21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21 °C

Хавфсизлик
22 Авг  2019 694

Истироҳат боғларидаги аксарият аттракционлар талабга жавоб бермайди

Бугунги кунда республикамиздаги маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган аттракционларнинг ҳолати қандай, улар хавфсизлик талабларига жавоб берадими, мустаҳкамлиги, ёш чегараси эътиборга олинганми? Шу ва шунга ўхшаш барча саволларга Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган “Истироҳат боғларида аттракцион қуришда техник хавфсизлик чоралари, муаммо ва ечимлар” мавзусидаги матбуот анжуманида жавоб берилди.

Анжуманда таъкидланишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маданият ва истироҳат боғларидаги мавжуд аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш учун ҳудудлар бўйича 100 нафардан иборат жами 16 та ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудлардаги мавжуд 129 та маданият ва истироҳат боғи ҳамда аҳоли дам олиш масканларидаги жами 1 минг 845 та аттракцион кўздан кечирилди ва уларнинг хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиши ўрганиб чиқилди.

Таъкидланишича, аттракционларнинг 1 минг 292 тасида техник паспорти мавжуд эмас. 1 минг 106 тасида аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқ. 928 аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмас. Аттракционларга бириктирилган ходимларнинг 1 минг 258 нафарида ўқиганлик тўғрисидаги махсус гувоҳномалар йўқ ва улар техникадан фойдаланиш тартиб қоидаларини мутлақо билмайди.

695 аттракционда жавобгар шахс тайинланмаган бўлса, 931 тасида оператор ва жавобгар шахсларнинг лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган. 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.

Аниқланган камчиликлардан кўриниб турибдики, маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларнинг аксарияти фойдаланиш талабларига жавоб бермайди. Бу ҳолат эса инсон ҳаёти учун хавфлидир.

Маълум қилинишича, юртимизга кўп аттракционлар хорижий давлатлардан, хусусан, Хитой Республикасидан олиб келинади. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган аттракционлар эса етарли тажрибага эга конструкторлар йўқлиги сабаб талабга тўлиқ жавоб бермайди. Жорий йилда Жиззахда содир бўлган инсон ўлими билан боғлиқ фожиа ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилган аттракционда рўй берган.

Ўрганишлар давомида ноқонуний фаолият кўрсатаётган аттракционлар фаолияти ҳам аниқланганлиги айтилди.

 

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech