11 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +22,6 °C

Халқаро ҳамкорлик
12 Июл  2020 412

500 миллион долларлик битим имзоланди

Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банки мамлакат қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун умумий қиймати 500 миллион долларлик қарз битимини имзоладилар.

Лойиҳа Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан тегишли равишда 276 миллион доллар ва 224 миллион доллар миқдорида молиялаштирилади.

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади: унинг ЯИМдаги улуши 28 фоизни, ушбу секторда банд бўлган меҳнатга лаёқатли аҳолининг улуши 27 фоизни (3,6 миллион киши), мамлакатнинг умумий экспортидаги улуши эса 10 фоизни ташкил этади. Ушбу соҳа юқори иқтисодий ўсишни намойиш этиб келмоқда ҳамда хусусий сектор ривожланишининг драйверларидан бири ҳисобланади.

2017 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзгаришлар Ўзбекистон ҳукуматининг кенг ислоҳотлар дастурининг муҳим қисмига айланди. Ушбу ислоҳотларнинг мақсади - қишлоқ хўжалигидаги пахта ва буғдой улушини камайтириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни, шу жумладан, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида соҳада меҳнат унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини экспортини кўпайтириш, тармоқни янада модернизация қилиш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилишдир.

Ушбу лойиҳа туфайли Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги фермерлар ва агро корхоналари вакиллари учун замонавий технологиялар, техник маслаҳатлар, ишлаб чиқариш, агрологистика, фитосанитариянинг турли босқичларида қўллаб-қувватлаш хизматларидан, шунингдек, савдо ҳажмини ошириш учун зарур ахборот манбаларидан фойдаланиш имконияти яратилади. Натижада, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятининг ўсиши ҳисобига уларнинг ички ва халқаро бозорларда иштироки кенгаяди.

Лойиҳада маҳаллий тижорат банкларининг иштироки туфайли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш ҳамда маҳсулотларни сақлаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш қувватларини яратиш, шунингдек, энергетик ва сувни тежайдиган технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишни назарда тутган ҳолда экспортга йўналтирилган қўшимча қиймат занжирларини кўпайтириш учун улардан фойдаланиш истиқболлари билан узоқ муддатли кредит ресурсларини жалб қилиш имкониятига эга бўладилар.

Лойиҳа шунингдек, Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларини модернизация қилиш, амалий тадқиқотларни ўтказиш ва тармоққа илғор ишланмаларни жорий этишга ёрдам беради. Лойиҳа тадбирлари уруғчиликни ривожлантириш, ер ва сув ресурсларини бошқариш, муайян ҳудудларга мўлжалланган агроэкологик иқлимга чидамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистондаги ўсимликларнинг ноёб генетик материалларини сақлаш масалаларига қаратилган бўлади.

Таъкидлаш жоизки, Жаҳон банкининг молиявий ва техник ёрдами сезиларли даражада ошди. Бугунги кунда ташкилотнинг умумий қиймати 4,4 миллиард долларга тенг 23 та лойиҳадан иборат бўлган Ўзбекистон бўйича дастури Туркиядан кейин Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик дастури ҳисобланади. Банк ҳукуматга турли соҳаларда, жумладан, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизимларини, сув таъминоти, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, коронавирус пандемиясининг соғлиқни сақлаш тизимига, иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлиги салбий таъсирини юмшатиш бўйича инқирозга қарши дастурни амалга оширишда муҳим ёрдам кўрсатиб келяпти.

Маълумот учун: Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) Жаҳон банкининг асосий кредит берувчи муассасаси бўлиб, айни пайтда 189 аъзо давлатга тегишли глобал ривожланиш ташкилоти ҳисобланади. Дунёдаги энг йирик ривожланиш банки сифатида, ХТТБ Жаҳон банки гуруҳининг миссиясини кредитлар, кафолатлар, таваккалчиликларни бошқариш бўйича маҳсулотлар ва маслаҳат хизматларини тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, ХТТБ минтақавий ва глобал муаммоларга жавоб чораларини мувофиқлаштиради.

Халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ) Жаҳон банкининг таркибида 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, тенгсизликни камайтириш ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш дастурларини амалга ошириш учун кредитлар ва грантлар тақдим этиш орқали камбағаллик масштабини камайтиришга йўналтирилгандир, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech