдаланишни кенгайтириш имконини берди. Хусусан, булар «EBSCO», «Scopus», «Biblioclub», «Elibrary» каби маълумотнома-библиографик ва илмий тизимлардир. Мазкур рўйхатни кенгайтириш режалаштирилмоқда.

«МИСиС» МТТУнинг Олмалиқ филиали директори Фарҳод Умаровнинг айтишича: «Алишер Усмонов ва «Олмалиқ КМК» АЖ раҳбарияти кўмаги туфайли ўқув муассасамиз МДҲ ҳудудида энг инновацион ҳамда технологик жиҳатдан ривожланган ўқув ва лаборатория базаси билан жиҳозланди. Юқори тезликдаги интернетга кириш университетдаги ўқув жараёнини жадаллаштириш ва глобал илмий ҳамжамиятга ва унинг халқаро илмий-тадқиқот дастурларини интеграция қилиш имкониятларини оширишга ёрдам беради».

Эслатиб ўтамиз, «МИСиС» МТТУнинг Олмалиқ филиали республика саноати учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш мақсадида 2018 йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва Алишер Усмонов қўллаб-қувватлови билан очилган.

Фаолиятининг биринчи йилида «Металлургия», «Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (тармоқлар бўйича)» таълим йўналишлари ва «Кончилик иши» мутахассислиги бўйича ўқитиладиган 150 нафар талаба қабул қилинди. 2019/2020 ўқув йили учун ўқишга қабул қилиш ҳам 150 кишини ташкил этди ва уларнинг 40 фоизи давлат буюртмаси асосида ўқитилади.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech