26 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,4 °C

Ҳужжатлар
3 Мая  2019 521

Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйичақўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, жаҳонда ғоявий-мафкуравий курашлар кескин давом этаётган, маънавий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги даврда ёшлар ўртасида миллий қадриятларга беписандлик, зарарли ёт ғоялар таъсирига берилиш, жиноятчилик ва экстремизм ҳаракатларига адашиб қўшилиб қолиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.

Маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, давлат ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятига яқиндан кўмаклашиш мақсадида:

1. Қуйидагилар Республика Маънавият ва маърифат кенгаши (кейинги ўринларда Республика кенгаши деб юритилади) фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

аҳоли ўртасида фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, жамиятда миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган демократик тамойилларни қарор топтириш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий ислоҳотларнинг, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка самарали етказиш;

оила, маҳалла, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва соғломлаштиришга қаратилган фаолиятда иштирок этиш,“маҳалла–туман–вилоят–республика” принципи асосида ҳудудлар кесимидаги ижтимоий-маънавий муҳит харитасини шакллантириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

“Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг стратегик йўналишлари, таъсирчан, креатив ва инновацион услубларини ишлаб чиқиш;

тинчлик ва осойишталикка, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига, қадрият ва урф-одатларга ҳамда инсонпарварлик ғояларига хавф солувчи турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши самарали тарғибот ишларини олиб бориш;

аҳолининг ижтимоий-маънавий ҳаётида бунёдкорлик ғояларини кучайтириш,диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш.

2. Ўзбекистон Республикасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолининг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Чора-тадбирлар дастури) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) Маънавият ва маърифат кенгашлари (кейинги ўринларда – ҳудудий кенгашлар) раислари ўн кун муддатда ҳудудий кенгашлар таркибини қайта тасдиқласин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Республика кенгашининг йиғилиши бир йилда бир марта Республика кенгаши раиси, бошқа вақтларда эса заруратга қараб Республика кенгаши раисининг ўринбосарлари томонидан ўтказилади;

ҳудудий кенгашларнинг йиғилишлари ҳудудий кенгашлар раислари томонидан ҳар ярим йилда бир марта ўтказилади;

Республика Маънавият ва маърифат маркази (кейинги ўринларда – Марказ) Республика кенгашининг, унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари тегишли ҳудудий кенгашларнинг ишчи органлари ҳисобланади.

6. Марказ:

а) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан биргаликда уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

маънавий тарбияни баҳолашнинг илмий асосланган индикаторлари;

бола тарбиясида миллий тарбия методлари ва замонавий педагогиканинг илғор ютуқларидан самарали фойдаланиш шакллари;

маънавий тарбияни шакллантиришда оила, таълим муассасалари, маҳалла, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ижтимоий тузилмалар ўртасида самарали ҳамкорликни ўрнатиш механизмлари;

тарбияланувчилар билан бирга тарбиячиларнинг ҳам билими ва малакасини мунтазам ошириб боришни назарда тутувчи узлуксиз маънавий тарбия тизими;

маънавий тарбияни шакллантиришнинг ҳомиладорлик давридан бошланиши ва тарбиянинг ҳар бир босқичдаги ўзига хос хусусиятлари;

маънавий тарбиянинг тадрижий ривожланиш ва узлуксизлик тамойилларига асосланиши;

б) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитнинг ҳолатини аниқлаш ва манзилли соғломлаштириш методикаси лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Республика кенгашига киритсин:

ҳудудлардаги ижтимоий-маънавий муҳит ҳолатини хонадонма-хонадон юриб аниқлаш, тизимли мониторинг ва таҳлил қилишда замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш шакллари;

таҳлил натижаларини “маҳалла–туман–вилоят–республика” принципи асосида ҳудудлар кесимидаги ижтимоий-маънавий муҳит харитасида акс эттириш тартиби;

ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган мақсадли ва манзилли тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширишга доир тавсиялар;

аҳолининг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга йўналтирилган инновацион методларни яратиш, илмий-амалий дастурларни амалиётга жорий этиш механизми;

в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда Марказнинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари ходимлари, давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг маънавий-маърифий ишлар учун масъул ходимларини Марказ ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасида тизимли равишда ўқитиш амалиётини жорий этсин.

7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига:

“Madaniyat va maʻrifat” телеканалини Марказ, унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари фаолиятини ёритиш масалалари бўйича Республика кенгашининг бош ахборот ҳамкори этиб белгилаш;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Халқаро пресс-клуб ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда аҳолининг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, мафкуравий иммунитетини мутаҳкамлашга, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган мақолалар, ток-шоулар, ижтимоий роликлар, кўрсатувлар, публицистик чиқишлар ва эшиттиришлар ташкил қилиш тавсия этилсин.

8. Марказ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасининг маънавий-маърифий ишларни амалга оширишдаги, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришдаги самарали меҳнати ва ибратли фаолияти учун давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига топшириладиган “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Марказ манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда“Маънавият фидойиси” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Марказ ҳузурида “Маърифат” тарғиботчилар жамияти нодавлат нотижорат ташкилоти шаклида таъсис этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига “Маърифат” тарғиботчилар жамияти фаолиятини давлат субсидияси шаклида қўллаб-қувватлаштавсия этилсин. 

10. Белгилансинки, 2019 йил 1 июндан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Марказ, унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари ходимлари лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 1,7 баравар кўпайтирилган миқдорда қўлланилади. 

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказ, унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари ходимларининг иш ҳақи миқдорини ошириш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун 2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағ ажратсин.

12. Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилсин.

13. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Ариповга – Чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш юзасидан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Махмудовга – Чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг тўлиқ амалга оширилиши, кейинги йиллар учун назарда тутилган чора-тадбирлар дастурлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишининг ташкил этилиши;

вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига – Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган вазифалар ижросининг тўғри ташкил этилиши ҳамда тадбирларнинг муддатида ва тўлиқ бажарилиши юзасидан жавобгарлик юклансин.

14. Марказ манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатдақонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдуваҳитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2019 йил 3 май

 
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech