09 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,5 °C

Кейинги авлод
25 Дек  2018 1698

Болани ким тарбиялаши керак?

Барча замонларда ёшларнинг таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиб келинган ва бу давлат сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бири қилиб белгиланган. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Чунки жамиятимизнинг эртанги куни фарзандларимизнинг юксак даражадаги таълим-тарбияси, одоб-ахлоқига боғлиқ. Улуғ ватандошимиз Абдулла Авлоний: “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат масаласидир”, деганида қанчалик ҳақ эди.

Халқ депутатлари Олмазор туман кенгашидаги Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясидан сайланган депутат, туман халқ таълими бўлими мудири Замира Азимбоева ташаббуси билан тумандаги 28-сонли мактабда "Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот..." мавзусида ота-оналар иштирокида навбатдаги кенгайтирилган мажлис бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 15 июн куни Тошкентда бўлиб ўтган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзуидаги анжуманда ёш авлод тарбияси ҳақида алоҳида тўхталиб шундай деган эди: "Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”.

Бугун тирикчилик ташвишида фарзандларимиз тарбиясига жиддий эътибор қаратмаяпмиз. Кўпчилик ота-оналар рўзғор илинжида эрталабдан кечгача кўчада бўлади. Уйда ўтирган баъзи оналаримиз эса сериал кўришдан бўшамаяпти. Болалар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Фарзандларимиз бирон айб иш қилиб қўйса, тезда мактабга чопамиз ва уялмай ўқитувчини айблаймиз. Ўқитувчи болаларнинг таълими учун жавобгар. Аммо бола мактабга келгунига қадар тарбияни оиласидан, ота-онасидан олиб бўлади-ку! Конституциямизда ҳам боланинг тарбиясига ота-она жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Тадбирда ота-оналар, маҳалла фаоллари ва посбонлари болага етти қўшни ота-она эканлигини қайд этди. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда мактаб ва оила бирлашиши лозимлигини, бунинг учун "Устоз — отангдек улуғ" тамойили асосида иш юритиш кераклигини таъкидлашди. Мажлис иштирокчилари бундай учрашувларни мунтазам ўтказишга келишиб олди.

Эътиборлиси, бундай мажлисни тумандаги барча мактабларда ўтказиш белгиланган ва унда туман халқ таълими бўлими раҳбарлари ҳам бевосита иштирок этади. Одатда ота-оналар мажлиси мактаб директори ёки синф раҳбарлари иштирокида ўтишига кўникиб қолганмиз ва самараси ҳам шунга яраша бўлаётган эди. Демак, Олмазор туман халқ таълими бўлими томонидан илгари сурилган ушбу ташаббусни бошқа туманларда ҳам оммалаштириш керак. Зеро, амалий натижаси ҳам янада самарали бўлиши тайин.

Асилабону Ҳамзаева

www.lostwithpurpose.com сурати

 
 
 

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech