07 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,4 °C

Мамлакатимизда
19 Мар  2020 337

Бухоро вилояти ҳокими аҳолига мурожаат билан чиқди

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Карим Камолов кеча, 18 март куни "Бухоро" телеканали орқали вилоят аҳолисига қилган мурожаатида бутун дунё жамоатчилиги қаторида “COVID-19” деб номланган хавфли инфекция юртимиз аҳолисини ҳам жиддий ташвишга солаётгани, аммо зудликда кўрилаётган тиббий-эпидемиологик чора-тадбирлар, касалликка қарши тизимли ишлар бошлангани хавотирга ўрин йўқлигини, вазият тўлиқ назоратга олинганлигини билдирди.

— Муҳтарам Президентимиз маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирус муаммосига тўхталиб, бу билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга мурожаат қилди,–деди вилоят ҳокими К.Камолов ўз сўзида. -Юртбошимизнинг “Республикамиздаги барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағ ажратилди. Афсуски, бу хатарли вирус чегара билмас экан. Миллатимиз, кўпни кўрган халқимиз якдил бўлса, ишонамизки, бу қийинчиликни албатта, ўтамиз” деган даъваткор сўзлари барчамизга куч-қувват бағишлади.

Вилоятимизда ҳам коронавирус эпидемиясининг олдини олиш бўйича барча чора-тадбирлар белгилаб олингани таъкидланди. Сўнгги тўрт кунлик  ишларни сарҳисоб қилсак, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ҳокимлигида тегишли бошқарма, корхона ва ташкилотларнинг масъул ходимларидан иборат доимий ишловчи штаб фаолияти йўлга қўйилиб, унда 224-53-00, 224-53-14 рақамли “Ишонч телефонлари” ишга туширилди.

Хориждан қайтаётган фуқаролар учун 630 ўринли обсервация-карантин муассасалари ташкил этилди. Ушбу объектларга қабул қилинадиган фуқаролар учун 13 турдаги санитар-гигиеник воситалар жамланмаси тайёрланган. Карантинга олинган фуқароларни 14 кун давомида бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, вилоятда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарга дезинфекция ишлари билан шуғулланувчи корхоналар бириктирилиб, жамоат транспортларини ҳар куни икки маротаба дезинфекция қилиш тизими йўлга қўйилди. Санитария-эпидемиология осойишталиги марказида 335 та, даволаш-профилактика муассасаларида 2 мингдан ошиқ махсус ҳимоя кийими ва бошқа зарур воситалар захираси яратилган. Шаҳар ва туманлардаги 641 та хусусий дорихона, вилоят “Дори-дармон” МЧЖ тасарруфидаги 215 та ижтимоий дорихонага кунига 60 минг дона юз ниқоб етказиб берилмоқда. Қолаверса, ҳозирда “Дори-дармон” МЧЖ омборида 1,5 тонна гипохлорид-калций, яна етарли миқдорда обикохлорид, перекис водород, спирт каби дезинфекция воситалари жамғарилган. Вилоят ҳудудидаги “Бухоро халқаро аэропорти”, “Олот” чегара ва “Хўжадавлат” темир йўл чегара ўтказиш пунктларида санитария-эпидемиология, ветеринария ва фитосанитария назорати хизматлари фаолияти йўлга қўйилди.

Халқимизнинг бошига тушган ўзига хос синов даврида ваҳима ва саросимага берилмаслик, бозорларда нарх-навонинг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида ваколатли идоралар ҳамкорлигида қатъий назорат тадбирлари кучайтирилган. Айниқса, кундалик эҳтиёж юқори бўлган халқ истеъмоли моллари нархлари сунъий равишда оширилаётган ҳар бир ҳолатга нисбатан қонуний баҳо берилаётгани, ҳудуддаги йигирмага яқин деҳқон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти ва сотилиши барқарор изга солинаётгани эътиборга молик.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда вилоят ҳокими ўз мурожаатида аҳолини ваҳимага берилмасликка, қийин вазиятда бирлашиб баҳамжиҳат ҳаракат қилишга даъват этди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech