17 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,8 °C

Бўш вақтда
7 Апр  2019 1490

«Бошланиб қолмасин-да!..»

(2-3 дақиқада ҳаммаёқ вайронтахта)

Вазира мана, бир ҳафтадан бери ошхонада ишламоқда. Уни идиш-товоқ ювишга қўйишган. Ошхонага хўрандалар бирам кўп киришарканки... Аммо ўзининг бир андишали томони бор: юрган жойида бир балоларни бошлаб юради. Энг қизиғи, улар бир бошланса бир ҳодиса иккинчисига, учинчисига, хуллас, кетма-кет уланиб кетаверади, ишонаверинг. Ҳартугул ҳозирча ҳаммаси тинч. Лекин бугун бир-иккита идишни синдириб қўйганида юраги «шиғғ» этиб кетди. «Яна бир бало бошланмаса гўргайди?! Юрагим нотинч! Аниқ ишдан ҳайдашади! Ишқилиб, бошланиб қолмасин-да?!» дея ўйлади Вазира. Бир бошланса, бир-бирига уланиб кетаверишини ўзиям яхши биларди. Ошхонага хўрандалар ҳали келмаган. Тушликка тайёргарлик авжида. Қаҳрамонимизнинг сезишича, ошпазлар ичидаги ягона аёл ― Сожида опа жуда камгап экан. Бироқ бошлиғи ҳамиша унинг маслаҳатига қулоқ соларди. Ошхонадан бош ошпазнинг товуши эшитилди.

― Ҳўвв, синглим, исминг нимайди, ҳалиги, кир ювиш кукуни солинган иссиқ сув олиб кел, манави ерни ювмаса бўлмайди, ― дея ёғ тўкилиб, йилтираб турган кафелни кўрсади.

― Хўп, ҳозир, ― дея Вазира идиш-товоқ ювиладиган хонага кириб кетди. Иссиқ сув ва кир ювиш кукунини бошқа қаерданам олиш мумкин. Бош ошпаз яна баланд овозда деди:

― Самад, аралаштирилган тухумларни қачон олиб келасан? Чаққон-чаққон қимирласанг-чи! Ҳа, аралашмага гармдори қўшишниям унутма, тез бўл.

― Мана, ҳозир. Кетаяпман, ― Самад деганининг овози эшитилди

Вазира тоғорада кўпикли сувни олиб кетаётганда сал мувозанатини йўқотиб, кафель полга тўкиб юборди. Нима қиларини билмай, бир тўхтади-ю, яна югуриб кетди. Бош ошпазнинг жаҳли ёмон. Бақириб-чақириб юрмасин тағин. Худди шу пайти фавқулодда баджаҳл, тажанг ва бақироқ ошхона хўжайини Ваққос ака лапанглаганча кириб келди.

― Қани, тез-тез бўлақолинглар! Бу ерда нима қилиб ивирсиб юрибсан? Сени идиш-товоқ ювишга қўйгандим-ку?! Полга сувни сен тўкдингми? Тезда артиб ол! Нимага лаллайиб турибсан, қимирла!

Вазира кетди. Кўнгли сезяпти, ҳозир нимадир содир бўлади.

У кетаётганида бош ошпаз ёрдамчисига қараб бақирди.

― Тезроқ аралаштирилган тухумни опке. Намунча имиллайсан?!

Бошлиқ чиқиб кетмоқчи бўлди ва Вазира кўпикли сув тўкиб қўйган жойга тойиб кетиб, чалқанчасига йиқилди. Йиқилаётганда мувозанатини сақлайман, дея вертолётнинг паррагидай айлантирган қўли стол четида турган лағмон солинган тоғорага тегиб кетди ва лағмонлар устидан тўкилди.

― Ўлдим энди! Бошланди!!! ― деди Вазира даҳшатга тушиб.

Ҳамма ёғи лағмон хўжайини оғзидан боди кириб-шоди чиқиб ўрнидан турмоқчи бўлаётганида аралаштирилган тухумни каттароқ идишда кўтарганча пириллаб учиб келаётган ошпаз йигит унга қоқилиб кетди. Тўғрироғи, ҳали тўрт оёқлаб турган Ваққос аканинг устидан ўмбалоқ ошиб тушди. Қўлидаги идиш эса бош ошпазга қараб отилди. Юзига қалампир аралаштирилган тухум сачраган фавқулодда баджаҳл ва бақироқ бош ошпаз «вой, кўзим»лаганча жўмрак томон кета бошлади. Аралашмага гармдори қўшишни унинг шахсан ўзи тайинлаганини биласиз.

Шундай, дея тимирскиланиб кетяпти. Темир ака исмли салга бор овозда кулиб юборадиган ошпазлардан бири уни қўлидаги това билан кўрсатиб, хохолаб кулмоқда. Шу пайт бош ошпаз тимисркилана-тимирскилана яна ерга тўкилган тухумга тойиб кетиб оғир темир тумбани ағнатиб юборди. Тумба эса қарсиллаб хохолаб кулаётган Темир аканинг оёғига тушди. У бир пас хохолаб турди, кейин нима бўлганини тушунмай, бир оз индамай турди, кейин оғриқнинг зўридан овози борича бақиради.

― Аааааа! Вой, оёғим!!! Ааа! ― дея чинқирганича қўлидаги това билан бош ошпазнинг бошига «данг» этказиб туширди.

― Нега уни урасан, аҳмоқ! ― ошхона хўжайини келасола унга бақирди.

Оёқларидаги оғриқдан додлаб турган Темир ака, афтидан, нима қилаётганини ўзиям яхши англамай, унинг ҳам бошига това билан «данг» эткизиб туширди. Зарба шу қадар кучли бўлдики, Ваққос ака «подлива» тайёрланиб, совуши учун эндигина ерга тушириб қўйилган идиш ёнига йиқилди. Аммо ўнг қўли ҳали қайноқ «подлива» солинган қозонча ичига кириб қолганди… Овози Темир аканикидан ҳам баландроқ чиқди…

Бу пайтда қулоқларига наушник тақиб олган ошпаз Вали курсида ҳаммага тескари ўтириб олганча, елкасини у ёқ-бу ёққа қимирлатиб мусиқа эшитиб, гуруч тозаламоқда эди. Атрофидаги воқеа-ҳодисани кўргани-эшитгани ҳам йўқ. Худди шу пайтда идиш-товоқ ювиладидан хонадан зални ювиш учун тоғорада росмана қайноқ сув кўтариб чиққан бошқа хизматчи аёл ошхонадаги ағдар-тўнтарни кўриб анграйиб, тўхтаб қолди. Бу орада гуруч тозалаётган Валининг олдига нимадир учиб тушгач, ўрнидан туриб, атрофга аланглади. Худди шу пайт қўлидаги қайноқ сувни унинг курсисига қўйган хизматчи аёл бошлиқни ўрнидан турғазишга шошилди.

― Вой, ўлмасам, нега ерда ётибсиз? Ҳамма ёғингиз лағмон, атала!..Тура қолинг!

Вали эса ҳеч нимани тушунмасдан курсига ўтираяпман, деб ҳалиги қайноқ сувга ўтирди. Уям бироз нима бўлганини тушунмай турди-да, бор овозда чинқирди:

― Аааааааа!

Шу пайт чўтини чиқиллатиб ҳисобчи кирди. Уям ичкаридаги ағдар-тўнтарни кўриб, қотиб қолди.

― Бу ерда нималар бўляпти ўзи? ― сўради у. Аммо гапини айтар-айтмас уям тойиб йиқилди. Қўлидаги чўт отилиб кетди ва қайноқ сувдан эндигина турган ошпаз Валининг бошига бориб тегди. Бечора яна қайноқ сувга ўтириб қолди. Яна чинқириқ. Бу сафаргиси анча баланд.

― Аааааааа!

Ҳисобчи ўрнидан иҳраганча туриб, ўқрайиб, оёғига темир тумба қулаган Темир акага қаради. У эса бунга жавобан унинг ҳам бошига това билан «данг» этказиб туширди. Бу орада ўрнидан туриб, анча ўзига келиб олган ошхона хўжайини ҳисобчидан ҳам баландроқ овозда чинқиради.

― Вазирааааааааааа!..

Хуллас, қизни ишдан ҳайдамоқчи бўлганида Сожида опа ўртага тушди.

― Хўжайин, шу қизда бир гап бор. Ўзингиз қаранг, бир ҳафтадан бери қанча кўп хўранда келяпти. Бир кунда уч-тўртта хўрандадан ошмасди, унутдингизми? Қизни ишга олганингиздан бери... Баракаси борга ўхшайди. Қўйинг, ишлайверсин. Кўпикли сувниям атай тўккани йўқ-ку?! ― дея ундан илтимос қилди.

Бошлиқ ўйланиб қолади. Гапи рост.

― Бўпти, ишлайвер. Аммо энди кўзингга қара! Йўқса, шу кетишингда ҳаммамизни «инвалид» қиласан. Сенга яна бир имконият бераман! ― деди-да, қўлида товани тутганча ҳайкалкадай қотиб, оғриқдан афти буришиб турган Темир акага қараб, ҳиринглаганча гап қотди:

― Темир ака, оёқ қалай?! Товани четга қўйинг, четга қўйинг товани деяпман!!!

Нурпўлат НУРҚУЛОВ.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech