22 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +39,6 °C

Мамлакатимизда
1 Апр  2019 1135

“Йиғ-йиғ”лар қачон барҳам топади?

ёки мактабгача таълим муассасида Кузатув кенгаши ишончни оқлаяптими?

 

Ҳар даврда инсоният тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб келган коррупция, таъмагирлик, порахўрлик, таниш-билишчилик, давлат мулкини талон-тарож қилишга қарши муросасиз курашиб келинган. Чунки бу иллатлар томир отса, давлат таназзул сари юзланиши, халқ манфаати йўлида қилинган барча саъй-ҳаракат бесамар якунланиши ҳақиқатдир.

Мамлакатимизда ҳам бундай иллатларга барҳам бериш чоралари кучайтирилиб, ҳуқуқий асослар яратилди. Афсуски, бу борадаги ишлар кутилган натижани бермади. Аммо ҳар ишнинг вақт-соати борлигини ҳисобга олсак, кескин амалий ҳаракатлар бошлангач иллат тарқатувчилар учун “сичқоннинг ини минг танга” бўлиб қолаётганини кўриб, эшитиб турибмиз.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилнинг 4 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бунга қарши курашишнинг ҳуқуқий асоси бўлди. Жамиятда бунга қарши муросасиз курашни шакллантириш давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида белгиланган. Энди бундай қинғир ишларни амалга оширганлар учун қатъий жазо муқаррар, қонунларни билмаслик бирор кишини жазодан қутилишига баҳона бўлолмайди. Умуман, ушбу йўналишда кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинган бўлса-да, унинг ижросига келганда яна сусткашликка йўл қўйиляпти. Мактабгача таълим муассасалари ҳам бундан мустасно эмас.

Ташкил қилинганига ҳали уч йил бўлмаган Мактабгача таълим вазирлиги соҳада ечимини кутаётган шунчалик кўп муаммога дуч келмоқдаки, уларни бартараф этиш учун давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, ҳатто журналистларни ҳамкорликка чақирмоқда. Таъкидлаш лозим, вазирликнинг ўзи ҳам ўз-ўзини тафтиш қилиш борасида тиним билмаяпти. Буни мактабгача таълим вазирлиги ички аудит хизматининг 2018 йил якуни бўйича эълон қилган ҳисоботидан ҳам билиш мумкин.

Вазирлик ҳисоботида айрим МТМ раҳбарлари турли лавозимларга “ўлик жонлар”ни расмийлаштириб, иш ҳақларини ноқонуний ўзлаштиргани, ота-оналарнинг тўлов пуллари ёки ҳомийлик маблағлари ғазнага кирим қилинмаётгани, моддий бойликлар талон-тарож қилингани, энг ёмони, таомномада белгиланган озиқ-оқат маҳсулотлари болаларга тўлиқ берилмай, ходимлар томонидан ўзлаштирилаётгани бўйича инкор этиб бўлмайдиган аниқ манзилли мисоллар келтирилган. Аудиторлар томонидан мактабгача таълим муассасаларида ўтказилаётган назорат тадбирлари пойтахт ва ҳудудларда мунтазам олиб борилаётгани, камомад, ноқонуний харажатларни аниқлаш, олдини олиш давом этаяпти.

Шунга қарамай, кўча-кўйда таниш-билишлар билан суҳбатлашиб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кундалик хабарларни кузатиб, МТМда ҳамон бундай ҳолатлар давом этаётганидан кўнглингиз хира бўлади.

– Боғчамизда капитал таъмир бошланганидан жуда хурсанд бўлдик, – дейди Тошкент шаҳридаги МТМ тарбиячиларидан бири. – Лекин умуман тажрибасиз ишчиларнинг қурилиш материалларини увол қилаётганини кўриб, эсиз давлатнинг шунча пули дейсиз. Биргина мисол, хоналарга бўёқ сураётганда биринчи навбатда тепадан бошлаш кераклигини мактаб ўқувчиси ҳам билади. Бизда эса аксинча бўлди. Аввало, пол икки марта бўялди, сўнг хоналарнинг тепа қисмини бўяш бошланди. Пастга томган бўёқ томчиларини йўқотиш учун пол қайтадан яна икки бор тўйинтирилди. “Шунча бўёқни исроф қилмай, аввал тепадан бошламайсиларми?” деган саволимга ишчилар “опа, сизнинг чўнтагингиздан кетяптими?” деган жавоб билан оғзимга ургандек бўлди. Кўрганларим шунча бўлса, кўрмаганларим қанча? Ахир бу халқнинг пулини кўкка совуриш эмасми, наҳот буни назорат қиладиганлар бўлмаса? 

Бу оддий бир мисол. Агар жараённи зимдан кузатсангиз ҳақиқатан ҳам бугун капитал ёки жорий таъмир қилинаётган мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида бюджет маблағлари увол қилинаётганига амин бўласиз. Ёки бунинг учун шунчалик ҳисоб-китобсиз маблағ ажратиляптими?!

– Боғчадаги “йиғ-йиғ”лар қачон тугайди? – дейди пойтахтлик уй бекаси Гули Муродова. – Навбатдаги ота-оналар мажлисида аёллардан бири болаларимизга сочиқ ва ўйинчоқ олиш учун 40 минг сўмдан йиғиш таклифини кўтарди. На мажлисда ўтирган боғча опалар, на ота-оналардан ҳеч ким нега пул йиғяпмиз, ахир давлат ҳамма нарса билан таъминлаб қўйган-ку, деб эътироз билдирмади. Ноилож бердик, аммо қани эди шу билан “йиғ-йиғ”имиз тугаса?

– Аёлим яқинда МТМга жойлаштирган фарзандимиз учун идиш-товоқ, ҳатто қошиқ олишимиз кераклигини айтганда тепа сочим тикка бўлди, – дейди Бехзод Алимқулов. – Хотиним қаршилигимга қарамай бозордан ҳозир модага кирган идишларни танлаб, боғчага олиб бориб берди. Қизимга олинган қимматбаҳо идиш арзонроғидан фойдаланаётган бошқа болаларнинг ҳамиятига тегмайдими? Бу табақаланишга олиб келади-ку! Наҳот боғча мудиралари шуни ўйламаса?

Боғчаларда ота-оналардан турли баҳоналар билан пул йиғишни қатъиян тақиқлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида МТМда Кузатув кенгаши ташкил қилинган эди. Ҳатто ушбу кенгашга мудираларнинг устидан ҳам тафтиш ўтказиш ҳуқуқи берилганди. Аммо янги ташкил қилинган кенгаш ҳам ишончни тўла оқламаяпти. Ҳатто “йиғ-йиғ”ларга бош-қош бўлаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?

– Кузатув кенгашининг низоми билан танишсангиз, аслида боғчадаги барча ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйилиши керак эди, – дейди Ойгул ая Пўлатова. – Лекин янги ташкил қилинган кенгаш аввал фаолият кўрсатган “родительский комитет”, кейинроқ унинг ўрнида тузилган “Васийлик кенгаши”дан умуман фарқ қилмайди. Фақат номи ўзгарди, холос. Аввал бўлгани каби ҳозир ҳам мудиранинг айтгани айтган, дегани деган. Шу соҳада ишлаганим учун айтяпман буни. Чунки Кузатув кенгаши мудиранинг энг яқин одамлари, маслакдошларидан иборат. Ахир мудира ўзига ўзи чоҳ қазимайди-ку. Бундай “яқинлар” билан боғчаларда бирон ўзгариш қилиш мумкинми?

Хуллас, мактабгача таълим муассасалари ҳақида гапираверсак, гап кўп, кўтараверсак муаммо. Фақат айтганларимиз гаплигича, муаммоларимиз эса қоғозларда қолиб кетяпти. Қолаверса, “йиғ-йиғ”ларнинг урчишига биз ота-оналар ҳам айбдормиз. Боғчалар давлат томонидан юз фоиз таъминлаб қўйилганини биламизу, бироқ пул деса “болам учун” деб суриштирмай олиб бориб бераверамиз. Тегишли идораларга бу ҳақда маълум қилиш у ёқда турсин, ҳатто боғча опалардан ҳам сабабини сўрашга истиҳола қиламиз. Ҳа, ҳа, айнан шундай. Чунки фарзандимиз кун бўйи “опа”лар қўлида бўлади-да. 

Мактабгача таълим вазирлиги ҳам бундай ҳаракатларга чек қўйишга ҳаракат қиляпти. Бироқ ота-оналар, жамоатчиликнинг назорати кучаймас экан, натижага эришиб бўлмайди. Шунинг учунми, вазирлик Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан боғчаларда юзага келаётган қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш, бу борада раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, тарғибот-ташвиқот ишларни кучайтириш, қолаверса, инсофсиз мудирларга қарши курашиш мақсадида ҳамкорлик қилмоқда. Ота-оналарга, барча фуқарога мурожаат қилиб, боғчаларда қонуний, коррупциядан холи фаолиятни йўлга қўйиш, коррупцияга қарши кураш жамиятнинг, қолаверса, ҳар бир оиланинг биргаликдаги саъй-ҳаракати ва назоратини талаб қилишини таъкидлаб, кенг жамоатчиликни юз бераётган ноқонуний фаолият юзасидан асосли маълумотларни етказишда яқин ҳамкорликка чақирди. Ишонч телефонларини эълон қилди. Албатта, Мактабгача таълим вазирлигининг бундай ташаббуслари ўзининг амалий натижасини беради, лекин қачон?

 Ҳаммамиз бирлашайлик, шунда натижа бўлади.

Равшан МАҲМУДОВ,

журналист

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech