05 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +31,4 °C

Биласизми?
16 Июн  2020 1526

21 июнь куни Ўзбекистонда қуёш тутилишини кузатиш мумкин

Якшанба куни Ер юзи аҳолиси қизиқарли астрономик ҳодисалардан бири – Ҳалқасимон Қуёш тутилишини кузатишлари мумкин. Ушбу тутилиш тўлиқ шаклдаги Ҳалқасимон тутилиш ҳисобланиб, тутилишнинг тўлиқ фазасида Қуёш юзасининг 99,4 фоизини ташкил қилади. Қуёш тутилиши тўлиқ фазасининг давомийлиги 38 секундга тенг бўлади.

Ушбу астрономик ҳодиса Африка, Арабистон ярим ороли, Евроосиё, Япон ва Малай архипелаги ҳамда Австралия ҳудудларида жойлашган 111 та давлатда кузатиш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг ҳамма ҳудудида қисман Қуёш тутилиши кузатилади. Қуёш тутилиши энг катта қийматига эришган вақтида Республикамизнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида яъни, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида Қуёш юзасининг 39% дан 50% гача бўлган қисми, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида эса Қуёш юзасининг 58% гача бўлган қисми Ой томонидан тўсилади. Юртимизнинг энг жанубий ҳудуди – Термиз шаҳрида эса бу қиймат 63% гача етади. Ўзбекистон аҳолиси қуйидаги жадвал асосида тутилишни кузатишлари мумкин, деб хабар беради Ўзбекистон фанлар Академияси матбуот хизмати.

Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 10:01 да бошланади, максимум фазаси эса 11:24 да кузатилади. Шу пайтда Ой Қуёш юзасининг 51% ини тўсади ва бу вақтда Қуёшнинг горизонтдан баландлиги 68° ни ташкил қилади. Тошкент шаҳрида Қуёш тутилишининг умумий давомийлиги 2 соат 49 дақиқани ташкил этади. Соат 12:51 да Қуёш тутилиши якунига етади. Ушбу қийматлар фақат Тошкент шаҳри учун ҳисобланган бўлиб, тутилишнинг бошланиши, максимал қиймати ва тугаши юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шунга яқин вақтларда ва қийматларни акс этган ҳолда юз беради.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech