29 Ноябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент -2,3 °C

Фикр
7 Июл  2020 989

Барчамиз уйғонишимиз керак

Шу йилнинг 26-27 июнь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташриф буюрди. Бошқа вилоятларга амалга оширилган сафарлар каби ушбу ташриф ҳам бой, мазмунли ва том маънода самарали бўлди.

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки аниқ мақсад, сўз билан иш бирлиги тамойилининг устуворлиги Президентимиз бошқарув услубининг моҳиятини ташкил этади ва бундай ёндашув ҳар бир соҳада, жумладан, вилоятларга ташрифларда ҳам яққол кўзга ташланади. Шу боис, ҳудудлар аҳолисининг давлат раҳбари ташрифидан сўнг кўп нарсаларга умид боғлаши табиий ҳолат бўлиб, энг муҳими, натижалар одамлар кутганидан ҳам зиёда тарзда намоён бўлади.

Бундан Наманганга ташриф ҳам истисно бўлмади. У, аввало, бугунги кунда вилоят аҳолиси дуч келаётган аниқ муаммо ва қийинчиликларни ҳал этишга қаратилгани билан алоҳида эътиборга молиқдир.

Ташриф доирасида қабул қилинган қарорлар эса, ҳеч шубҳасиз, вилоятни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга ёрдам беради.

Сафар чоғида бирор соҳа ёки ишлаб чиқариш тармоғи давлатимиз раҳбарининг диққат-эътиборидан четда қолмади. Ҳукумат аъзоларининг аксарияти, барча асосий идораларнинг мутасаддилари ҳам вилоятда бўлиб, ташриф билан боғлиқ тадбирларда иштирок этди. Президентимиз томонидан уларга нафақат мавжуд муаммоларни бартараф этиш, балки мазкур соҳаларни ривожлантириш бўйича тезкор ва муҳим кўрсатмалар берилди. Мамлакатимиз етакчисининг ташриф доирасида ҳар бир объект билан танишиши, қабул қилган қарорлари ҳақли равишда бутун республика учун намуна бўлди, дейиш мумкин.

Шавкат Мирзиёевнинг аввал-бошдаёқ Наманганга мақтов ёки олқишлар эшитиш учун келмагани, аксинча, уни ижтимоий муаммолар ва уларни ечишга қаратилган амалий таклифлар қизиқтириши ҳақида раҳбар ва мутасаддиларни огоҳлантириб айтган сўзлари ҳам ибратга молик. Шунинг учун ҳам сафар давомида ҳар бир мансабдордан амалий иш ва натижадорлик қаттиқ талаб қилинди.

Айтиш жоизки, Наманган вилояти мисолида давлатимиз раҳбарининг ҳудудларни ривожлантириш стратегиясининг амалий жиҳатлари яна бир карра намоён бўлди. Ушбу стратегиянинг асосий хусусияти — вилоятлар тараққиётига тўсқинлик қилаётган сурункали муаммоларни ҳал этишга комплекс ёндашишдир. Ишсизлик, камбағаллик, заиф иқтисодий база, эскириб кетган инфратузилма ва бошқа масалалар бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, уларни алоҳида-алоҳида ҳал этиб бўлмайди. Бу муаммоларни бартараф этишга ҳар томонлама ва изчил ёндашиш  — вилоят равнақини, энг муҳими, халқ фаровонлигини, миллионлаб инсонларнинг турмуш даражасини оширишнинг тўғридан-тўғри йўлидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев кучли иқтисодчи сифатида буни бошқалардан кўра, теранроқ англайди ва бу ёндашувни имкони борича самарали амалга оширишга интилади.

Шу ўринда Президентимиз томонидан мавжуд муаммолар очиқ тан олинаётганини ҳам қайд этиш лозим. Камчилик ва нуқсонлар нафақат тан олинмоқда, балки уларни ҳал этишга ҳаракат қилинмоқда, бор куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Буларнинг барчаси бир вақтлари бўлгани каби, халқнинг ўз дарду ташвишлари билан ёлғиз қолиб кетмаслигига ишонч уйғотади.

Наманган вилоятига ташриф давлат томонидан муайян ҳудуднинг тизимли муаммоларини ҳал этиш механизмлари аниқ ишлаб чиқилганини ҳам намойиш этди.

Хўш, улар нималардан иборат?

Аввало, асосий эътибор энг долзарб муаммолардан бири — ишсизликни енгишга қаратилади. Том маънода кенг кўламли мақсад-вазифалар белгилаб олинган — 13 триллион сўмлик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш натижасида вилоятда 55 мингта иш ўрни яратилади. 2020 йилнинг ўзидаёқ, 8,3 триллион сўмлик 1 600 та лойиҳани амалга ошириш ва 35 мингта янги иш ўринлари ташкил этиш мақсад қилинган.

Давлат раҳбари топшириғи билан 11-синф ўқувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг 30 фоизини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор берилади. Президентимиз томонидан хориждаги ватандошларимизни юртимизга қайтариш муҳимлиги ҳам таъкидланди. Бу борада жами 115 минг фуқарони қайтариш ва ўзимизда иш билан таъминлаш мўлжалланмоқда.

Ишсизлик масаласини ечиш, бу муаммони, айниқса, ёшлар ва кам таъминланган оилалар ўртасида ҳал этиш диққат марказида бўлди. Бу ҳақда гапирганда, 36 гектар ўзлаштирилмаган қир-адирларда 1000 та иссиқхона қурилишини намуна сифатида келтириш мумкин. Айни пайтда йилига 7 минг тонна сабзавот ишлаб чиқариш қувватига эга 800 та иссиқхона қурилиб, ўз эгаларига топширилди. Қолган 200 та иссиқхонанинг июль ойи охирига қадар фойдаланишга топширилиши режа қилинган.

13 миллиард сўмлик ушбу лойиҳанинг афзаллиги шундаки, бир жойнинг ўзида “битта туман — битта маҳсулот” тамойили асосида юқори сифатли экспортбоп маҳсулотлар етиштирилади. Бунда камбағал оилалар барқарор даромад манбаи ва муқим иш ўрнига эга бўлади. Улар ер, сув, кўчат ва ўғитлар билан кафолатли таъминланади. Умуман олганда, аҳолига барча зарур шароитлар яратиб берилади. Лекин энди улар ана шу имкониятлардан унумли фойдаланишга бор кучи билан ҳаракат қилишлари лозим. Ушбу лойиҳанинг муваффақиятига ишонч ҳосил қилган Президентимиз бундай иссиқхоналар сонини 10 мингтага етказиш юзасидан кўрсатма берди.

Иккинчидан, Наманганда давлатимиз раҳбари яна камбағалликни бартараф этиш масаласини кўтарди. Узоқ вақт давомида барча даражаларда тақиқланган муаммони ҳал қилиш ҳозирги кунда ҳукуматнинг асосий вазифасига айланмоқда.

Бу муҳим ва мураккаб жараёнда камбағалликни қисқартириш учун одамларга нафақа бериш эмас, балки уларнинг ишлаб, даромад топишига тегишли имкониятлар яратишга асосий эътибор қаратилади. Бундай ёндашув иқтисодий истиқбол ва камбағалликни қисқартириш нуқтаи назаридан энг оқилона ва тўғри йўл ҳисобланади.

Ана шу мантиққа амал қилган ҳолда, аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратилади. Грантлар, имтиёзли кредитлар берилади ва айланма маблағларни таъминлаш учун молиявий маблағлар ажратилади. Унинг 2,3 триллион сўми тадбиркорларни айланма маблағлар билан таъминлашга йўналтирилади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бошқа манбалар ҳисобидан яна 350 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Бундан ташқари, тадбиркорликни ривожлантириш орқали кам таъминланган оилаларнинг 12 мингдан ортиқ ишсиз аъзоларини банд қилиш режалаштирилган. Бу, ўз навбатида, йил охирига қадар шунча оилани ночор аҳволдан олиб чиқиш имконини беради.

Учинчидан, ҳар бир вилоятга манзилли ёндашиш ва унинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиш устувор аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари ҳақли равишда “Ўзбекистонда ҳар бир ҳудуд бошқасига ўхшамайди” ва “Наманганнинг ўз ривожланиш йўли бўлиши керак”, дея таъкидлади.

Бу борада вилоятнинг мавжуд салоҳияти ва устун жиҳатларидан максимал даражада фойдаланишга эътибор қаратилди. Шу тариқа унинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, келгусида ривожланишини белгилайдиган соҳалар аниқланди. Яъни Наманганда жуда кўп тажриба тўпланган тармоқлар белгилаб олинди.

Масалан, туман ва шаҳарлар кесимида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқиляпти, ушбу лойиҳалар учун 80 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Вилоятда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган. Биргина 2020 йилда чорвачилик соҳасида 84 та янги лойиҳа жорий этилади.

Маълумки, Поп тумани узоқ йиллар давомида аъло сифатли жун берадиган эчкиларни етиштиришга ихтисослашган эди. Афсуски, кейинчалик бу соҳага етарлича эътибор бўлмагани туфайли тўпланган бой тажриба йўқолиб кетди. Давлатимиз раҳбари томонидан ана шу ноёб тажрибани қайта тиклаш ва ушбу сердаромад соҳани ривожлантириш вазифаси қўйилди. Ҳозирги кунда туманда жун тайёрлаш ва қайта ишлаш кластери ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, Поп ва Чуст туманларидаги 1,5 мингта хонадонга шартнома асосида 20 минг бош қўй-эчки тарқатилади.

Вилоятнинг ўзига хос тажрибаси ҳисобга олинганига яна бир мисол — балиқчиликни ривожлантириш билан боғлиқ. Учқўрғон туманида бу соҳанинг истиқболли ва даромадли тармоқ эканини кўриш мумкин. Шунингдек, Мингбулоқ, Уйчи, Поп, Норин туманларида балиқчилик йўналишида қарийб 300 миллиард сўмлик 75 та янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Тўртинчидан, Наманган вилояти ҳудудларининг иқлим ва тупроқ шароити имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, уларга мос бўлган қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлашга алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари боғдорчилик ҳудудлари сифатида белгиланган.

Дарҳақиқат, фермерларнинг талабни бозорнинг ўзи белгилаб берадиган маҳсулотларни етиштириши жуда муҳим масала. Илгари 90 фоиз эътибор ва куч пахтачиликка қаратилган, аммо самара минимал даражада эди. Бутун республика бўйича пахта экспорти 1 миллиард долларни ташкил этарди, холос. Наманганда бу кўрсаткич янада кам — атиги 70 миллион доллар бўлган.

Кластер тизими ривожланиши билан хомашё қайта ишланиб, қўшилган қийматни таъминлайдиган замонавий ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилди, янги иш ўринлари яратилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, вилоятнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти ошиб, аҳоли даромадлари ўсмоқда.

Кластер тизими, шунингдек, фермерларнинг асосий “бош оғриқ”ларидан бирини, яъни, маҳсулотни сотиш муаммосини ҳал этиш имконини беради. Энди деҳқон ўз маҳсулотларининг харидори аниқ экани ва унинг кафолатли сотилишига амин бўлиши мумкин. Бундай ҳолат фермер хўжаликлари учун таваккалчилик ва хавфни сезиларли даражада камайтириш имконини беради.

Бешинчидан, вилоятнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу борада 75 фоизи хусусий капиталдан иборат бўлган Наманган вилоятининг кичик саноат зонасини мисол тариқасида келтириш ўринлидир. Бу ҳақиқатан ҳам ноёб тажриба. Хусусий капиталнинг жалб қилиниши, шубҳасиз, ушбу зонанинг самарали ривожини ва унинг муваффақиятини таъминлайди. Корхонанинг фойдаси ва ривожланишидан бевосита манфаатдор мулкдор пайдо бўлдими, ижобий натижа узоқ куттирмайди.

Бугунги кунга келиб, вилоятдаги кичик саноат зоналарида 311 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятига эга 32 та лойиҳа якунига етказилди. Мазкур ишлаб чиқариш объектларининг тўлиқ қувват билан ишлай бошлаши 7 300 та янги иш ўрни яратиш ва йилига 7,8 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилишга имкон ­туғдиради.

Олтинчидан, вилоятда манзилли ижтимоий дастурлар ҳам назардан четда қолаётгани йўқ. Бу ерда 4 минг 400 хонадонга мўлжалланган уй-жойлар қуриш режалаштирилган. Уларнинг 750 таси имтиёзли кредитлар бўйича берилади. Яна 1 300 оилага дастлабки бадални тўлаш учун субсидиялар тақдим этилади.

Қўшимча уй-жой майдонларининг пайдо бўлиши квартиралар нархини пасайтириш имконини беради. Уни энди сунъий равишда ушлаб туриб бўлмайди. Бу янада кўпроқ оилалар шахсий, замонавий уй-жой сотиб олиш имконига эга бўлади, дегани.

Яна бир муҳим масалани алоҳида таъкидлаш лозим.

Вилоятда 2020 йилда касб-ҳунарга ўргатиш, имтиёзли кредитлар ажратиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали 20 минг нафар хотин-қиз иш билан таъминланади. Қийин шароитларда яшаётган 294 нафар аёлнинг уй-жой сотиб олиши учун бошланғич бадали тўлаб берилади ва уларга имтиёзли кредит ажратилади.

Юқорида қайд этилган мисоллар ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолининг заиф қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларнинг фақат бир қисми, холос. Биргина шу йилнинг ўзида ана шу мақсадлар учун республика бюджетидан вилоятга қўшимча 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Табиийки, ушбу вазифалар жуда кенг кўламли экани ва уларнинг ­барчасини бир вақтнинг ўзида ҳал этиш қийинлиги ҳаммага аён.

Асосийси, уларни ижро этиш жараёни қатъий назорат остида бўлади. Президентимиз сохта ҳисоботлар даври ўтганини, энди аниқ натижаларга эришиш вақти келганини очиқ-равшан баён қилди.

Ва бу вазифаларни амалда бажариш учун масъулият ва жавобгарлик ҳукумат мутасаддилари ва жойлардаги раҳбарлардан қаттиқ талаб қилинади. Вилоят ҳокимининг “душанбадан — шанбагача” туманларда бўлиши ва мавжуд муаммоларни ҳал этиши зарурлиги очиқ-ойдин кўрсатиб ўтилди. Фақат шу йўл билан қабул қилинган қарорларнинг қоғозда қолиб кетмаслигини, белгиланган барча вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш мумкин.

Давлатимиз раҳбари бу борада маҳаллий кенгашлар, хусусан, қарорларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши устидан қатъий назорат олиб бориши лозим бўлган депутатлар муҳим роль ўйнаши кераклигига урғу берди. Бунинг учун халқ вакиллари соя-салқин, қулай кабинетлардан чиқиб, жойларда фаол ҳаракат қилишлари, жасур ва муросасиз бўлишлари ҳаёт талаби экани яна бир бор таъкидланди.

Айни пайтда фуқароларнинг ўзлари ҳам бу жараёнларда бевосита, кенг иштирок этишлари зарур. Президентимиз айтганидек, “нафақат ҳоким ва вилоят раҳбарлари, барчамиз уйғонишимиз керак”. Давлат бизга ҳамма нарсани қилиб бериши ва ҳал этиши керак, деб эскича ўйлашни тўхтатиш лозим.

Барчамиз яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз, ўз зиммамиздаги вазифани ҳалол ва виждонан, фаол ва ижодкорлик билан адо этишимиз керак. Яна бир муҳим масала — энди ташаббуснинг жазоланмаслиги, аксинча, қўллаб-қувватланишини эсдан чиқармаслигимиз зарур. Бугун ана шундай фикр билан яшаш ва меҳнат қилиш вақти келди.

Элдор АРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик
ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech