26 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +36,6 °C

Халқаро ҳамкорлик
1 Апр  2020 578

Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, 1 апрель куни коронавирус тарқалишининг олдини олишда кўмак бериш мақсадида Афғонистон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами жўнатилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги муносабатлар мамлакатларимиз раҳбарлари ташаббуси билан юқори чўққига кўтарилди. Зеро, Ўзбекистон минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашни ташқи сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида белгилади. Бу жараёнда, айниқса, кўп йиллардан буён нотинчлик ўчоғига айланиб қолган афғон заминида тинчлик ўрнатиш, бу ерда яшаётган халқни фаровонликка етаклаш жиддий мақсад қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг бу борадаги қатъий интилиши, муаммони ечишга қаратилган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда. Энг муҳими, Президентимиз ушбу мамлакатни ривожлантириш учун савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги қийин ва мураккаб вазиятда Афғонистонга инсонпарварлик кўмаги ажратилгани эзгулик йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мамлакатимиз раҳбари номидан биродар афғон халқига Ўзбекистоннинг дўстона ёрдами сифатида йўлга тушган эзгулик поездикоронавирусга қарши курашда биринчи навбатда зарур бўладиган маҳсулотлардан шакллантирилган. Тиббий ниқоблар, ҳимоя комбинезонлари, касалликни аниқлашга ёрдам берадиган тепловизор, пирометрлар, ун, ёғ, гуруч, хўжалик совуни, шунингдек, афғон болалари учун кийим-кечак маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик юки Ангрен – Тошкент – Термиз – Мозори-Шариф йўналиши бўйлаб жўнаб кетди.

– Бугун ер юзининг ҳеч бир мамлакати йўқки, бошқа давлатлар тақдирига бефарқ қараётган бўлса, – дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаев. – Зеро, коронавирус инфекцияси бутун дунё аҳолисини умумий хавф остига қўйди. Ушбу касалликка қарши барча мамлакатлар биргаликда курашсагина офатни енгиш мумкин. Ўзбекистоннинг афғон халқига кўрсатаётган кўмаги мана шу ҳамжиҳатликнинг яққол мисолидир.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech