19 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,2 °C

Ижтимоий ҳаёт
26 Дек  2018 522

Қамашида ўлган ва касалланган ҳайвонларнинг гўштидан қийма тайёрлаб сотган аёл ушланди

Қамаши туманининг “Чим” қишлоғидаги деҳқон бозори ҳар доимгидек гавжум. Бир томонни мол ва қўйларнинг маъраши тутган бўлса, бошқа томонни савдогар аёлларнинг бақир-чақири. А.Тошев бозор айланиб юриб, рўзғорга ул-бул харид қилиш учун расталар томон бурилди. Тирикчилик важидан топган-тутганини бозорга чиқарган аёллар орасидан ўтаётиб, жавраганча мижоз чақираётган аёлнинг ёнида тўхтади.

Қизиқсиниб, у сотаётган қиймаланган гўштга назар ташлади. А.Тошев гўштнинг фарқини яхши тушунгани боис ранги ва ҳиди ноодатий қиймага узоқ тикилиб қолди. Унинг хаёлида бу ниманинг гўшти экан, деган савол айланди. Аёлнинг гапга тутиши эса хаёлларини тўзғитиб юборди.

— Ака гўшт берайми, янгам чиройли манти қилиб беради? — савдогар аёл кулимсираганча А.Тошевга юзланди.

— Ранги сал бошқачароқ эканми, синглим. Бу ниманинг гўшти ўзи?

— Ниманинг гўшти бўларди, мол гўштида! Қиймаланганига сал бош­қачароқ кўринаётган бўлса керак. Сизни алдаб, нима фойда топаман, — деди аёл А.Тошевнинг саволидан ажабланганини яширмай.

— Нархи қанча?

— Атиги 20 минг сўм.

А.Тошев гўштнинг нархи фалон сўм бўлиб турган бир пайтда, бозорга бундай арзон гўштни чиқаришда бир қинғирлик борлигидан шубҳалана бошлади. Шубҳаларини тасдиқлаш учун ундан озроқ сотиб олишга қарор қилди.

— Менга ярим кило беринг-чи, айт­ганингиздек янгангиз бир манти қилиб берсин…

А.Тошев гўштни олиб, ҳидлаб кўрди. Ундаги нохуш ҳидни сезса-да, аёлга билдирмай, ҳар эҳтимолга қарши унинг телефон рақамини олиб, йўлида давом этди.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Ғузор туман бўлимида А.Тошев келтирган гўшт экс­пертизадан ўтказилди. Вилоят ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази томонидан берилган хулосада мазкур маҳсулот ўлим олди талвасаси ҳолатида сўйилган ҳар хил турдаги ҳайвонлар гўшти бўлиб, истеъмол учун яроқсиз экани маълум бўлди. Қолаверса, уни истеъмол қилиш турли касалликларга сабаб бўлиши ҳам аниқланди. Шундан сўнг Департамент ходимлари томонидан тезкор тадбир ташкил этилди.

Шаҳрисабзлик Дилсўз Султонова (исм-фамилияси ўзгартирилган) тирикчилик юзасидан ўзини бозорга урганди. Дастлаб, йирик шохли молларнинг калла гўштини арзонроққа олиб, шаҳардаги бозорларда устига бир-икки сўм қўйиб, сотиб юрди. Кейинчалик бунга ҳам қаноат қилмай, фаолиятини кенгайтиришга қарор қилди, касалланган, ўлимтик молларнинг гўшти билан савдо қилишга ўтди. Бу ишда унга укаси яқиндан ёрдам берди. Шарофиддин ана шундай молларни топиб, гўштини олиб келар, Дилсўз эса уларни биров билиб қолмаслиги учун қиймалагичдан ўтказиб, бозорга чиқарарди. Опа-ука нафақат Шаҳрисабздаги, балки бошқа туманлардаги бозорларга ҳам ана шундай сифатсиз гўшт маҳсулотларини чиқариб сотишни йўлга қўйишганди.

Дилсўз учун А.Тошев ҳар доимгидек мижозлардан бири бўлиб кўринганди. Шу боис, унинг қўнғироқ қилишини кутмаганди.

— Мен Қамашида сиздан гўшт олгандим, эсладингизми? — деди А.Тошев телефонда аёлга ўзини таништираркан. — Яна 10 килограмм қиймаланган гўшт керак эди, топиб бера оласизми?

Дилсўз ҳали бунча кўп миқдорда гўшт сотиб олган мижозни эслай олмагани учун бироз шошиб қолди. А.Тошевга уйига келса, топиб беришини билдириб, унга манзилини тушунтирди.

А.Тошев ваъда берганидек, Дил­сўзнинг уйига борди. Килосини 18 минг сўмдан ҳисоблаб, 10 килограмм гўшт сотиб олди. Кетар чоғида иложи бўлса шу гўштдан яна 50 килограмм топиб беришини, танишлари сўраганлигини айтди.

Эртаси куни А.Тошевнинг илтимосига кўра Дилсўз укаси билан 25 килограмм сифатсиз гўшт маҳсулотини олиб, уни сотиш мақсадида Ғузор туманига йўл олди. Уларни кутиб олган А.Тошев келишилганидек 18 минг сўмдан ҳисоблаб, уларга қолганини ҳам етказиш шарти билан 900 минг сўм пул берди. Опа-укалар бир зумда мўмайгина даромад топганларига қувониб улгурмасидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳолатдан довдираб қолган Дилсўз аввалига айбини тан олмай, турли баҳоналарни ўйлаб топа бошлади. Аммо келтирилган далиллар олдида ожиз қолди.

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, опа-укаларга қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди.

Ўз нафси йўлида ҳар қандай қин­ғирликдан қайтмайдиган, бу йўлда инсонлар саломатлигига хавф солишдек жирканч ишларга қўл уришдан ҳам тап тортмайдиганлар юқорида қайд этганимиз опа-укалардек эл аро юзи шувут бўлади, қилмишларига яраша жазо олади.

Фазлиддин ТЕМИРОВ,
Деҳқонобод туман прокурорининг ўринбосари

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech