
Instagram ва WhatsApp сервислари номлари тез орада ўзгаради
Марк Цукербергга тегишли Instagram ва WhatsApp сервисларининг номлари тез орада ўзгаради. Бу ҳақда «The Information» нашри манбага асосланиб хабар берди.
Кейинчалик Facebook вакиллари томонидан ушбу маълумот тасдиқланган.
Instagram - «Instagram from Facebook»га ва WhatsApp - «WhatsApp from Facebook»га айланади. Шундай қилиб, ижтимоий тармоқ ҳар иккала машҳур илованинг эгаси кимлигини эслатиб туради.
Смартфон экранига чиқувчи иловалар ҳозирча илгаригидек қолаверади. Бироқ App Store ва Google Play иловалар дўконларида янги, «тўлиқ» номлардан фойдаланилади. Бундан ташқари, «Facebook»дан» сўзи Instagram ва WhatsApp нинг бошланғич экранларида ҳам пайдо бўлади. Oculus иловаси билан ҳам аллақачон шундай бўлган.
«Биз Facebookнинг бир қисми бўлган маҳсулотлар ва хизматлар ҳақида аниқроқ маълумот беришни истаймиз», дейди «The Information»га ижтимоий тармоқ вакили. Шунингдек, нашр жорий йил бошида Марк Цукерберг барча учта иловадаги чатларни битта технологик платформага ўтказиш ва фойдаланувчиларнинг Facebook, Facebook Messenger, WhatsApp ёки Instagramда бўлиши қатъи назар, бир-бири билан мулоқот қилишларига имкон бериш режасини эълон қилганини эслатиб ўтган.