23 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,2 °C

Маданият
22 Ноя  2018 1406

Мусиқага инган ҳаёт фалсафаси

Ўзбекистон Давлат консерваториясида ўзининг ярим асрдан кўпроқ умрини севимли касбига бағишлаган, мамлакатимизнинг йирик композиторларидан бири Дилором Сайдаминованинг муаллифлик концерти бўлиб ўтди.

У қатор симфониялар, оркестр жўрлигидаги фортепиано учун концертлар, симфоник поэмалар, яккалик ва бошқа асарлар, шунингдек, эстрада қўшиқлари ва фильмларга ёзилган мусиқалар муаллифидир. Улар орасида «Кўҳна Бухоро деворлари», «Афросиёб деворий расмлари», «Шоирга бағишлов» каби фортепиано ижросидаги асарлари ва қатор миниатюралари машҳур бўлиб кетган.

Кечада композиторнинг асарларини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев раҳбарлигидаги Ёшлар симфоник оркестри, Юлдуз Хуснутдинова раҳбарлигидаги хор жамоаси ва мамлакатимизнинг етакчи пианино усталаридан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Адиба Шариповалар ижро этдилар. Дастурни «Ўтган дўстлар ёди», дея номланган симфоник поэма очиб берди. Асар бундан йигирма йиллар муқаддам ёзилган ўзига хос трагик марсия бўлиб, ўтиб кетган юракка яқин инсонларга бағишланган ҳамда айрилиқ алами, тириклик ва ўлим ҳақидаги фалсафий мушоҳадаларни ўзида мужассам этган.

Муаллифнинг ўқиган бир япон романидан илҳомланиб ёзган оркестр жўрлигидаги фортепиано учун концерти ҳам ижро этилди. Асарда муаллиф борлиқнинг фалсафий қонунлари, қадимий халқ донишмандлиги ва замонавий, ривожланган шаҳарлардаги ҳаёт тарзини бир-бирига қарши қўйиш ғоясини илгари сурган. Оркестр ажойиб ижро қилди, фортепиано партияларини А.Шарипова юксак маҳорат билан чалиб берди.

 «Онг очилишига йўл» симфония-ораториясида (оратория - хор ёки оркестр учун ёзилган йирик мусиқа асари) композитор ҳар кимнинг ўз хусусий йўли борлигини айтмоқчи бўлади. Ижро тингловчини илҳомлантиради ва юксаклик сари ундайди, улканлиги ва улуғворлиги билан бутунлай ўзига қамраб олади. Ўтмишда мусиқа санъатининг жанри сифатида симфония-ораториялар фақат диний мавзуларда яратилган ва жаҳон маданияти даҳоларининг унутилмас асарлари билан бойиб борган. Унинг мавзуси ва фалсафасини кенгайтирган, инсон феъл-атвори, кечинмалари ва дунёқараши каби турли қирраларига мурожаат қилган Дилором Сайдаминова умр кечириш мавзусига ўз шахсий талқинида ёндашган ва қандай мураккаб йўлни босиб ўтиш кераклигини акс эттиришга интилган.

Консерваторияда ўтказилган ушбу тадбир том маънода замонавий симфоник мусиқа байрамига айланди. Унга ташриф буюрган мусиқа шинавандалари композиторнинг юксак маҳорати ва ижодига муносиб баҳо бериб, такрор ва такрор қарсак чалишди. Муаллиф асарларига эса, келажакка бўлган кучли интилиш, оҳанглар ва сюжетларда драматизмнинг тобора кучайиб бориши омад келтирди, дейиш мумкин. Қарама-қарши оҳанглар битта мувозанатда, оқиш ва қорамтир рангларни бир-бирига таққослаган ҳолда эмас, балки анчайин мураккаб, баъзан носимметрик, бироқ ажойиб уйғунликда ижро этилди.

Кечадаги дастур жамиятимизнинг тобора ўсиб бораётган юксак маънавий мазмундаги мусиқий асарларга бўлган эҳтиёжига ўзига хос жавоб ҳам бўлди, дейиш мумкин. Д.Сайдаминова ҳали-ҳануз ижод билан банд ва келгусида симфоник мусиқа шинавандаларини кўплаб ёрқин ва мазмунли асарлари билан хушнуд этишига ишонамиз.

Адель Чилякова.
Санъатшунос.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech