27 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,9 °C

Бўш вақтда
10 Мар  2019 1637

Буюк Хитой девори тилсимлари

Ушбу иншоот ҳақиқатан ҳам, жаҳон цивилизациясининг буюк ютуғи ҳисобланади. Буюк Хитой девори чиндан ҳам ноёб иншоот, аммо инсон қўли билан яратилган ушбу қурилиш билан боғлиқ жумбоқлар ҳам жуда кўп.

Олиб борилаётган тадқиқотларда ғолиб империянинг бу «Тош камар»и ҳали-ҳануз барибир жавобсиз қолаётган турли жумбоқларни юзага чиқармоқда. Тахминлар, фаразлар, фикрлар — истаганингизча. Қуйида улардан бирини эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Аммо олдиндан эслатиб қўяйлик, бу сирларни очишга бўлган минглаб уринишлардан биттаси, холос.

Золим ҳукмдорнинг ғояси

Бирданига боши берк кўчага солиб қўядиган ҳолатлардан бири — бу Буюк Хитой деворининг қандай мақсадларда қурилганидир. Чунки инсон зоти ҳеч қачон бирон нарсани бекорга барпо этмайди. Дарҳақиқат, ким ҳам ниҳоятда узоқ, машаққатли меҳнат ва мисли кўрилмаган харажатларни талаб қиладиган, ақлга сиғмас ғояга ўзини урарди? Бундан ташқари, ҳамиша бир-бирига душман бўлган ва ўзаро урушлар олиб борган қадимги Хитой князликларининг ягона богдихон (император) ҳукмронлигига бирлашиши даврида вужудга келган янги давлат чегараларини мустаҳкамлаш зарурати туғилган, деган фараз ҳам бизга тарихдан яхши маълум. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатнинг шимолий сарҳадларини тобора кучайиб бораётган кўчманчилардан ҳимоя қилиш керак бўлган. Ҳукмдорлар эса бунга қарши самарали ҳаракат қилиш учун империяда ислоҳот ўтказиш керак, деган фикрда эдилар.

Хуллас, ташқи дунёдан ўзини ажратиш тўғрисидаги қарорга келдилар. Қадимги Хитой шарқ, жануб ва ғарбда қўшниларидан табиий тўсиқлар: тоғ, чўл ва денгизлар билан ҳимояланган, деб ҳисобланарди. Демак, мамлакатнинг фақат шимолий қисмигина очиқ қолмоқда. Ушбу деворни қуриш ғояси эса Цинь сулоласидан бўлган, буюк ислоҳотчи ва фавқулодда золимлиги билан ном қозонган ҳукмдор Ши-Хуандига тегишли. Лойиҳанинг ҳатто, қоғоздаги кўриниши ҳам ўзининг жуда катталиги ва кенг миқёслилиги билан ҳайратга соларди. Буюк Хитой деворининг умумий узунлиги олти минг километрни ташкил этиши керак эди. Ҳақиқатдан ҳам, ақлга сиғмас иш!

Ишчи кучига танқислик сезилмаган

Ушбу азим деворни қуришда миллионлаб одамлар иштирок этган. Аммо девор қуллар меҳнати билан бунёд этилган, дейиш ҳам нотўғри. Бундан ташқари, қурилиш учун малакали усталар ва меъморлар зарур бўлган. Чунки ушбу иншоот минглаб йиллар туриб бериши ҳам керак эди. Ўша қадимги даврларда оддий одамлар учун ҳукмдорга хизмат қилиш муқаддас ва шарафли бурч ҳисоблангани бизга яхши маълум. Одамлар ҳукмдор олдидаги бурчини муносиб ўташ учун бўйин товламай, астойдил меҳнат қилишарди. Бунга нима туртки бўлган, рағбатлантирилишми? Самовий кучлар ва илоҳий императорнинг миннатдорчилигими? Нима бўлганда ҳам ўн минглаб одамлар ана шу ўта оғир қурилишда меҳнат қилиб, жонини беришга ҳам тайёр эдилар.

Лойиҳага кўра, оралиғи етти метрга яқин ва ҳар бирининг қалинлиги бир метрдан сал камроқ бўлган икки асосий девор қурилиб, ўртасида ҳосил бўлган бўшлиқни қум-лой билан тўлдириб, жуда яхшилаб шиббалашган. Бу иш шу даражада пишиқ қилинганки, натижада бу яхлит бир жисмга ўхшаб қоларди. Девор юқорисида эса девор ҳимоячилари учун пана жой вазифасини ўтайдиган тишли «қобирғачалар» қурилган. Девор устининг эни шундайки, унда олти нафар оғир қуролланган суворий бир қатор бўлиб бемалол ҳаракатлана олади. Қатъий тартибда узунлиги ҳар 1 ли (ярим километрга яқин) оралиқда дарвозалардан душманнинг ўтишидан ҳимоя қиладиган қўриқчи-минора («гулхан»)лар қурилган.

Мутлақо тескари сигнал

Минораларнинг номи ҳам қандай мақсадда бунёд этилганини айтиб туради. Тунда қўриқчилар ўзига хос хабар берувчи маёқ вазифасини ўтайдиган улкан гулханлар ёқишган. Хавф туғилган чоғи уни зудликда ўчиришган ва яқин гарнизон ва қоровулларга ана шу тариқа сигнал бериларди. Улар эса ўша заҳотиёқ объектни душмандан муҳофаза қилишга отланардилар. Аммо бунинг бир қизиқ томони бор: бошқа халқларда хабар беришнинг ушбу тизими мутлақо тескари тартибда ишлаган. Яъни хавф туғилди, дегунча гулхан ёқиб, сигнал берилган. Хитойликлар эса бунинг мутлақо тескарисини қилишарди. Нима учун? Бунинг учун девор чизиғига назар солайлик. Агарда ҳимоя иншооти империяни душманлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган бўлса, у ҳолда нега қурилиш охиригача етказилмаган? Мантиқан олиб қаралса, девор шарқий Хитой соҳилларидан Тибетнинг инсон қадами етмас тоғларида тугаши керак эди. Бу ҳолда унинг вазифаси тушунарли ва ўзини оқлаган бўларди. Тўғри, деворнинг бир томони шундай хулоса чиқаришга ундайди. Бироқ иккинчи томонида эса жуда кўп километрлик жойнинг очиқ қолгани. Буни қандай тушуниш мумкин? Узоқ давом этган қурилиш учун маблағ етишмаслигиданми? Негадир бу меҳнатсевар, худодан қўрқадиган хитойликларга сира тўғри келмайди. Нафсонияти кучли бўлган, иззатталаб қадимги золим ҳукмдорларни-ку, қўяверинг! Негаки, мазкур қурилиш келгуси авлодлар олдида шарманда бўлишга эмас, балки Цинь Ши-Хуанди номини абадийлаштиришга қаратилганди. Буюк Хитой деворининг асосий қисми қуриб бўлинганини ҳисобга олсак, яна озгина чираниш талаб этиларди. Дарвоқе, ички Хитойга кириш мақсадида худди ўша очиқ қолган жойдан жуда кўп босқинчилар фойдаланишган ҳам. Бу ерда гап бутунлай бошқа ёқда, шекилли? Аммо жавоб йўқ.

Йўл-йўриқ кўрсатган ким?

Шунга қарамасдан император Цинь Ши-Хуанди қурилиш ишлари кетаётган чоғда доимий равишда нужумшунослар билан кенгашиб, башоратчилар билан маслаҳатлашиб турган. Афсонага кўра, жуда даҳшатли қурбонлик — деворлар орасидаги шиббаланган тупроққа миллионта инсонни кўмиш ҳукмдорга шон-шуҳрат келтириши ва ҳимоя чизиғининг абадий мустаҳкамлигини таъминлаши мумкин экан. Ана шу номсиз қурувчилар Буюк Хитой деворига уни абадий қўриқлаш учун кўмилган. Ўлганларнинг жасадини тик ҳолда дафн қилишган. Агар инсон руҳининг моддийлиги ва вақти-вақти билан танаси кўмилган жойга ташриф буюриб туриши ҳақидаги тасдиқларга ишонилса, у ҳолда бу ерда қанчалик қудратли қувват тўпланишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Аномал ҳодисаларни ўрганувчи тадқиқотчилар миллионта тана кўмилган жойни улкан ҳажмли батареяни қувватлантириш мумкин бўлган «идиш»га қиёслашади. Агар шундай бўлса, у ҳолда бу жой нимани қувватлантириши керак? Математик амаллар шуни кўрсатадики, ўша даврларда хитойликлар интеграл ва дифферинциал ҳисобни жуда яхши билишган бўлиши керак. Бироқ улар, яъни Ўрта асрларда, бундай билимларга эга бўлишмаган. Кенг миқёсдаги қурилиш ишлари эса милоддан олдинги 220 йилда бошланганини унутманг. Тўғри, хитойлик олимлар иррационал сонлар ва чексиз кичик миқдор амалларидан хабардор бўлишган, албатта. Ҳатто, «Олтин кесим» қоидаларидан ҳам хабардор бўлишгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ бундай улкан ва катта кўламли лойиҳа учун уларни татбиқ этиш жуда-жуда камлик қилади. Маълумки, ўша даврларда аэрофототасвир, Ер сатҳининг аниқ харитаси, деган гаплар бўлмаган. Геодезия ҳақида-ку, гапиришга ҳожат ҳам йўқ. У ҳолда қадимги меъморлар ва қурувчиларга ким йўл-йўриқ кўрсатиб турган бўлиши мумкин? Ҳозирги тадқиқотчилар ушбу азим қурилишда «бегоналар» иштироқ этган бўлиши керак, деган тахминни илгари сурмоқдалар. Агар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, у ҳолда ўша «бегоналар» ким? Бунда фақат уларнинг ерликлар бўлишмагани аниқ, дея тахмин қилиш мумкин, холос. Буюк Хитой деворини лойиҳалаштиришда қўлланилган билимлардан бугунги кунгача ўрганилган барча қадимги цивилизацияларда бу каби тўлақонлироқ фойдаланилмаган. Эҳтимол, улар ҳали замонавий фанга номаълум ва Ер юзидан бутунлай йўқолиб кетган маданият вакиллари бўлиши ҳам мумкин. Уларнинг ўзга сайёралардан ташриф буюрган келгиндилар ёки ерга келиб, қайтиб кета олмаган ўзга сайёраликларнинг тирик қолганлари бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Буюк Хитой девори — космосдан аниқ кўринадиган ва инсон қўли билан барпо этилган ягона объектдир. У муайян бир чизиқда жойлашган. Девор тўппа-тўғри эмас, балки илонизисимон тарзда чўзилиб кетган ва бунга Ер рельефи ёки тупроқ зичлигининг турлича эканлиги сабаб бўлган, дейишади. Агарда синчиклаб қаралса, девор текис жойларда ҳам илонизисимон бўлиб чўзилганини кўриш мумкин. Демак, бунга табиий тўсиқларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ ва бошқа қандайдир амалий маъноси мавжуд.

Ўттизинчи параллель

Агар девор харитаси устига географик параллеллар ва меридианлар тўри қўйилса, у ўттизинчи параллелни деярли шундоққина такрорлашини кўриш мумкин. Агар ушбу чизиқларнинг шартли эканини ҳисобга олсак, бу янада қизиқ туюлади. Лекин шунга қарамасдан, худди ўша шартли чизиқ қуруқликни тенг иккига ажратадиган ўзига хос экватор бўлиб хизмат қилади. Экваторнинг ўзи эса Ер юзини иккига ажратиб туришини яхши биламиз. Евроосиё қитъасини харитада тенг иккига бўлиб кўринг-чи. тўғри чизиқ чиқмайди, шундайми? Шу боис бўлса керак, Буюк Хитой девори ҳам иланг-биланг ҳолатда чўзилиб кетган. Бизга яна бир нарса яхши маълум: сайёрамиз вақти ўтиши билан ўз ўқи атрофида айланишини ўзгартириб туради. Яқинда олинган ҳисоб-китоблар ёрдамида 30-параллелнинг бундан 2200 йил олдинги ҳолатини ва қитъанинг тахминий шакли тикланди. Хуллас, худди ўша даврларда девор амалда салкам 30-параллель бўйлаб чўзилиб кетган экан. Худди шу сабабли ҳам унинг «Империянинг олтин ўртаси» деган анъанавий номи келиб чиққан бўлиши ҳам мумкин. Олтин ўрта — бу энг қулай шароит, нолинчи белги, уйғунлик чизиғи, деган маънони билдиради (мазкур сўз бирикмасининг яна беғалва иш, қийинчилик туғдирмайдиган, жон койитмайдиган иш, ишнинг беғалва томони, каби маънолари ҳам бор). Савол: хитойлик ҳукмдорлар бутун қуруқликни эгаллаб олишни ният қилишганми? Девордан, 30-параллель бўйлаб ҳаракат қилиб кўринг-чи?! Дастлаб, Миср эҳромларига дуч келасиз, кейин эса Бермуд учбурчаги. Ғалати тасодифдек туюлмаяптими? Бу ҳали ҳаммаси эмас! Ер қаттиқ қисмининг доимий сейсмик ҳаракати тузатишларига таяниб, яна бир жумбоққа дуч келамиз. Ғайритабиий объектларнинг учаласи ҳам бир-биридан тенг масофадаги узоқликда жойлашган. Буям тасодифмикан? Негадир ўхшамаяпти.

Галактикалараро алоқа комплекси

Маълумки, исталган физик жисмда маълум қувват потенциали мавжуд. Физика билан боғлиқ илмий йўналишларда тадқиқотлар олиб борувчи олимлар сайёрамизда мавжуд бўлган машҳур аномал жойларни атрофлича ўрганишган. Ер доимий электр зарядига эга. Буюк Хитой девори ҳам қаердадир четда эмас, балки бундай потенциалнинг шимол ва жанубга қараб интиладиган жойида бунёд этилган. Электродинамика қонунларига кўра, Ернинг Қуёш атрофида ҳаракатланиши фазасидаги тезлик ёруғлик тезлигидан ҳам анча катта бўлган электроҳанрабо тўлқинини вужудга келтиради. Бу космос билан алоқа ўрнатиш учун етарли шарт-шароит, дегани. Деворнинг бундай антиқа шакл-шамойилда қурилишига шу сабаб эмасмикан? Унинг ташқи деворларидан бемалол иккиўтказгичли алоқа чизиғи сифатида фойдаланиш мумкин. Тахминан ундан сигнал жўнатишган, дейлик. Сигнал эса Ернинг табиий электоҳанрабо майдонига аралашиб кетади ва ўз структураси (тузилмаси)ни ўзгартиради. Марҳамат, ахборот жўнатилди! Қизиқтириб қўядиган фараз, тўғрими? Энди бу Гизадаги эҳромларнинг қандай мақсадда қурилгани (ўзига хос галактикалараро алоқани қабул қилувчи комплекс сифатидаги) ҳақидаги фаразга жо-бажо мос тушади. Яъни — аппарат ишга тўлиқ шай! Олимларнинг тахмин қилишларича, бизга яқин бўлган сайёраларда қабул қилиб-узатадиган комплекслар бўлиши мумкин. «Қуёш тизимида бунинг учун энг қулай жой — Марс», дейишмоқда олимлар. Афтидан у соз ҳолатда. Эҳтимол, Ердаги бу «радиостанция»дан бугун ҳам космосдан туриб фойдаланишаётгандир. Бунда, биз, инсонларнинг иштирок этмаётганимиз афсусланарли.

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech