23 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24 °C

Саломатлик
16 Мая  2019 722

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш йўлида Корея билан ҳамкорлик

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Корея Республикасида бўлиб турибди. Ташрифдан кўзланган мақсад соғлиқни сақлаш тизими ва фармацевтика саноатини ривожлантиришда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху билан учрашди. Мулоқот чоғида томонлар икки давлат раҳбарларининг яқинда бўлиб ўтган учрашувлари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга катта туртки бўлганини таъкидлашди. Юртимиздаги фармацевтика саноатининг инвестицион жозибадор жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Жумладан, инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар ва имтиёзлар яратиш, хусусан, мамлакатимиздаги фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ҳудудида маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун кенг имкониятлар яратилаётганлиги   қайд этилди.

Шунингдек, учрашувда тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги инвестициявий  лойиҳаларга эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистонда рентген аппаратларини ишлаб чиқарадиган «Listem-Fergana»  МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилди. Шунингдек, Корея Республикасининг «Dalim Biotech» ва «Yuhan» компаниялари билан ҳамкорликда дори-дармон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасидаги лойиҳалар ҳам муваффақиятли амалга оширилаётгани эътироф этилди.

Бундан ташқари, томонлар Корея Республикасининг дори воситалари ва тиббий буюмлар учун «DUR» (DrugUseRecord) маркалаш тизими тажрибаси билан танишди. Ушбу тизимнинг ноёблиги шундаки,  унинг ёрдамида маҳсулотнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача етиб бориш жараёни кузатиб борилади. Шунингдек, Корея Республикасининг тиббий суғурта ва «E-Health» электрон соғлиқни сақлаш тизими тажрибасини мамлакатимизга татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди.

Музокаралар якунида икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлари тиббиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Шунингдек, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг формацевтика ва биофармацевтика ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатлар фармацевтика саноатини ривожлантириш ва соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқариш ва илмий-тадқиқот марказларини юртимизда ташкил қилиш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга асос бўлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech