14 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,3 °C

Туризм
14 Июл  2019 4073

«Атаганингизни бераверинг…» ёхуд нега сайёҳлик соҳаси «локомотив»и жойидан жилмаяпти?

Мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш «локомотив»ларидан бири туризм соҳаси ҳисобланади.  Тўғри, ўз активида кўп минг йиллик тарихга эга, ёдгорликларда абадийлаштирилган ва янги давр тадқиқотчилари томонидан тўлдирилаётган бундай улкан умумжаҳон меросларини инсониятдан яшириб ҳам бўлмайди. Уни ҳеч кимдан яшираётганимиз ҳам йўқ, балки барча мамлакатлару қитъалар сайёҳларини ушбу меросларни томоша қилишга, ўз кўзлари билан кўришга чорлаяпмиз, нафақат хорижий меҳмонларни, балки юртдошларимизни ҳам гўзаллик ва абадийликдан баҳра олишга таклиф қиляпмиз.

Туманли Альбиондан салом

- Бу мавсум Самарқандда бўлдингизми? – сўрайди лондонлик афиналик дўстидан. – Мана бундай жой экан! - дея ўнг қўли бош бармоғини юқорига қилади.

Элладаликлар авлоди том маънода хафа бўлиб, дейди:

- Қўйсангиз-чи! У ерда жа бундай эмасдиру лекин ҳаммаси бинойидек. Зимбабведа қанчалик қийин бўлганини эслайсизми? Самарқандда эса - цивилизация!

(Араблар, турклар ва юнонларда бош бармоғини тепага қилиш ҳақорат ҳисобланади муаллиф изоҳи).

Бу ҳазил мулоқот чиндан ҳам рўй бериши мумкин эди ёки эҳтимол, рўй бергандир ҳам, чунки бугун Ўзбекистон тақдим этаётган сайёҳлик маҳсулоти ҳақидаги фикр хорижлик меҳмонларда турлича муносабат уйғотмоқда. Мамлакатнинг меъморий обидалари ва унинг ғаройиб табиий гўшалари, очиқ ва дўстона инсонлари қолдирган ажойиб таассуротлар кетидан Ўзбекистонда узоқ кутилган меҳмонлар кўпинча кутиб олишдаги паст хизмат даражасига тўқнаш келишади.

Дарвоқе, чет эллик меҳмонлар билан бевосита ишлайдиган ва мулоқот қиладиганларнинг айтишича, улар маданий шокни бошдан кечиришмайди. Турли саёҳатларда бўлиб, турли ҳолатлару саргузаштларга кўникиб кетишгани учун эмас, балки уларга Ўзбекистонга сафарни таклиф этувчи компаниялар ҳам мамлакатда бизнеснинг ушбу сегменти эндигина ривожлана бошлаётгани, шунинг учун баъзи ноқулайликлар юзага келиши мумкинлиги ҳақида очиқ огоҳлантиришади. Бу саёҳатингизни бузмайди, албатта, лекин баъзи нарсалар хотирада қолиши мумкин-да…

Мана, масалан, Буюк Британиядан электрон почта орқали газета манзилига юборилган хат (парчалар келтирилади):

«Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд ва Бухорога ташриф буюрганимдан сўнг темир йўл орқали Ўзбекистон бўйлаб уч ҳафталик сафаримнинг сўнгги нуқтаси қадимий Хивани кўришни орзиқиб кутгандим. Аммо ҳафсалам пир бўлди!

...Бутун шаҳар бир мақсад сари интилаётганга ўхшайди – сайёҳлардан пул ундириш!

Ҳар бир музей, мадраса ва саройнинг кираверишида турникет ўрнатилган бўлиб, у ерга кириш учун 100 минг сўм (қарийб 10 фунт стерлинг ёки 12 доллар) турадиган «чипта» харид қилиш керак бўлади, униям асосий кириш жойидаги ягона кассадан олиш мумкин. Мен фақат кириш чиптаси 70 минг сўм турадиган Кўҳна Арк қалъасига алоҳида қизиқиш билдирдим.

Ўрта аср меъморчилиги мўъжизаларини шахсан кўриш учун дунёнинг ярмисидан ўтиб учиб келган меҳмон учун тўланган пул миқдори айтарли муҳим ҳам эмас, лекин уни бошқа нарса ғазаблантирган:

«Сайёҳлик объекти ходимлари шарқий ва ғарбий дарвозаларидан Аркка кириш учун «чипта» кераклигини айтиб, кўпроқ пул ундиришга ҳаракат қилишди. Мен эса эски шаҳарга кириш бепул, деб тасдиқлаб, баҳслаша бошлаганимдан сўнг дарвоза дарҳол очилди! Аслида керак бўлмаган чипта учун қанча сайёҳлар яна пул тўлашган экан?»

«...Эски биноларнинг яхши суратларини олиш қийин, чунки ҳар бир кўчадаги сон-саноқсиз дўконларда бир хил «ёпишқоқ» эсдалик совғалари сотилади, ҳатто, майдонлардан бирида бир жуфт туяга ҳам кўзим тушди, уларга ўтириш ёки унинг ёнида суратга тушиш учун пул тўланиши кераклиги бир неча тилда ёзилган тахтача ҳам ўрнатиб қўйишибди!

Қаёққа қараманг, тўланг, тўланг, тўланг!

Ҳатто, туристик полиция ходимлари ва мен билан суҳбатлашган сайёҳлик маълумотлари маркази офисидагилар ҳам бу туристлар устидан кулиш ва уларни талаш, деган гапимга қўшилишди!

Эски шаҳар ташқарисидаги йўналишларга таксилар йўқ, чунки фақат  меҳмонхона эгаларигагина маълум бўлган ва таксини (ёки расмий мақомсиз шахсий автомобилни) «ташкил қилиб берадиган» ўзига хос «мафия» фаолият олиб боради ва сизнинг келган юртингизга қараб, катта нархлар ўрнатилади!»

Буюк Британиядан келган меҳмонга Хива шаҳрини томоша қилиши ва «...Бухоро, Самарқанд ёки Тошкентнинг тасалли берувчи самимияти ва ҳақиқий жозибасига қайтишни истаб қолдим. Ҳатто, уйқусираган Термиз ҳам ўта чиройли Хива шаҳридан кўра меҳмондўстроқ эди», дейиши учун беш соат вақт етарли бўлди.

Ички туризм ҳам бўлади

Бунақа вазият жуда камдан-кам учрайди, боз устига, сайёҳ инжиқ табиатли бўлса керак-да, деган фикрга бориш ҳам мумкин. Бироқ яқинда ҳамкасбларим, бу сафар «ички туризм» сегментида содир бўлган яна бир пул ундириш ҳодисаси ҳақида сўзлаб беришди.

Тошкентлик бир гуруҳ ҳамкасблар Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари билан танишиш, ўзини сайёҳлардай ҳис қилиш ва маданий ҳордиқдан баҳраманд бўлиш учун ушбу шаҳарга ташриф буюришган. Улар қадимги пойтахтнинг унутилмас жойларига саёҳат қилишган, аммо тўлақонли ҳордиқ олиш масаласи ўхшамабди. Гидлик қилган қиз дастуридаги сўзларни тариллатиб айтганча пойтахтлик меҳмонларни шаҳар бўйлаб қувноқлик билан сайр қилдирган ва охирида бир оз хижолатомуз оҳангда улардан хизмати учун «ҳар ким ўз атаганини беришини» сўрабди. Одамлар беришган, албатта. Ачинарли эмас. Лекин бу ҳақда эслаш улар учун ҳалиям ёқимсиз.

Хўш, далиллар нима дейди? Меҳмондўстлик маданияти ўзбекистонликларнинг қонида бўлса-да, туризм соҳасида малакали ишлаш қобилияти сира ривожланмаяпти.

«Саводли, малакали мутахассислар етишмаяпти, - дейди маҳаллий сайёҳлик компанияларидан бири гид-таржимони Руслан Расулов. - Бозор жуда тез ривожланмоқда, меҳмонлар оқими катта, мутахассислар эса унча кўп эмас. Бу бизнинг ишимиз, меҳмонхона ва ресторан бизнесимиз, барча хизматлар, жумладан, транспорт логистикасига ҳам тааллуқли.

Меҳмонлар билан муаммоми ёки меҳмонларнинг муаммосими?

Айтганча, қулай ва яхши ўйланган логистика - туризм сектори муваффақиятли фаолиятининг асосий шартларидан биридир. Лекин бу ерда мунтазам меҳмонларни кутиб олиш билан боғлиқ муаммолар юзага чиқмоқда.

Мисоллардан бири: Испаниядан чартер рейс 177 кишини олиб келди. Гуруҳ жуда катта. Ёз ўзининг жазирама палласига кирган, ва ҳатто, иссиқ мамлакатлардан келган одамлар учун ҳам бироз ноқулай. Бухородан Хивага бориш талаб этиларди. Саёҳат компанияси меҳмонларни қабул қилишга тайёрланиб, Бухоро - Хива поездига чипталар сотиб олган. Меҳмонлар поездга ўтиришди ва… иссиқдан салкам эриб кета бошладилар. Кондиционерлар ишламаяпти. Кузатувчининг тушунтиришича, поезд маълум бир тезликни олмагунча улар ёқилмас экан. Кузатувчи алдамабди, кондиционер охир-оқибат ишлаб кетди. Буларнинг барчасидан бир чет элликнинг мазаси қочиб қолди ва жойидан жилиб бўлган поездда тиббий ёрдам қутиси топилмади... Кекса аёлни фақат Урганчдагина «тез ёрдам» олиб кетди, ишқилиб, ҳаммаси яхшилик билан тугади. Аммо, айтишади-ку, бу бутунлай бошқа тарих деб.

Қадимги ёдгорликлар гўзаллигидан ташқари, хорижий меҳмонлар яна нималарга эътибор беришади? Таомларга. Уни тур нархига киритадиганлар учун бу жуда сифатли ва хилма-хил таомлардир. Меҳмонхона хизмати. Ўз ноқонуний хизматларини нафақат ташувчи, балки гид сифатида (Бухоро ва Самарқанддаги темир йўл вокзалларига салом) таклиф этувчи хира ҳайдовчилар.

Мамлакатимизда бўлган чет эллик сайёҳлар томонидан қайд этилган энг ижобий омиллардан бири хавфсизлик, кўча жиноятчилиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тезкорлиги ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон дунёнинг аксарият мамлакатларини чангида қолдириши мумкин. Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси томонидан ишлаб чиқилган «Ўзбекча нонушта» янги бренди, хизмат кўрсатиш стандартлари ва таомлари билан саёҳат ихлосмандлари орасида танилди. Ва у меҳмонларимиз орасида ҳам оммалашиб кетган. Бу ерда дам олиш нархи ҳам жуда демократик бўлиб, турли моддий имкониятларга эга одамларга саёҳат қилиш имконини беради.

Қонун ва қоидаларга мувофиқ ишлаш керак

Ходимларнинг ҳаракатлари мамлакат сайёҳлик имиджига зарар етказадиган вазиятларни бартараф этишга нима ёрдам бериши мумкин? Биз бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси жамоатчилик кенгаши раиси Тоҳир Солиевдан сўрадик.

- Бунда барча сайёҳлик фаолиятини қонун доирасида олиб бориш ёрдам бериши керак. Яқинда шундай қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжатни ишлаб чиқишда хорижий мамлакатлар, хусусан, ушбу бозор сегменти сўнгги йигирма йил ичида маълум юксакликка эришган Грузия тажрибаси эътиборга олинган.

Биз эндигина туризм бозорини ривожлантирмоқдамиз, шунинг учун меҳмонларни қабул қиладиган одамларнинг малакаси билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжуд. Ва бундай қонун биз учун ниҳоятда зарур, хусусан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ушбу секторини келажак иқтисодиёти асоси сифатида ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратмоқда. Президентимиз томонидан юклатилган юқори марра - йилига тўққиз миллион кишига сайёҳлик оқимининг ошишига эришиш – амалга ошадиган вазифа бўлиб туюлади.

Келажакка умид ва ишонч руҳидаги гап. Аммо бугун бунча миқдордаги меҳмонларни муносиб қабул қилишга тайёрмизми? Улар қайтиб келишни яна истайдиган, шунингдек, барча танишларга дам олиш учун гўзал ва меҳмондўст Ўзбекистонни тавсия қиладиган қилиб.

Келгусида - ҳа! Ҳозирча - йўқ!

Замонавий иқтисодий тармоқнинг тузилиши шаклланмоқда. Юқорида тасвирланган вазиятлар туризм ғоясини обрўсизлантиради, лекин ҳаммаси ўзгариши керак. Энг муҳими, бу ўзгаришлар қонунчилик даражасида тасдиқланмоқда.

Барча сайёҳлик секторини қонунлар ва қоидалар доирасида бир хилликка олиб келиши мумкин бўлган яна нима ёрдам бериши мумкин? Ягона ахборот майдони, деб ҳисоблайди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси. Гидларнинг билимсизлигини рақамли технологияларни жорий этиш орқали бемалол тузатиш мумкин. Ягона ахборот маконига ҳудудлар тарихи, улардаги ёдгорликлар, маданият ва халқи ҳақида энг қизиқарли маълумотларни жойлаштирса бўлади. Бунга қўшилиш мумкин, аммо ходимларнинг беадаб муомаласи ва бетакаллуфлиги ёки технология йўналишида зарур дори-дармонлар етишмаслигини эса ҳал қила олмаяпмиз.

Туризм - давлат томонидан тартибга солиниши керак бўлган бизнес тоифасидир, меҳмонларнинг хавфсиз дам олиши, ўзини ҳис қилиши, таассуротлари олдидаги масъулият жуда улкан.

- Яқин келажакда бутун туризм саноати ишини қонун ва тартиб доирасида ягона форматга олиб келишимизга ишонамиз, - дейди Т. Солиев. - Жумладан, бу ишга ноқонуний ташувчи-экскурсоводларга қарши кураш ҳам киради. Биз, албатта, уларга таъсир ўтказиш чораларини қўллай олмаймиз, лекин ўз хизматларининг тегишли доирасини ўрнатувчи муқобилини таклиф қила оламиз, шунда улар бозорни тарк этишга мажбур бўлишади.

Биз ҳам туризм бозори ривожланишига ишонамиз ва буни кўряпмиз ҳам. Шундаям фақат мавжуд маҳаллий муаммолардан мавҳумлашган ҳолдагина. Агар улардан бутунлай халос бўлинса-чи?

- Бугунги кунда ушбу ривожланиш жараёнида пайдо бўладиган оғриқли нуқталарни аниқлаяпмиз, - дейди Т. Солиев. - Биз турли идоралар, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда уларни ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Хусусан, темир йўл транспортига чипталар, автомобиль йўллари инфратузилмаси, янги автобус йўналишлари, меҳмонхона фондининг ўсиши ва кўплаб бошқалар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга.

Албатта, соҳада бу ерда айтилмай қолган муаммолар кўп. Сайёҳларни қабул қилиш ва одамларнинг ушбу соҳани такомиллаштиришга бўлган муносабати билан боғлиқ муаммолар, бизнес ҳамжамиятидаги баъзи кимсаларнинг динамик ўсиш учун нима қилиш лозимлиги ва нима учун бундай ўзгаришларнинг кераклиги тушунмаслиги муаммолари. Шунақалар билан ишлашга ва уларни ишонтиришга тўғри келади.

«Локомотив» секин ҳаракатланадими ёки тез, қатъи назар, керакли тезликни олади. Ижобий динамика сақлаб қолинса, Президентимиз томонидан юклатилган йилига тўққиз миллион сайёҳни қабул қилиш топшириғи амалга ошадиган вазифа бўлиб кўринади. Ўзгаришларни кутяпмиз!

Александр Зотов.

«Правда Востока».

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 13 июлдаги 141-сонида «Дайте, кто сколько может, на жизнь» или почему пробуксовывает «локомотив» туристской отрасли» сарлавҳаи билан нашр этилган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech