03 Июнь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25 °C

Ҳужжатлар
11 Мая  2020 705

Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини кўпайтириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида экин майдонлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Шунингдек, туманларни мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш, маҳсулот етиштирувчиларни мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда кооперацияларга бирлаштириш каби амалий чоралар кўрилмоқда.

Жаҳон бозорлари талабларига жавоб бера оладиган рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳудудларни ихтисослаштириш тўғри йўл эканлигини кўрсатмоқда.

Шу сабабли, дастлабки босқичда республика бўйича 55 та туман мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилди. Бироқ, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан ҳудудларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйилмаган.

Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, туманлар ҳудудларини тупроқ-иқлим шароитларига мос боғдорчилик, узумчилик, сабзавот-полизчилик, картошкачилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш орқали ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ҳамда илм-фан янгиликларини кенг жорий этиш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг:

республика ҳудудларини босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштириш;

республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларига ихтисослаштириш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида эксперимент тариқасида 2020-2022 йиллар давомида Жиззах вилоятининг жами 116,3 минг гектар қўшимча ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

Жиззах вилоятининг айрим ҳудудларини 2020-2022 йилларда боғдорчилик ва узумчилик йўналишларига ихтисослаштириш кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

Жиззах вилояти айрим ҳудудларини 2020-2022 йилларда сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва доривор ўсимликлар ҳамда иссиқхона хўжаликларига ихтисослаштириш кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;

Жиззах вилояти айрим ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштиришда 2020-2022 йиллар давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ;

Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Жиззах вилояти ҳокимлиги ва Ишчи гуруҳ (Ў.Барноев):

а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳудудларни ихтисослаштириш кўрсаткичлари ва “Йўл харитаси”да белгиланган топшириқларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминласин ҳамда натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда маълумот киритиб борсин;

б) туман ҳокимликлари ҳамда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳудудларнинг ер майдонлари ихтисослашувидан келиб чиқиб, ушбу ер майдонларини устувор равишда рақобатбардош қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш жараёнини ҳамда инновацион ва ресурстежамкор технологияларни қўллашни ўз ичига олган агрокластерларни ташкил этувчи салоҳиятли ташаббускорлар, фермер хўжаликлари ва бошқа субъектларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун танлов асосида ажратиш чораларини кўрсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:

ихтисослаштирилаётган ҳудудларда яхлитликка жиддий эътибор қаратган ҳолда тегишли қишлоқ хўжалиги экинларининг турларига қараб плантация шаклида экспортбоп экин турларини жойлаштириш ва етиштириладиган маҳсулот ҳажмларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланишини ва бажарилишини;

сув таъминоти ва инфратузилмаси мавжуд бўлган Зомин туманидаги денгиз сатҳидан 1-1,5 минг метр баландликда бўлган Қорамозор ҳудудидан 20 гектар ер майдонини Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти балансига ўтказилишини таъминласин;

г) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда Зафаробод тумани Ф.Хўжаев массивида жойлашган 30-сон манзил колониясига қарашли 513 гектар самарасиз фойдаланиб келинаётган суғориладиган ер майдонини 2 400 бошли гўшт йўналишидаги чорва комплексини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш шарти билан лойиҳа ташаббускорларига танлов асосида ажратиб бериш чораларини кўрсин;

д) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси билан биргаликда бир ой муддатда Жиззах вилоятининг Зомин, Мирзачўл ҳамда Пахтакор туманларида, уларнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда, транспорт ва инфратузилма объектлари ҳолати ва туташ туманларнинг маҳсулот етиштириш ҳажмларини инобатга олиб, йирик агрологистик марказларни ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш дастурини тасдиқласин ҳамда бажарилишини таъминласин;

е) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги, тижорат банклари ҳамда лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда бир ой муддатда 2020 йил давомида ташкил этиладиган инвестиция лойиҳалари бўйича, шунингдек, ҳар йили 1 октябрга қадар келгуси йил учун ташкил этиладиган лойиҳаларнинг манзилли дастурини тасдиқласин ва ҳар чоракда бажарилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига батафсил маълумот киритиб борсин;

ж) Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда 2020 йил III чорагида Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Фориш, Янгиобод ва Ш.Рашидов туманларидаги янги ўзлаштириладиган лалми ер майдонларида боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш учун артезиан қудуқ қазиш ва ер ости сувларидан фойдаланиш мақсадида бурғилаш ишларини ташкил этсин;

з) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамда тижорат банклари билан биргаликда манзилли дастурни молиялаштиришда тижорат банкларининг кредит маблағлари, халқаро молия институтларининг кредит линиялари ва хорижий инвесторлар маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.

Бунда, тижорат банклари томонидан лойиҳаларни молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағларни шакллантиришга кредитлар ажратишда қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилсиз ҳамда барпо этилаётган қувватларни ташкил этиш даврига кредитнинг асосий қарзидан имтиёзли давр берилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ў.Барноев) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда мазкур қарор талабларини инобатга олган ҳолда:

Республиканинг айрим ҳудудларини 2020-2022 йилларда боғдорчилик ва узумчилик йўналишларига ихтисослаштириш кўрсаткичлари;

Республиканинг айрим ҳудудларини 2020-2022 йилларда сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва доривор ўсимликлар ҳамда иссиқхона хўжаликларига ихтисослаштириш кўрсаткичлари;

Республиканинг айрим ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштиришда 2020-2022 йиллар давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

5. 2021 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар 5-иловага мувофиқ рўйхат бўйича четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари божхона божидан озод этилсин.

6. Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

боғдорчилик хўжаликларида ташкил қилинадиган ҳар 35 гектар интенсив боғ ва токзорларга сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортишга насос станциясини қуриш ишлари учун сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш бўйича ваколатли органлар томонидан бериладиган тегишли рухсатномага асосан 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия маблағларини ажратиш тартиби жорий этилганлиги инобатга олинсин;

сувдан фойдаланиш мақсадида туташ ҳудудларда жойлашган ҳар бирининг умумий майдони 35 гектардан ошмайдиган бир неча фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ўзаро келишуви асосида сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортишга насос станциясини қуриш учун сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш бўйича ваколатли органлар томонидан бериладиган тегишли рухсатномага асосан ҳар 35 гектар майдонга 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия ажратилиши белгилансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда:

а) Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда Жиззах вилоятининг айрим ҳудудларида артезиан қудуқ қазиш ва ер ости сувларидан фойдаланиш мақсадида Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 6 миллиард сўм маблағлари эвазига 6 дона бурғилаш машинасини харид қилиб, Жиззах вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига беғараз ажратиш ишларини амалга оширсин;

б) Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда “2020-2023 йилларда мева-сабзавотчилик, узумчилик, полизчилик ва картошкачилик соҳаларида амалга ошириладиган илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион илмий-техник лойиҳалар” дастурини шакллантирсин ва лойиҳаларни дастурда белгиланган муддатларда Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этиб борсин.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мазкур дастур доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этиладиган лойиҳаларни белгиланган тартибда молиялаштириш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ихтисослаштирилган ҳудудларда ташкил этиладиган ҳар бир агрокластерга халқаро стандартларга (Global GAP, Organic, ISO 22000 ва бошқалар) мувофиқ хавфсизликни бошқариш тизимларини жорий этиш ва сертификатлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш режасини ишлаб чиқиб, амалга оширсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ихтисослаштирилган ҳудудларнинг, биринчи навбатда Жиззах вилоятининг табиий газ ва электр энергияси таъминотини ўрганган ҳолда замонавий иссиқхоналар, интенсив боғ ҳамда токзорлар ташкил этилаётган ҳудудларни энергия ресурслари билан таъминлаш, шунингдек, қайта тикланувчи ва ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланишни йўлга қўйган ташаббускорлар, фермер хўжаликлари ва бошқа субъектларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рағбатлантириш чораларини кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 6-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2020 йил 11 май

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech