11 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +24,4 °C

Энергетика
23 Июл  2020 354

Андижонда 7,05 МВт қувватли ГЭС ишга тушди

2020 йил 22 июлда Жанубий Фарғона канали 2-ГЭСда олиб борилган модернизация жараёнлари якунланиб, мазкур ГЭСнинг ишга туширилди.

Таъкидлаш жоизки, гидроэнергетика соҳасида сўнгги уч йил мобайнида бир қатор йирик инвестициявий лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилди. Соҳада янги ГЭСларни қуриш, мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш борасида 30 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар асосида кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Хусусан, Тошкент вилоятидаги Туябўғиз кичик ГЭСи, Наманган вилоятида Катта Фарғона канали кичик ГЭСлар каскади, Жиззах вилоятида Зомин микро ГЭСи, Самарқанд вилоятида 5 микро ГЭСлар янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Маълумки, ўтган асрнинг 50 йилларидан Жанубий Фарғона каналининг атрофида бир қатор гидротехник иншоотлар қурилган.

Ҳозирги кунда, вилоятда Андижон ГЭС-1, Андижон ГЭС-2, «Шаҳрихон ГЭСлари каскади» унитар корхонаси таркибига кирувчи 4 та ГЭС самарали фаолият юритиб келади.

Ўтган йили каскад таркибидаги Жанубий Фарғона каналидаги ГЭС-1 (ЖФК ГЭС-1) модернизациядан чиқарилиб, янги қувватларда фаолиятини давом эттиряпти.

Бу йил эса, каскад таркибига кирувчи Жанубий Фарғона каналидаги ГЭС-2 (ЖФК ГЭС-2)нинг модернизацияси амалга оширилди.

2020 йил 22 июлда Жанубий Фарғона канали 2-ГЭСда олиб борилган модернизация жараёнлари якунлари ҳамда мазкур ГЭСнинг ишга туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Маълумот учун, «Шаҳрихон ГЭСлари каскади» унитар корхонаси таркибидаги ЖФК ГЭС-2 Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида жойлашган.

1962 йилда бош тўғондан 1 320 метр қуйида ЖФК ГЭС-2 ишлаб чиқариш биноси қурилиши бошланган ва 1966 йили тўлиқ ишга туширилган.

ГЭСда Россиянинг «Уралэлектроаппарат» заводида ишлаб чиқарилган гидрогенератор вертикал ҳолда ўрнатилган. ГЭСнинг ўрнатилган қуввати 6,7 МВт ни ташкил этади.

Модернизация ишларини бажариш учун Хитой Халқ Республикасининг «Power Construction Corporation of China» Ltd Бош пудратчи корхонаси билан ҳамкорликда технологик ишлар амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, модернизациядан сўнг ЖФК ГЭС-2 автоматик (ақлли) бошқарув тизими ҳамда 7,05 МВт қувват билан ишлайди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech