07 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +20,4 °C

Ташвишли хабар
3 Апр  2020 3489

Ваҳима қилманг: жониворлардан инсонларга коронавирус юқмайди

Ҳар куни, албатта, бирорта янги бўлмағур гап чиқади. Асосли бўлса ҳам майли эди. Бу сафар ҳам жониворлар ҳаётига таҳдид солувчи ва аҳоли ўртасида ваҳима уйғотувчи нотўғри ахборот тарқалди. Яқинда баъзи маҳаллий ижтимоий тармоқларда инсон уй ҳайвонларидан коронавирус юқтириши мумкинлиги ҳақидаги мақола пайдо бўлди. Унда Хитой олимлари тажрибасини мисол тариқасида келтиришибди. Лекин бу ахборот тўғри эмас.

Аслида хорижий манбаларда Гонконг ҳукуматининг COVID-19 билан оғриган бемор мушугида SARS-CoV-2 коронавируси топилгани ҳақидаги хабари келтирилади. Шунингдек, мушук, ит, товуқ, чўчқа ва ўрдакларга янги коронавирус инфекцияси юқтиришга ҳаракат қилинган Хитойдаги Харбин ветеринария тадқиқот институтида ўтказилган тажриба ҳам яхши маълум. Натижада коронавирусни мушукларга юқтириш мумкинлиги аниқланди, аммо мушуклар уни инсонга юқтиришга қодир эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қайд этишича, итлар, мушуклар ёки бошқа уй ҳайвонларидан COVID-19 ни юқтириш эҳтимоли ҳақида тасдиқланган маълумотлар мавжуд эмас!

Ўзбекистоннинг расмий @koronavirusinfouz Телеграм-канали «Коронавирусни уй ҳайвонларидан юқтириш мумкинми?» деган саволга шундай жавоб берди:

«Бугунги кунда инсонларда ўткир респиратор касалликларни келтириб чиқарадиган коронавируснинг еттита тури маълум. Ушбу вируслар орасида янги COVID-19 ҳам бор. Ҳозирги маълумотларга кўра, ит, мушук, оғмахон (хомяк) ва бошқа уй ҳайвонлари вирусларнинг ушбу турлари келтириб чиқарган коронавирус инфекцияси манбаи бўлиши мумкин эмас».

Дунёнинг барча инсонлари бир-бирига ғамхўрлик кўрсатиб, қўллаб-қувватлашга киришдилар, шу жумладан, ушбу мураккаб даврда жониворларни ҳам унутишгани йўқ. Масалан, Хитойнинг Ухань шаҳрида кўнгиллилар янги коронавирус инфекцияси авж олгани туфайли эгасиз қолган уй ҳайвонларини қутқариш билан шуғулланмоқдалар. Қолаверса, Ўзбекистонда ҳам карантин пайтида ишсиз қолганлар ва бошқа кўпгина инсонларга, мушук ҳамда итларга ҳам ёрдам бераётган, меҳрибонлик кўрсатаётган кўнгиллилар бор.

Унутманг, ёлғон маълумот тарқатганлик учун қатъий жазолар кўзда тутилган! Аҳоли ўртасида ваҳима уйғотишга қаратилган ҳар қандай кўринишидаги ахборот ва материалларни тарқатиш эса 66 миллион 900 мингдан 89 миллион 200 минг сўмгача жаримага тортиш, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, журналист касбдошларимизга мурожаат қилмоқчиман: обрўимизни туширмайлик, нотўғри маълумотлар ёрдамида сайтларимизда кўришлар ва «лайк»лар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилмайлик, келинг, расмий манбаларга мурожаат қилайлик!

Юлия Саримсакова.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech