15 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,1 °C

Туризм
23 Июл  2020 605

«Боғи баланд» энг гавжум сайёҳлик ҳудудига айланади

Самарқанд шаҳридаги «Боғи баланд» мажмуаси – Амир Темур томонидан асос солинган, Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида, Чўпонота тепалигининг ёнбағрида жойлашган машҳур боғлардан бири. Катталиги 40 гектарни ташкил этган афсонавий боғда Самарқанднинг дунёга машҳур, жаннат меваси - анжир етиштирилади.

Туристик маҳаллани энг гавжум туризм ҳудудига айлантириш мақсад қилиниб, қўшимча хизматларни йўлга қўйиш режалаштирилган. Хусусан, маскан ҳудудида анжир етиштирувчи боғ хўжаликлари томонидан меҳмонларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда табиатга зарар етказмаган ҳолда дам олиш бурчагини ташкил этиш ишлари бошланган. Айнан шу ерда миллий услубдаги шийпонлар қурилиб, миллий таомларни тайёрлаш учун барча шароитлар яратилади.

Боғга ташриф буюрадиган сайёҳлар 200-300 йиллик анжир дарахтларидан ҳосилни йиғишда ҳам бевосита иштирок этишлари мумкин. Маҳаллада туристларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида савдо мажмуаси, озиқ-овқат шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, санитария-гигиена марказлари, бепул Wifi зоналарини ташкил этиш бўйича амалий ишлар ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, маҳаллада туристлардан катта талабга эга бўлиши кутилаётган сайёҳлик дастурини яратиш бўйича амалий ишлар ҳам аллақачон бошланиб кетган. Жумладан, Анжирзор кўчаси бўйлаб меҳмон уйлари, анимация марказлари ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Боғ ҳудудида 2 та кичик меҳмонхона барпо этилиб, агро ва экотуризмни ривожлантириш ҳам назарда тутилган, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech