11 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,3 °C

Мамлакатимизда
14 Июн  2020 887

15 июндан бошлаб нима ўзгаради?

Республика махсус комиссияси амалдаги карантин талабларини 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилгани ҳақида маълум қилганди.

Энди табиийки, 15 июндан бошлаб нима ўзгаради?— деган савол пайдо бўлади.

Республика махсус комиссияси коронавирус пандемиясига қарши кураш самарадорлигини ошириш мақсадида муайян вазиятдан келиб чиқиб, белгиланган чора-тадбирлар дастурига киритилган ўзгартиришлар ҳақида қуйидагини маълум қилади:

Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият яхшиланиб бораётган мамлакатлар билан халқаро авиақатновларни қайта йўлга қўйиш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда инвестиция лойиҳалари доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Биринчидан, жорий йилнинг 15 июнидан қуйидаги тоифадаги шахсларга авиақатновлар орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган давлатларга Ўзбекистон Республикасидан кириш ва чиқишга рухсат берилди:

- хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;

- инвестиция лойиҳалари доирасидаги Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий компания ва бошқа ташкилотлар мутахассислари;

- даволаниш учун келаётган (чиқаётган) шахслар;

- хорижда яқин қариндошлари ёхуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;

- хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари сўровларига асосан Ўзбекистон Республикаси орқали бошқа давлатларга олиб ўтилаётган (транзит ҳаракатланаётган) шахслар;

- Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган хорижий давлат фуқаролари, доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

- ўқиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш учун фуқароларга Ўзбекистон Республикасидан чиқишга рухсат берилди.

Бунда, авиақатновлар санитария қоидалари ва нормаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилади.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасига:

- санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган (яшил рейслар) — Япония, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Исроил давлатларидан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар карантин назоратига олинмайди;

- коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камайган (сариқ рейслар) — Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд, Цингапур давлатларидан (охирги 14 кун ушбу мамлакатларда бўлиб турган) кириб келган шахслар 14 кун давомида уй карантини назоратига олинади;

- коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган (қизил рейслар — эвакуация рейслари) — қолган бошқа давлатлар, шу жумладан, БАА, Туркия, Эрон, Афғонистон, Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан кириб келган шахслар 14 кун давомида карантин назоратида сақланади.

Санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган ва яхшиланаётган мамлакатларда авиарейс қатнови кунига қадар узлуксиз 14 кундан кам бўлган, шунингдек, оғир санитария-эпидемиологик вазият сақланиб қолаётган давлатлардан транзит орқали келаётган шахсларга Ўзбекистон Республикасига келиш учун авиа билетлар реализация қилинмайди.

Учинчидан, фуқароларга қулайликлар яратиб бериш мақсадида Республикада эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда,

«сариқ» ва »яшил» тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда қуйидаги поездлар қатнови тикланишига рухсат берилди:

Тошкент - Бухоро - Тошкент;

Тошкент - Термиз - Тошкент;

Тошкент - Хива - Тошкент;

Тошкент - Нукус - Тошкент;

Андижон - Хива - Андижон;

Андижон - Бухоро - Андижон;

Андижон - Термиз - Андижон.

Бунда, Транспорт вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан биргаликда ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб поездлар қатнов режасини белгилаб боради.

Шунингдек, Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда «Афросиёб» поездларининг қатновлари йўлга қўйилишига рухсат берилди.

Юқоридагилар билан бир қаторда автотранспорт воситаларида ёлғиз ҳаракатланаётган ҳайдовчига тиббий ниқобдан фойдаланмасликка рухсат берилди.

Тўртинчидан,

давлат мактабгача таълим ташкилотларининг тарбияланувчиларни қабул қилишга пухта тайёрлаш, шу жумладан санитария-гигиеник қоидалар ва хавфсизлик чораларини тўлиқ таъминлаш мақсадида уларнинг фаолиятига жорий йилнинг 1 августидан бошлаб рухсат берилади. Бунда:

- давлат мактабгача таълим ташкилотлари бинолари доимий равишда дезинфекция қилинади, уларга кириш-чиқиш жойлари пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшаклар» билан жиҳозланади;

- ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопдан фойдаланади ва ижтимоий масофани сақлайди;

- тана ҳарорати 370С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчилар машғулотларга киритилмайди.

Шу билан биргаликда, 2020 йил 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилган бўлиб, бунда мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш тўғрисидаги чеклов бекор қилинди.

Бунда, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчилар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чекловларига қатъий риоя этилиши бўйича масъулият мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти ҳамда тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига бирдек юклатилади.

Бешинчидан, юқорида келтириб ўтилганлар билан биргаликда, жамоат жойларида тиббий ниқобдан ва антисептик воситалардан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиш бўйича санитария-гигиена талабига қатъий риоя этилиши, шу жумладан ижтимоий масофани сақланиши устидан назоратни кучайтириш белгиланмоқда.

Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга ажратиш тартиби, шунингдек, кучайтирилган санитария-гигиена назорати жорий йилнинг 1 августига қадар сақлаб қолинади.

Карантин чекловлари шароитида фаолият юритишига рухсат берилган тадбиркорлик субъектларига (қурилиш, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш объектлари ва бошқалар) тегишли объектларда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланиши белгиланди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech