25 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,2 °C

Бўш вақтда
6 Апр  2019 1373

Даҳшатли қурол

(Роберт Шекли)

Эдсел ғазабини кимга сочишни билмаётганди. Мана, уч ҳафтадирки, Парк ва Факсонлар билан ҳувиллаган, тирикликдан бирор асар ҳам кўринмайдиган саҳрода изғишмоқда. Шериклари билан йўлда учраган ҳар бир тепаликни ковлаб кўрардилар. Бироқ бирор арзигулик нарса топа олишмай, яна йўлларида давом этишарди. Марснинг қисқа ёзи ҳам поёнига етиб қолган. Анча совуқ тушган ва Эдселнинг яхши пайтларда ҳам унча мустаҳкам бўлмаган асаблари тобора таранглашиб бормоқда. Пакана Факсоннинг эса, аксинча, кайфияти жуда кўтаринки. У қуролни топишгач, қўлга киритадиган катта пуллар ҳақида ўйларди. Парк эса худди темир одам сингари жимгина унинг кетидан эргашмоқда. Ўзига гапиришмаса, бирор оғиз сўз қотмайди.

Эдсел салга портлашга тайёр эди. Яна битта тепаликни ковлаб кўриб, марсликларнинг ғойиб бўлган қуролини озгина бўлса-да, эслатадиган ҳеч нима топа олмадилар. Кўримсиз қуёш ботишга шайланар, фавқулодда мовий осмонда эса йирик-йирик юлдузлар кўзга ташланарди. Гарчи иситилса-да, кечқурунги совуқ Эдселнинг скафандридан ўтиб, бутун аъзойи бадани қалтирай бошлади.

Кутилмаганда Эдселни Паркни тинчитиш истаги эгаллаб олди. Бу индамасни Ерда ҳамкорлик қилишга келишиб олганларидаёқ ёқтирмай қолган. Уни Факсондан жирканганидан ҳам кучлироқ ёмон кўради.

Эдсел тўхтади.

― Энди қаёққа юришимизни биласанми? ― сўради у ёвузлик уфуриб турган оҳангда.

Парк елка қисди. Рангпар юзида ҳеч қандай ифода акс этмади.

― Сендан қаёққа юрамиз, деб сўрадим! Кармисан? ― қайтарди Эдсел.

Парк бу сафар ҳам елкасини қисди.

― Унда сенинг нима керагинг бор? Ҳозир битта ўқ билан буни тўғирлайман-қўяман! ― деди ва тўппончасига қўл узатди.

― Шошма Эдсел, ― деди ялинганнамо Факсон уларнинг ўртасига тушиб, ― ўзингни бос. Қуролни топганимиздан сўнг қўлга киритадиган бир олам пуллар ҳақидаям ўйласанг-чи! ― Шу фикрнинг ўзиданоқ пакананинг кўзлари чақнаб кетди. ― Кўнглим сезяпти, қурол шу атрофда Эдсел. Балки нариги тепаликдадир.

Эдсел иккиланиб қолди. Аммо кўзини Паркдан узмасди. Айни дамда уни жуда-жуда тинчитгиси келаётганди...

Ердалигида шундай бўлишини билганида борми! Ўшанда ҳаммаси осондек туюлганди. Унинг қўлида марсликларнинг афсонавий қуроли яширилган омбор ҳақида маълумотлар битилган ўрама қоғоз бор эди. Парк марсликлар ёзувини ўқий оларди, Факсон эса экспедицияни молиялаштирди. Эдсел Марсга етиб олишгач, қурол сақланаётган омборга қараб озгина юрилса бўлди, деб ўйлаганди.

Бунгача у Ерни бирор марта ҳам тарк этмаганди. Ўзини Марсда кутганидан ҳам кўпроқ қолиб кетиш, сайёранинг муздек шамолида совқотишлар, очликка чидаш, мазасиз концентратларни истеъмол қилиш, тўйинтирувчидан ўтаётган сийрак ҳаводан мунтазам бош айланишни ҳис қилиш кутаётганини қаёқдан ҳам билсин. Марснинг пастак бўлса-да, жуда қалин ўсган ўсимликлари оралаб юраверишдан эса бутун мушаклари зирқираб оғришини хаёлига ҳам келтирмаганди.

Ўшанда фақат бир нарсани, ўша афсонавий қурол учун қанча пул тўлашлари мумкинлиги ҳақида ўйлаганди.

― Бўпти, менга аҳамият берманглар, ― деди Эдсел қўққисдан, бир нима эсига тушгандай, ― бу жой мени негадир асабийлаштиряпти. Парк, жаҳл қилганим учун сендан узр сўрайман. Йўл кўрсатишда давом этавер.

Парк жимгина бош ирғади-да, йўлида давом этди. Факсон ҳам енгил тин олиб, Паркнинг кетидан йўрғалади.

«Шошиб нима қилдим, ― ўйлади Эдсел, ― исталган пайтда икковиниям асфаласофилинга жўнатишим мумкин-ку?!»

Ўша тепаликни кечга яқин, Эдселнинг сабри тугай-тугай, деган пайтда топдилар. Жуда катта тепаликда жойлашган бино ўрама қоғозда битилгани маълумотларга мос жуда келарди. Металл деворларга ҳам қалин чанг қатлами ўтирган. Эшикни ҳам топдилар.

― Шошманглар, уни ўзим очаман, ― деди Эдсел ва тўппончасини чиқара бошлади.

Парк эса уни четга суриб ўтди-да, тутқичидан бураб эшикни очди. Марсликларнинг афсонавий қуроллари уюм-уюм бўлиб ётган жуда улкан хонага кирдилар. Уларни Марс цивилизациясининг қолдиқлари ҳам дейиш мумкин эди.

Ичкарига кирган учовлон бир оғиз ҳам сўз қотмай, атрофга аланглардилар. Уларнинг кўз ўнгида бошқалар аллақачон қидиришдан воз кечган хазина ётарди. Биринчи инсон Марсга қўнган даврдан бошлаб, улкан шаҳарларнинг вайроналари синчковлик билан ўрганилган. Бутун водий бўйлаб сочилиб ётган жанговор машиналар, икки ғилдиракли жанг аравалари, турли асбоб-ускуналар ― уларнинг ерликлар цивилизациясини минг йилларча ортда қолдириб кетишганидан дарак берарди. Ерликлар жуда катта қийинчиликлар билан ўрганган марсликлар ёзувларидан ушбу сайёрада даҳшатли урушлар юз берганини билиб олишган. Бироқ бирорта маълумотда марсликларнинг ўзларига нима бўлгани ҳақида маълумот йўқ эди. Бир неча минг йиллар давомида Марсда бирорта идрокка эга жонзот бўлмаган, ҳатто, жониворлар ҳам йўқ бўлиб кетганди.

Афтидан, марсликлар қуролларини ўзлари билан олиб кетишган кўринади. Ўша қуролнинг соф радийга тенг баҳоланиши ва дунёда ундан даҳшатлироғи топилмаслигини Эдсел биларди.

Улар хона ичкариси томон бир неча қадам ташладилар. Эдсел биринчи дуч келган қуролни ердан олди. 45-калибрли тўппончага ўхшаркан, лекин ундан каттароқ. У эшик ёнига келди ва қуролни унча узоқ бўлмаган қалин бутага томон тўғирлади.

― Отма! ― деди қўрқиб кетган Факсон Эдсел нишонга ола бошлаганда. ― Портлаб кетмасин тағин. Бирор балони бошлаб юрмайлик. Бунинг барини сотганимиздан сўнг мутахассислар истаганча шуғулланаверишади.

Эдсел тепкини босди. Етмиш беш футлар чамаси нарида ўсиб турган бута ёрқин-қизил рангда чақнаб, ғойиб бўлди.

― Чакки эмас, ― деди Эдсел қуролни силаб. Кейин жойига қўйди-да, бошқасини қўлига олди.

― Етар, Эдсел, ― деди ялингандай бўлиб Факсон, ― уларни бу ерда синаб ўтиришдан маъни йўқ. Атом реакцияси ёки бошқа бирор балони келтириб чиқармасин яна.

― Чакагингни ўчирсанг-чи, ― деди Эдсел қўлига олган янги қуролнинг тепкисини кўздан кечираётиб.

― Бошқа отма, ― ялинди Факсон. Ҳеч бўлмаса Парк ўзини қўллаб-қувватлар, деган умидда унга ялинганнамо боқди. Бироқ у жим турганича Эдселнинг ҳаракатларини кузатарди.

― Ахир бу ерда ётган қуроллардан биттаси бутун бошли Марс аҳолисини йўқ қилиб юборган бўлиши мумкин. Сен яна ҳаммасини қайтадан остин-устун қилмоқчимисан? ― пўнғиллади Факсон.

Эдсел яна қуролдан отди ва узоқроқда эриб кетган саҳронинг бир қисмига мамнун тикилди.

― Зўр нарса экан! ― дея у калтароқ таёқчани эслатадиган яна ниманидир қўлига олди. У ортиқ совуқни ҳис қилмасди. Қайтанга ялтироқ қуроллардан отиб кайфияти кўтарила бошлаганди.

― Энди кета қолайлик, ― деди Факсон ва эшикка йўналди.

― Кета қолайлик? Қаёққа? ― паст товушда сўради Эдсел.

― Ортга, яъни фазовий бандаргоҳга, ― жавоб берди Факсон. ― Уйга, келишганимиздек, бунинг барини сотгани, албатта. Сўраган нархимизни беришларига ишончим комил. Исталган давлат бунақа қуроллар учун миллионлаб пулларини совуришдан бош тортмайди.

― Мен эса фикримдан қайтдим, ― деди ўйчан Эдсел. Кўз қири билан Паркни кузатди. У қурол уюмлари оралаб юргани билан бирортасига қўл чўзгани йўқ.

― Менга қара, ― деди Факсон жаҳли чиқиб, кейин Эдселнинг кўзларига тик боқди, ― у ёғини сўрасанг, бу экспедицияни мен молиялаштирганман. Биз бор-йўғи бунинг барини сотишга келишиб олганмиз. Менинг ҳам айрим нарсаларга ҳаққим бор... Йўқ, унақа демоқчи эмасдим...

Ҳали отиб кўрилмаган қурол унинг қорнига тўғирланганди.

― Нима қилмоқчисан? ― пўнғиллади Факсон, ўзига тўғирланган қуролга қарамасликка интилиб.

― Бу ердаги ҳеч нимани сотмоқчи эмасман, ― деди Эдсел. У икковиниям кўриб туриш учун деворга суяниб олганди. ― Бунинг баридан ўзим фойдалансаммикан, деб турибман.

Шундай дея илжайди. Бироқ икковини ҳам бирваракайига кузатишда давом этарди.

― Кайтгач, бу қуролларни йигитларимга тарқатаман. Кейин Жанубий Американинг бирорта давлати ҳукуматини ағдарамиз. Бу қурол ёрдамида истаганча туриб бериш мумкин.

― Бўпти, билганингни қил, ― деди Факсон паст товушда. Лекин ўзига қаратилган қуролдан кўзини олмасди. ― Фақат бу ишингга мени аралаштирма. Буни умуман, истамайман.

― Ихтиёринг, ― жавоб берди Эдсел.

― Аммо бу хаёлингга ҳам келмасин. Мен ҳар жойда лақиллаб юрадиганлардан эмасман, ― деди тезлик билан Факсон. ― Шунчаки, отиш ва ўлдиришни истамайман, холос. Бўпти, унда мен бора қолай.

― Бемалол, ― деди Эдсел.

― Агар ўз қироллигингни барпо қилсанг, давлатингга меҳмон бўлиб бораман, ― деди Факсон жилмайишга ҳаракат қилиб. ― Балки менга герцог ёки бошқа бирорта унвон ҳам берарсан.

― Балки.

― Бўпти, нимаям дердим, омадингни берсин, ― дея Факсон унга қўл силкиди-да, эшик томон йўналди.

Эдсел унга ўн қадамлар юришга имкон берди. Кейин қуролини кўтариб, отди. Овоз ҳам чиқмади, чақнаш ҳам содир бўлмади. Бироқ...

Кейин қўққисдан Паркка орқа ўгириб тургани эсига тушиб, кескин бурилди. Иккинчи шериги қурол уюмларидан биттасини олиб, уни тинчитиши ҳам мумкин эди. Бироқ у қўлларини кўкрагида чалиштирганча хотиржам турарди.

― Қуролдан чиқувчи нур исталган тўсиқдан ўта олади, ― хотиржамлик билан деди у. ― Жуда нафи тегадиган нарса.

Ярим соатлар давомида берилиб эшик томонга гоҳ у-гоҳ бу қуролни ташиди. Парк эса уларга тегиниб ҳам қўймади, ҳатто. Қизиқиш билан Эдселни кузатарди. Жуда қадимий бўлса-да, марсликларнинг қуроли худди янгига ўхшарди: минглаб йил ҳаракатсиз ётгани умуман сезилмасди. Хонада эса турли-туман, ҳар хил тип ва кўринишдаги қуроллар қалашиб ётарди. Куйдирадиган ва радиация билан отадиган автоматлар, жойида музлатиб қўядиган, ёндирувчи, кесувчи, вайрон қилувчи, фалажловчи ва турли йўллар билан тирик жонзотларга қирғин келтирувчи қуроллар...

― Мана бунисини синаб кўрмаймизми? ― деди Парк.

Эдсел бу пайтда уч кўзли антиқа қуролни синаб кўрмоқчи турганди.

― Мен бандман, кўрмаяпсанми?

― Ўйинчоқлар билан ўйнашни бас қилиб, жиддий иш билан шуғуллансанг-чи?!

Парк пастаккина қора тусдаги бир қути ёнига келди. Кейин икковлашиб ташқарига судраб чиқдилар. Парк Эдселнинг қандай қилиб унинг мурватларини бураб ишга туширишини кузата бошлади. Машинанинг ичидан паст товушдаги ғувиллаш эшитилди. Кейин уни мовийранг булут қоплаб олди. У Эдселнинг мурватини бурашига қараб катталашар ва кичрая бошларди. Сўнг икковиниям мовий тусдаги тенг томонли ярим шар кўринишида ўраб олди.

― Манави қуролдан отиб, уни тешиб кўр-чи, ― деди Парк.

Эдсел ўзларини ўраб турган мовий деворга қарата ўқ уза бошлади. Аммо улар деворга сингиб кетарди. Яна учта турли қуроллардан ҳам деворга қарата отиб кўрди, аммо улар ҳам уни тешиб ўта олмади.

― Баҳс бойлашаман, ― деди паст товушда Парк, ― бу мовий девор атом бомбаси портлаши зарбига ҳам дош бера олади. Бу қудратли куч майдони бўлса керак.

Эдсел машинани ўчирди. Кейин яна ичкарига кирдилар. Қуёш ботаётгани учун ичкари қоронғилаша бошлади.

― Биласанми, нима, Парк? ― деди кутилмаганда Эдсел. ― Сен жуда зўр йигитсан.

― Раҳмат ― деди Парк қурол уюмини кўздан кечираётиб.

― Факсонни тинчитганим учун хафа бўлмаётгандирсан, шундайми? У бизни сотмоқчи эди.

― Аксинча, маъқуллайман.

― Сенинг зўр йигитлигингга заррачаям шубҳам йўқ. Факсонни отаётганимда мени тинчиишинг мумкин эди, ― деди Эдсел. Лекин унинг ўрнида ўзи бўлганида худди шундай қилиши мумкинлиги ҳақида лом-мим демади.

Парк елкасини қисди.

― Икковлашиб бирорта қиролликни бошқаришимизга нима дейсан? ― сўради Эдсел ишшайганча. ― Бу ишни уддалай оламиз, деб ўйлайман. Бирорта қулай мамлакатни топамиз-да, бошқараверамиз, сон-саноқсиз гўзаллар, кўнгилхушликлар дегандай, а?!

― Мен розиман, ― жавоб берди Парк, ― мени ўзингга ҳамкор, деб ҳисоблашинг мумкин.

Эдсел унинг елкасига қоқиб қўйди ва яна биргаликда қуроллар уюлиб ётган хонага кирдилар.

― Буларининг нималигини билиб олдик, ҳарқалай, ― деди Парк, ― булар ҳам олдингиларига ўхшаш.

Хона бурчагидаги бир эшиккка кўзлари тушди. Унда марсликлар тилида битилган ёзувлар бор экан.

― Бу ерга нима деб ёзилибди? ― сўради Эдсел.

― Даҳшатли қурол ҳақида, шекилли, ― деди Парк ёзувга қаттиқ тикилганча. ― Кирилмасин, деб огоҳлантиришибди.

Парк эшикни очди. Улар энди кирмоқчи бўлгандилар лекин кутилмаганда жойида қотиб қолдилар.

Эшик ортида турли қуроллар қалашиб ётган хонадан уч баравар каттароқ бўлган зал бор экан. Зал девори бўйлаб эса аскарлар саф тортишган. Башанг кийинган ва тиш-тирноғигача қуролланган аскарлар ҳайкалдай қотиб туришарди. Уларда тирикликдан асар ҳам йўқ.

Эшикка яқин жойда эса битта стол қўйилган ва унинг устида учта буюм турарди: турли ўлчамларга бўлинган муштдек келадиган шар, ёнида ― ялтироқ дубулға, унинг ортида эса ― қопқоғига марсликлар ёзуви битилган кичкина қора қутича.

― Бу мақбара эмасми? ― шивирлади Эдсел. Кейин ғўдайганча марслик аскарларнинг ерликларникига ўхшамаган юзларига қаради.

Унинг ортида турган Парк индамади. Эдсел столга яқинлашди ва қўлига шарни олди. Кейин эҳтиёт бўлиб унинг милини бир ўлчамга сурди.

― Нима дейсан, бу ер қанақа жой ўзи? ― сўради у Паркдан. ― Ўйлайсанки...

Икковиям сапчиб тушдилар. Негаки, аскарлар сафида жонланиш ва ғимирлаш бошланиб қолганди. Улар бир ғимирлаб олишиб, яна «ростланиш» ҳолатида қотишди. Қадимги жангчилар тирилишганди.

Улардан бири, яъни четлари кумушранг ҳошияли қирмизи мундир кийгани сафдан олдинга чиқди ва Эдселга таъзим қилди.

― Ҳукмдор, аскарлар жангга шай.

Эдсел эса бунга бирор жўяли жавоб тополмай, тараддудланиб қолди.

― Шунча вақтдан бери қандай тирик қолгансизлар? ― сўради Парк. ― Ўзларинг марсликмисизлар?

― Биз марсликларнинг хизматкорларимиз, ― жавоб берди аскар.

Парк аскар гапираётганда лаблари қимирламаслигини кўриб, бу жангчиларнинг ҳаммаси телепатик йўл билиан мулоқотга киришишини англади.

― Биз синтетлармиз, ҳукмдор.

― Кимга бўйсунасизлар?

― Шарни ишга туширувчига, ҳукмдор, ― деди синтет Эдселга қараб ва унинг қўлидаги шарга ишора қилиб қўйди. ― Биз емаймиз-ичмаймиз, ухламаймиз ҳукмдор. Ягона истагимиз ― сизга итоат этиш ва жанг қилиш.

Қолган жангчилар ҳам бунга жавобан бош ирғадилар.

― Бизни жангга бошла ҳукмдор...

― Бундан хавотир олманглар, ― деди бу орада ўзини анча йиғиштириб олган Эдсел. ― Сизларни шунақа зўр жангларга бошлайманки, ишонаверинглар.

Аскарлар тантанали равишда уч бор қичқирдилар. Эдсел Паркка томон бошини буриб, ишшайиб қўйди.

― Циферблатдаги қолган белгилар нимани англатади? ― сўради Эдсел.

Аскар жавоб бермади. Афтидан, унга киритилган дастурда бундай савол назарда тутилмаган.

― Балки улар қолган синтетларни ҳам жонлантирар, ― деди Парк. ― Чамамда пастда ҳам шундай аскарларга тўла хоналар борга ўхшайди.

― Яна жангга бошла дейсизлар, мен сизларни шунақа жангларга бошлайки!

Аскарлар яна тантанали равишда уч бор қичқирдилар.

― Бўпти, уларни ўчириб қўй. Олдин ҳаракат режасини пишитиб олишимиз керак.

Эдсел ҳайратланишда давом этиб, милни орқага буради. Аскарлар яна ҳайкалларга ўхшаб, турган жойларида қотиб қолдилар.

― Ортга қайтайлик.

― Ҳа, гапинг рост, қайтамиз.

― Анавиларни олишни унутма, ― деди Парк столдагиларни кўрсатиб.

Эдсел ялтироқ дубулға ва кичкина қутичани ҳам олди ва Паркнинг кетидан ташқарига чиқди. Қуёш деярли ботиб бўлган, Марс саҳроси узра қоронғилик ёпирилиб келмоқда эди. Ташқари жуда совуқ бўлишига қарамай, улар буни сезмасдилар.

― Парк уларнинг нима дейишганини эшитдингми? Эшитдинг-а? Улар мени ўзларининг ҳукмдори, деб ўйлашди. Бундай жангчилар билан...

Эдсел кулди. Бундай жангчилару қуролларга эга бўлса, уни ким ҳам тўхтата оларди. Ҳа, энди ўзига қиролликни танлаши керак. Дунёдаги энг гўзал қизлар уники бўлади, роса ялло қилади энди...

― Мен генералман! ― қичқирди Эдсел ва дубулғани бошига кийди. ― Қара-чи, ярашдими? Парк, сенга айтаяпман, ҳалиги, мен...

Бирдан жим қолди. Унга кимдир пўнғиллаётгандек, шивирлаётгандек туюлди. Бу нима ўзи?

― ...ярамас эшакмия. Қироллигини барпо қилармиш! Бундай одам жуда ақлли бўлиши керак, сендақа эшак эмас. Бу тарихни ўзгартира оладиган кишига керак, яъни менга!

― Гапираётган ким? Парк, бу сенмисан? А? ― Эдсел кутилмаганда дубулға ёрдамида ўзгаларнинг фикрини эшитиш мумкинлигини тушуниб қолди. Бироқ бундай қуролнинг қанчалик катта наф келтириши мумкинлиги ҳақида ўйлашга улгурмади.

Парк уни отиб ташлади. Эдсел бошига дубулғани кияётганида у ердан қурол олишга улгурганди.

«Ғирт аҳмоқ, тўнкасан, агар билсанг! ― ўйлади ўзича Парк. ― Қироллик эмиш! Бундай қуроллар билан бутун дунёга ҳукмроқ бўлиш мумкин. Сен эса аҳмоқлигингдан кичкинагина қироллик дейсан!»

«Бундай жангчилару қуроллар, куч майдони билан бутун дунёга ҳукмдор бўламан».

У бу ҳақда жуда хотиржамлик билан ўйларди. Гўёки ҳаммаси худди шундай бўлиши керакдай.

Энди ичкарига кириб, синтетларни жонлантирмоқчи бўлиб турганида Эдселнинг қўлидан тушиб қолган қутичага кўзи тушди.

Қопқоғига марсликлар тилида: «Даҳшатли қурол» деб ёзиб қўйишибди.

«Даҳшатли қуроли қанақа бўлса?» ўйлади Парк. Қуролларни синаб кўриш мақсадида Эдселни шу пайтга қадар тинчитмай турганди. Энди эса ортиқча таваккал қилишдан маъни йўқ. Афсус, Эдсел шу қуролни ҳам синаб бера олмади-да!

Дарвоқе, бунинг кераги ҳам йўқ. Шусиз ҳам истаганча қуролларга эга. Бироқ манави охиргиси барча мушкулини осон ва хавфсизроқ қилиши ҳам мумкин. Қисқаси, нима бўлган тақдирда ҳам унга ёрдами тегиши аниқ.

― Хўш, ― деди у ўзига-ўзи, ― қани, кўрайлик-чи марсликларнинг даҳшатли қуроли қанақа экан.

Шундай деди-да, қутичанинг қопқоғини очди.

Қутичадан енгилгина буғ кўтарилди. Парк эса бу заҳарли газ бўлмасин, деган ҳадикда қутичани нарироққа отиб юборди.

Буғ эса ингичка бўлиб тепага кўтарилиб, кейин энига катталаша бошлади. Хуллас, тобора катталаша бориб, антиқа бир шаклга киргач, тўхтади.

Орадан бир неча сония ўтгач, якуний шаклга кирди ва қутича тепасига келиб, қотди. Паркнинг кўз ўнгида булутдан ҳосил бўлган иккита киприк қоқмас кўз пастидаги катта оғиз шакли намоён бўлди..

― Хо-хо! ― деди оғиз. ― Протоплазма!

Шундай дея оғиз Эдселнинг жасади ёнига сузиб келди. Парк дезинтеграторни олди-да, унга тўғирлади.

― Тинч протоплазма, ― деди ҳалиги махлуқ Эдселнинг танасини ея туриб, ― менга тинч протоплазма ёқади.

Шундай, дея у Эдселнинг танасини бутунлигича ютиб юборди. Парк отди. Отган жойида ўн футлик чуқурча ҳосил бўлди. Ундан эса ҳалиги оғиз чиқиб келди ва деди:

― Шу кунларни роса кутгандим!

Парк нима қилишини билмай, қотиб қолди. Йўқ, бунга асаблари дош беролмайди. Бутун танасини эгаллаб бораётган даҳшатга тушиш ҳиссини аранг босиб турарди. Бор иродасини йиғиб, куч майдонини ишга солди. Мовий девор унинг атрофини ўраб олди.

Парк Эдсел Факсонни тинчитган қуролни қўлига олди. Дастасининг қўлига ўз-ўзидан мослашиб олганидан ҳайратга тушди. Махлуқ эса яқинлашиб келмоқд. Парк тепкини босди ва қурол оғзидан нур чиқди...

Бироқ махлуқ яқинлашишда давом этарди.

― Даф бўл! Кўзимдан йўқол! ― чийиллади Парк. Унинг шусиз ҳам фавқулодда таранг асаб толалари чирт-чирт узила бошлаганди.

Махлуқ эса гўёки ишшайгандай бўлиб унга яқинлашарди.

― Менга тинч протоплазма ёқади, ― деди махлуқ. Кейин катта оғиз том маънода Паркни бир ямлаб ютди. ― Лекин фаол протоплазмани ҳам яхши кўраман.

Уни ютгач, куч майдонининг иккинчи томонидан сузиб чиқди ва узоқ-узоқ йиллар муқаддам бўлганидек, миллионлаб тинч протоплазмаларни қидиришга тушди...

Рус тилидан

Нурпўлат НУРҚУЛОВ таржимаси

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech