11 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,5 °C

Мамлакатимизда
12 Мар  2019 2933

Нолегал таксичилар билан росмана кураш қачон бошланади?

«Тошкент» халқаро аэропортида нолегал таксичиларга ким ҳам тўқнаш келмаган. Бу фуқароларга йўловчиларни ташиш билан ноқонуний, лицензиясиз шуғулланиш энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1763-моддаси) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши келтирилганига қарамай. Боз устига бу ерда ҳар бир нолегал таксичиларнинг шахсини аниқлаш имконини берувчи камералар ҳам ўрнатилган.

 

Нолегал таксичилар ҳалиям бор-йўқлигига ўз кўзларимиз билан ишонч ҳосил қилишга, бунга яна йўлдош муаммо: сайёҳларни алдаб, нархларни оширишяптими-йўқми аниқлик киритиш учун аэропортнинг ўзида тажриба ўтказишга қарор қилдик.

Якшанба куни куннинг иккинчи ярмида белгиланган манзилга йўл олдик. Авиарейслар ичида энг тез келадигани Москвадан парвоз қилган ва Тошкент вақти билан 17:05 да қўнадиган самолёт бўлди. Самолётдан тушган йўловчилар эса ўтган йили фойдаланишга топширилган иккинчи терминалдан чиқаркан.

Нолегал таксичиларни аниқлаб олиш қийинчилик туғдиргани йўқ. Улар учиб келган сайёҳлару ватандошларимиз чиқиб келадиган йўлакчанинг ўзида мижозларни кутишарди. Учиб келган йўловчилар кўрингач, хийла нарироқда турган расмий таксичилардан фарқли ўлароқ, нолегал таксичилар (оддий тилда уларни «бомбила», дейишади) жонланиб қолишди.

Бундан бир йил муқаддам ўтказилган матбуот анжуманида ваколатли идоралар вакиллари ушбу масала борасида «тез орада тартиб ўрнатилади», дейишганди. Аммо етарлича вақт ўтганига қарамай, улар айтган «тартиб»дан ҳамон дарак йўқ. Афсусланарли томони, бу ватанимизга учиб келганларда, юмшоқроқ айтганда, унча ижобий таассурот қолдирмайди. Бунинг яна бир тушунарсиз томони ҳам бор - расмий, қонуний таксичиларнинг пассивлиги. Худди олдиндан белгиланган келишув бўйича ишлашаётгандек. Улар кетишга улгурмаганлар ёнига келиб, жуда катта нархларда элтиб қўйишни таклиф этишади.

Масалан, шаҳар доирасидаги нарх 60 минг сўмдан бошланаркан. Бу суммага шахсий машинангизда Тошкентдан Чорвоққача бориб-келиш мумкин...

Бунга яна қўшимча тарзда айтиш керакки, бундай таксичилар саррофлик ҳам қилади: долларлар ва бошқа хорижий пулларни сўмга алмаштиришади. Буям нолегал, ноқонуний.

Айтиш жоизки, бир пайтлар АҚШда ҳам лицензиясиз таксилар муаммосига дуч келишган, айниқса, бундан Нью-Йорк тузуккина азият чеккан. Худди биздаги каби Жон Кеннеди халқаро аэропортида нолегал таксичилар куймаланиб юришарди. Иш шу даражага етиб боргандики, таксичилар ҳали тажрибасиз сайёҳлардан 50 ўрнига 200 доллар сўрашарди.

Нью-Йорк маъмурияти бундай вазият нафақат шаҳар нуфузига, балки иқтисодиётга ҳам путур етказади, деган фикрга келишди. Тўғри-да, илгари боплаб алдашган ерга кимнинг ҳам боргиси келарди?.. Шу боис ҳам аэропорт ҳудудига фирибгарларга дуч келиб қолиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш ҳамда фақат сариқ шашкали расмий ва қонуний таксига буюртма бериш лозимлиги ёзилган плакатларни ўрнатиб чиқишган. Йўловчиларни ташиш қоидасини бузганлик учун жарималар миқдори кўп мартага оширилди ва ҳатто, қамоққа олишгача чоралар белгиланди. Ҳозирда ҳаво бандаргоҳида тартибни диспетчерлар назорат қилади. Таксичилар ҳам ҳалол ишлашга ўтишган.

Ана шу хорижий тажрибани, ҳеч бўлмаганда айрим томонларини, қўллаш ва ўзимизга мослаштиришга нима халақит беради? Давлатимиз раҳбари юртимизга сайёҳларни имкон қадар кўпроқ жалб этиш тўғрисида кўп гапиради. Буни сифатли хизмат кўрсатишсиз, ишга виждонлилик ва ҳалоллик билан ёндашувсиз амалга ошириб бўлмаслиги турган гап.

 Константин Башлаев.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech