17 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +17,4 °C

Энергетика
22 Июл  2019 3494

Электр энергияси тармоғини кенг кўламли ислоҳотлар кутмоқда

Ўзбекистон ҳукумати томонидан халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва қисқа ва ўрта муддатли асосий ҳаракатларни амалга оширишни назарда тутувчи Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасининг лойиҳаси тақдим этилди.

Лойиҳа Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистон Республикаси энергетика соҳасидаги ислоҳотлар» мавзусидаги давра суҳбати давомида тақдим этилди, унда давлат органлари, корхоналар, халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг 150 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Олинган натижаларга кўра, ҳамкорлар энергетика соҳасидаги ислоҳотлар унинг роли ва мамлакат иқтисодиётига қўшадиган ҳиссасини инобатга олган ҳолда ривожланишнинг асосий ва энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолиши кераклигини бир овоздан тасдиқладилар. Ушбу соҳадаги ҳамкорлик электр энергетика тармоғининг янги корхоналарида корпоратив бошқарувни жорий этиш ва уларни тижоратлаштириш, молиявий барқарорлик ва тариф ислоҳотлари, инвестициявий режалаштириш ва хусусий секторнинг иштироки йўналишлари бўйича давом этади.

Халқаро молия институтлари Ўзбекистон ҳудудида қатор лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эканини, хусусан, Жаҳон банки гуруҳи томонидан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖни модернизация қилиш дастури учун 300 миллион доллар ажратиш, шунингдек, Навоий вилоятида 1000 МВт қуёш энергияси олиш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг навбатдаги босқичи доирасида ҳамкорлик қилишини тасдиқлади. Бундан ташқари, халқаро молия корпорацияси ва Жаҳон банки Сирдарё вилоятида умумий қуввати 2600 МВт бўлган иссиқлик электр генерацияси бўйича давлат-хусусий шерикликнинг биринчи лойиҳасини тайёрлайдилар. Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки Таллимаржон ИЭСида 900 МВт қувватга эга буғ-газ қурилмаларини қуриш, Қорақалпоғистон Республикасида 100 МВт қувватга эга шамол энергиясини ривожлантириш бўйича биринчи лойиҳани ишлаб чиқиш ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ электр тармоқларини модернизация қилишни молиялаштиради.

Давра суҳбати якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки гуруҳларининг қўшма баёноти қабул қилинди ва унда мамлакатимиз электр энергетика тармоғини ислоҳ қилиш муҳимлиги, рақобат муҳитини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

uzreport.news сурати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech