22 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,8 °C

Бўш вақтда
4 Июл  2019 1010

«Уддалай олармиканман...» эмас, «албатта, уддалайман!»

Манбаларда келтирилишича, ҳар бир инсон ўзига бўлган ишонч билан дунёга келаркан. Бироқ болаликдан бошланадиган турли шубҳа-гумонлар бир умр уни таъқиб этади ва ана шу ишончни сусайтиради, ҳатто бутунлай йўқотади ҳам. Хўш, одам ўзига бўлган ишончни қайтара оладими? Ўзига бўлган ишонч инсонга аслида нима учун керак?

Ишончсизлик — ярим мағлубият

Психологларнинг айтишича, ўзига ишонмаслик рисоладагидек яшашга ҳам халақит бераркан. Шу сабабли ҳам биз, ўзимизга мутлақо ёқмайдиган иш, юмушларни бажаришга, кимларнингдир турли куракда турмас гаплари-ю, қилиқларига чидашга, кам маош тўланадиган ишда меҳнат қилишга мажбур бўламиз. Ўзига ишонмайдиганларга эса бетўхтов иш буюрадиганлар, елкасига чиқиб оладиганлар, қўпол муомала қиладиганлар ҳам кўпайиб кетади. Табиийки, бундан асаблар қақшайди, жиддий хасталиклар ҳам «ёпишиши» ҳеч гап эмас. Унутманг, ўзига ишончсизлик — одамнинг энг катта душмани! Ҳаётингизда туб бурилиш содир бўлай деб турганда ёки омад энди қўлга кирай деб турганда мана шу кичкинагина иллат оёқдан қаттиқ чалиши мумкин.

Қандай уддалаш мумкин?

Ўзига ишонмасликдан қутулишни исташнинг ўзи ҳам унга берилган дастлабки кучли зарбадир. Иккинчи, ҳал қилувчи зарба эса — сизнинг ҳаракатга тушганингиз. Янаги душанба ёки келаётган ойнинг биринчи санасини кутиб ўтирманг. Унутманг, бунда ички бир овоз: «Ўхшамай қолса, нақ шарманданг чиқади-я?!», «Бунинг сенга нима кераги бор?» каби саволларни бера бошлайди. Аммо зинҳор бунга қулоқ тутманг! Ундан кўра, ҳаётингизда ижобий туб бурилиш содир бўлиш арафасида турганингиз ҳақида ўйланг. Сиз тез орада ҳамкасблар орасида юқори нуфузга эга, исталган муаммони ижобий ҳал этишга қодир инсонга айланасиз. Бунинг учун сизга ғойибдан бирор куч ато этилмайди. Шунчаки, ўзингиз билан бирга туғилган ишончни қайтарасиз, холос. Аслида турли ташқи таъсирлар, вазиятлар ва ҳолатлар сизда ўзига ишонмасликни келтириб чиқариб, ишончнинг «қўл-оёғини боғлаб ташлаган». Ўзига ишониш — осон ва табиий.

Ўзига ишонган қандай яшайди?

Ўзига ишонган киши атрофдагилар билан мулоқот қилишдан ва эртанги кундан чўчимайди. Унинг ўз мустақил фикри бор ва буни бемалол атрофдагиларга айтади ва ўтказа олади. Қийинчиликлардан қўрқмайди ва уларга тик қарайди. Ўзига ишонган киши баъзан нафақат ўзи, балки атрофдагилару яқинлари учун ҳам масъулиятни зиммасига олишга қодир. Ўзига ишонмайдиган эса: «Бу қўлимдан келмайди!», «Билмадим, эплолмасам керак», «Бу менинг ишим эмас» каби турли баҳона-ю, важлардан нарига ўтмайди.

Баъзилар ўзига бўлган ишончни ҳосил қилиш учун махсус курслар ёки тренингларга ҳам қатнайди. Унутманг, агар қалбингиздаги ишончсизликни ўзингиз йўқотишга киришмас экансиз, ҳеч ким сизга ёрдам беролмайди.

Турмуш тарзингизни ўзгартиринг

Психологларнинг айтишича, ичдан ташқарига чиққан салбий ҳислар инсоннинг ўзига қарши «ишлай бошлайди». Негаки, нуқул ёмон нарсалар ҳақида ўйласангиз, ўша ёмон нарса «лаббай» деб олдингизга келади. Яхши ўй-хаёллар ва ҳислар — яхши нарсаларни ўзига оҳанрабодай тортади.

Ҳеч қачон ўзингизни оқламанг ва айбламанг! Хатога йўл қўйдингизми, «оҳ-воҳ»ламасдан дарҳол тузатишга киришинг. Негаки, айбдорлик ҳисси салбий натижага олиб келади. Яхши нарсаларга интилиш, атрофдагиларга ҳам яхши кайфият, ҳислар улашишда гап кўп.

Тез натижа кутманг, сабрли бўлинг

Дастлаб, ўз олдингизга кичикроқ мақсадларни қўйинг ва эришишга интилинг. Унга эришиш кишида ўзига бўлган ишончни оширади ва келгуси мақсадлар сари интилишга туртки беради. Ҳатто, арзимас бўлсаям эришган ютуғингиздан миннатдор бўлинг ва тўхтаб қолманг. Унутманг, қийинчиликларни енгиб ўта туриб, сиз янада кучлироқ кишига айланасиз. Ишончнинг ашаддий душмани — қўрқувдир. У билан жиддий курашишга тўғри келади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech