18 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,4 °C

Хавфсизлик
8 Фев  2019 1488

3,8 млрд. сўмлик ноқонуний олиб кирилаётган телевизорлар фош этилди

Давлат божхона хизмати органлари томонидан республикамиз ҳудудига товар-моддий бойликларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб кирилишининг олдини олиш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамай, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар томонидан товарларни божхона назоратидан четлаб ёки яширинча олиб киришга бўлган уринишлар, бунинг учун эса турли ҳийла-найрангларни ишга солиш ҳолатлари ҳамон кўзга ташланмоқда.

Яқинда Давлат божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ана шундай ноқонуний фаолият билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг кирдикорлари фош қилинди.

Қўшни давлатдан Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама” чегара-божхона пости орқали республикамизга кириб келган, қўшни давлат фуқароси бошқарувидаги юк автотранспорт воситасига тегишли ҳужжатлар кўздан кечирилганида, божхона ходимларни шубҳалантирган айрим жиҳатлар намоён бўлди.

Ҳужжатларга кўра, республикамиздан гўёки транзит тарзида ўтаётган мазкур юк автотранспорт воситасига ортилган юкларнинг инвойс ҳужжатлари қаранг-ки, 2 хил экан.

Уларнинг бири республикамизга кириб келишда божхона органларига тақдим қилиш учун мўлжалланган бўлиб, унга кўра автотранспорт воситасига қиймати 17 минг АҚШ долларидан ошиқ бўлган 2482 дона телевизорлар ва 200 дона иссиқлик радиаторлари ортилгани қайд қилинган.

Аммо, чегарадан чиқиб кетиш давомида божхона органларига тақдим қилиниши лозим бўлган сохта инвойсда эса иссиқлик радиоаторлари 100 тага камайтириб кўрсатилган, телевизорлар ўрнига эса кулолчиликда қўлланиладиган материаллар, кўрпа-тўшаклар ва турли ғилофлар борлиги акс эттирилган.

Ҳужжатлардаги номувофиқликларга ойдинлик киритиш мақсадида мазкур юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, унга 4 турдаги 2680 дона чет элда ишлаб чиқарилган телевизорлар ортилгани аниқланди. Уларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 3 млрд. 816 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Демак, жиноий гуруҳнинг ҳийласига кўра республика ҳудудидан гўёки транзит тарзида ўтказилаётган мазкур телевизорлар аслида ички ҳудудда тушириб қолдирилиши ва уларнинг ўрнига чиқиб кетишда бошқа товарлар ортилиши режалаштирилган.

Жиноий гуруҳ аъзолари ушбу контрабанда махсулотларини республикамиз ҳудудида тушириб қолдириш режаси фош қилинишининг олдини олиш мақсадида божхона ходимларини пора эвазига оғдиришга ҳаракат қилишади ва божхона ходимларига 9 минг АҚШ долларини пора сифатида таклиф қилишади. Аммо, уларнинг бу найранги ҳам наф бермади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.  Шунингдек, жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини ҳам фош қилиш ва уларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш юзасидан тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.

Ҳусан ТАНГРИЕВ, 

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати бош инспектори

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech