04 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32,4 °C

Фикр
2 Мая  2020 388

Дўст ёнида бўлайлик, дўст қаторида турайлик

Бугун ҳаммамизнинг кўнглимизда бир ўй, бир ташвиш, юрагимизда бир дард. Бутун дунёни ташвишга солган коронавирус пандемиясидан давлатимиз ва ҳукуматимизнинг саъйи ҳаракатлари, халқимизнинг аҳиллиги боис уюшқоқлик билан халос бўлаётган бир шароитда янги синовларга рўбарў келдик. Кучли шамол оқимидан иборат табиий офатдан Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари, айниқса Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманлари аҳолиси қаттиқ зарар кўрди. Сўнгги кунларда эса кучли ёмғир ёғиб, қаттиқ шамол тургани боис Сардоба сувомборидан сув сизиб чиқиши туфайли кутилмаган фалокат юз берди. Одамларнинг йиллар давомида тиклаган қанча-қанча иморатлари, уй-жойлари, мол-ҳоли, экинзорлар сув остида қолди. Фалокат кўлами, у келтираётган зарар юракни уюштиради. Қанча-қанча майдонларда буғдой бошоқлаётган, чигитлар униб чиқаётган эди. Мева ва сабзавотлар гуркираб ўсаётган эди.

Зудлик билан воқеа жойига ҳукумат ва барча даражадаги масъул раҳбарлар етиб боришди. Эртаю кеч тиним билмай халқимиз ташвишини қилаётган Президентимиз, икки кундирки, Сирдарё вилоятида. Ҳаммамиз ойнаи жаҳон орқали Юртбошимизнинг Бухоро вилоятига бориб, куни кеча Сирдарё вилоятида вазиятни ўрганиб, одамлар билан учрашиб, лозим бўлган барча чораларни кўраётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.         Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари зудлик билан бошлаб юборилди. Одамлар хавфсиз ҳудудларга кўчирилмоқда. Улар уй-жой, озиқ-овқат билан таъминланмоқда.

«Бу ҳеч ким кутмаган синов. Биринчи ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларга кўчириш бўлди. Энг катта масала – ўлим бўлмаслиги. Оқсоқоллар, маҳалла раислари ва нозирларидан илтимос қиламан: одамларни йиғиб, уйларга, палаткаларга жойлаштириб, озиқ-овқат билан таъминлаб, маҳаллама-маҳалла саранжом қилиб олишимиз керак. Бунинг учун ҳамма куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча бирорта раҳбар кетмайди. Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди», деди Шавкат Мирзиёев.

Албатта, сув тошқинлари кеча ё бугун содир бўлаётгани йўқ. Дунёнинг қанчадан қанча мамлакатларида бундай ҳолат ҳар йили кузатилади. Сувомборларида дамба ўпирилишлари ҳам тарихда кўп учрайди. Мисол учун, ўтган асрда Калифорниядаги Орвилл дамбасида содир бўлган авария туфайли 600 киши, Франциядаги Рейран дарёси ўзанидаги Малпассье дамбаси қулаб тушиши боис 423 нафар киши ҳалок бўлган, бутун бир шаҳарни сув босган. Италиянинг Вайонт сувомборида тошқин боис 2 мингдан зиёд, Хитойдаги Байнцян гидро электростанция дамбаси бузилгани туфайли энг кўп – 26 минг қурбон берилган. Бундай мисолларни биз яшаётган асрдан ҳам келтириш мумкин. 2009 йил Россиянинг Красноярск ўлкасидаги Саяно-Шушенская ГЭСида содир бўлган техник авария 75 киши умрига зомин бўлгн бўлса, 2010 йили Хитойдаги Фуха дарёсига қурилган дамба ўпирилиши боис юз минг одам кўчирилган. Ўша йили Покистоннинг Инд дарёсидаги тошқин туфайли 700 одам ҳалок бўлган. Минг шукрки, одамларимиз соғ-саломат, қурбонлар йўқ.

Сардоба туманининг “Аҳиллик” маҳалласида Норбой Сайдалиев деган пенсионер тоғамиз яшайди . Телефонда ҳол-аҳвол сўрадим. “Тонгда хабар келиб қолди. Бола-чақа, набираларни олиб, кўп қатори йўлга чиқдик. Биринчи ўйлаганимиз бола-чақамиз, ўзимиз бўлдик, деди ташвишли оҳангда. Дўстлик туманидаги қариндошимизникига эсон-омон келиб олдик. Уй-жой, мол-ҳол, нима бўлса, шундай сувда қолди. Биргина отим, шуни жиловини бўшатиб юборган эдим, биздан қолмади. Эргашиб чиқди. Сув омбори қурилганда қанча хурсанд бўлганмиз. Фалакат-да. Мол-ҳол дейсизми? Бошимиздан садақа. Жонимиз соғ-ку. Тўрт кўз тугал қолдик. Шунга шукр. Президентимизнинг вилоятимизга келиши, биронта одам эътиборсиз қолмайди, дея кўнглимизни кўтарганлари катта мадад бўлди. Ҳаётимиз, худо хоҳласа, яна изга тушиб кетади. Ташвишни берган эгаси ризқимизни ҳам берар”.

Гапининг сўнгида овозида хийла хотиржамлик ва вазминликни ҳис этдим. Бу, ҳеч шубҳасиз, тушунган одамнинг фикри, кўпни кўрган инсонга хос хотиржамлик, шу билан бирга, ҳар қандай ҳолатда чуқур мулоҳаза юритиб иш тутишга оид халқимизга хос фазилат ифодаси эди.

Айни шундай фазилатлар одамларимизга мадад ва суянч бўлиши табиий. Бу фалокат, ҳақиқатан ҳеч ким кутмаган синов бўлди. Биринчи навбатда, Сирдарё ва Жиззах вилояти аҳолиси, шу билан бирга, бутун Ўзбекистон аҳли учун, ҳар биримиз учун ҳам яна бир синов бўлди. Энг аввало, иродамизга синов, меҳру оқибатимизга, одамийлигимизга, имон-эътиқодимизга синов. Ҳаёт шундай эканки, у одам боласини нафақат хурсандчиликлар, байрамлар, балки кутилмаган ташвишлар билан синовдан ўтказар экан. Аммо, шу нарса аниқки, халқимиз энг мураккаб шароитларда ҳам руҳини баланд тутган, ўзаро ишонч, аҳиллигини, меҳр оқибатини йўқотмаган халқ. Бундан оғир кунлардан ҳам мардона ўтган халқ.

Кўнгилдаги гапни айтадиган бўлсак, ҳаёт бугун ўзи аччиқ сабоқ бераётир: барчамизни жиддий ўйлантираётган масалаларга муносабатимизни ҳам ўзгартираётир. Албатта, эккан кўчатинг мевага кирган, дунёга келтирган боланг камол топган хонадонни кулфатда кўриш, тарк этиш, йиллаб йиққан нарсаларингни бой бериш осон эмас. Мол аччиғи – жон аччиғи, деган гап бор. Ҳар қандай одам бундай лаҳзаларда қаттиқ изтироб чекиши, шу руҳий ҳолатда оғзидан қаттиқ-қуруқ гаплар чиқиб кетиши табиий.

Бундай деяётганим, бугун биз чинакам эркин жамиятда, хусусан, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги замонида яшаяпмиз. Бунақа эркинлик ҳеч бир даврда бўлмаган. Бугун истаган одам қўлидаги уяли телефон билан истаган жойда суратга олиши, овоз ёзиб олиши, ижтимоий тармоқда тарқатиши мумкин. Бу катта имконият, албатта. Шу билан бирга, сўзга эгалик қилиш, айтар гапни айтиш, айтмас гапдан қайтиш, дегандай, чинакам эр кишига хос фазилатларни намоён этиш ҳам жуда муҳим эканини унутмаслигимиз лозим. Ўзини профессионал касб эгаси деб билган журналистларимиз ва блогерларимиз бу борада, айниқса, ибрат бўлишларини истар эдим.

Келинглар, азиз ҳамкасблар, қаламимиз давлатимиз ва халқимиз ўй-ташвишларига мувофиқ бўлсин. Муаммоларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этган ҳолда ҳар бир инсон дардига малҳам, ишончига қанот бахш этсин. Уйингга ўт тушса дўст челак кўтариб чопади, душман аюҳаннос солади, дейдилар. Дўст ёнида бўлайлик, дўст қаторида турайлик:

Ой зулмат тўридан чиқолмас сира,

Шу боис кундузи кўринмас изи.

Тунни енгиб чиққан қуёшга қара,

Чарақлаб турибди, ёруғдир юзи!

Саъдулла Ҳакимов,
Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech