20 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,4 °C

Мамлакатимизда
16 Апр  2020 542

Экспортимиз АҚШ ва ЕИ учун ҳам зарур

Ўзбекистон коронавирус оқибатларини юмшатиш учун текстил маҳсулотларига бойкотни олиб ташлашни сўради.

Ўзбекистоннинг айрим соҳалари ва бизнеслари мослашишга, ҳукумат эса аҳолининг заиф қатламларига ёрдам беришга ҳаракат қилаётганлиги боис мамлакат иқтисодиётини сақлаб қолиш учун қўшимча ҳаракатлар талаб этилади.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Cotton Campaign халқаро коалициясининг ҳаммуассиси Беннет Фриман, Ишчилар ҳуқуқлари бўйича Халқаро Форумнинг ижрочи директори Жуди Герхард, Cotton Campaign координатори Эллисон Гиллга мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланиш учун бойкотни олиб ташлашни сўраб мурожаат қилди, деб хабар беради «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.

Н.Ҳусановнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати коалиция кўмагида ишлаб чиқилган «Ислоҳотларнинг йўл харитаси»ни амалга ошириш доирасида, шунингдек, мамлакатнинг барча фуқаролари учун ижтимоий таъминот ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мажбуриятларга мувофиқ мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини бартараф этиш бўйича қатъий чора-тадбирларни амалга оширишда давом этмоқда.

Мурожаатда ушбу мажбуриятларнинг бажарилиши бир неча муҳим ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилгани таъкидланган. Бунга мисол қилиб юртимизда мажбурий меҳнатдан воз кечишнинг қонуний асосланиши, қишлоқ хўжалик ривожланишининг янги босиқичга ўтиши, агрор секторда давлат иштирокининг камайиши, хусусан, бу йилдан бошлаб пахта ишлаб чиқаришни, нархни ва мажбурий сотишни давлат томонидан тартибга солишдан воз кечилгани мисол келтирилади.

Мурожаатда бойкотни олиб ташлашга яна бир бошқа сабаб борлигини — Шу  кунларда коронавирус пандемияси сабаб Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳалари кўрилмаган хавфга дуч келгани, Халқаро меҳнат ташкилотининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бутун дунё бўйлаб 25 миллион киши ўз ишини йўқотиши мумкинлиги ва ишчиларнинг даромадлари камида 3,4 триллион долларга камайиши, шунингдек АҚШ ва Ўзбекистоннинг ҳам бундан ҳоли эмаслиги таъкидланган.

«Бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат бозори мисли кўрилмаган босимга дуч келмоқда: Республикамизнинг бир ярим миллиондан ортиқ фуқароси ишсиз. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кескин (чоралар) изоляция туфайли 150 минг фуқаро мажбуран ишсиз қолди, чет элдан қайтган 140 мингдан ортиқ фуқароларимиз доимий даромадларидан маҳрум бўлишди, 200 мингдан ортиқ оила қашшоқлик ёқасида.

Давлат корхоналари, хусусий сектор ва бутун меҳнат бозори янги шароитларга имкон қадар кўпроқ мослашишга ҳаракат қилмоқда. Аммо миллий иқтисодиётимиз жуда зарур бўлган янги иш ўринларини яратиш учун катта куч сарфлаши керак.

Шу боис пахта бойкотини олиб ташлаш ҳақидаги қарорингиз ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин. Ўзбекистон тўқимачилик саноати аҳоли бандлигини таъминлашда етакчи тармоқлардан биридир. Фақат ишлаб чиқаришда қарийб 7 000 корхонада 200 мингдан ортиқ аҳоли иш билан банд бўлганлиги боис бир миллион аҳоли барқарор даромадга эга. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўзбек пахтасидан бойкот олиб ташланса, тўқимачилик маҳсулотларининг умумий экспорт ҳажми икки баробарга ортиши мумкин. Бу эса халқимиз учун зарур иш ўринларини яратади.

АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларига экспортни қайта тиклаш коронавирусга қарши глобал курашда муҳим роль ўйнаши мумкин. Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари қисқа вақт ичида вазиятга мослашган ҳолда шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқаришини ўн баробарга оширди. Ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар бойкотга дуч келмаганида, ўзбек тўқимачилигида тайёрланган ниқоблар, жарроҳлик либослари ва бошқа турдаги шахсий ҳимоя воситалари юзага келаётган глобал вазиятни бартараф этишда мадад бўлиши мумкин эди», – дейилади мурожаатда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech