USD = 8146,38 SUM   EUR = 9965,47 SUM
Тошкент

Тошкент шаҳрида сайловчиларнинг 20,4 фоизи овоз берди

Дата публикации: 24 12 2017

Бугун, 24 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 13.00 да Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловини ёритиш бўйича Ягона матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.


Брифингда Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Ҳ.Каримов бугун соат 6.00 да Тошкент шаҳрида ташкил этилган 885 та сайлов участкаси очилганини маълум қилди.

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига кўра, сайловда қатнашаётган барча сиёсий партиялар ва ўзини ўзи бошқариш органлари Тошкент шаҳрининг 11 та туманида ташкил этилган жами 330 та сайлов округига биттадан номзод кўрсатди. Яъни, пойтахтлик сайловчилар 1 минг 650 нафар депутатликка номзод орасидан Тошкент шаҳар туман Кенгашларига 330 нафар депутатни сайлайди.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлов жараёнида сиёсий фаоллик кўрсатаётгани таъкидланди. Сайловчилар рўйхатига киритилган 1 миллион 560 мингдан зиёд сайловчининг 334 мингдан ортиғи Тошкент вақти билан соат 13.00 гача овоз беришда қатнашгани маълум қилинди. Бу сайловчилар умумий сонининг 20,4 фоизини ташкил этади.

«Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасига асосан, овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланади. Башарти, сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан ками иштирок этган бўлса — сайлов ўтмаган деб топилади. Сайловнинг бўлиб ўтган ёки бўлиб ўтмагани Тошкент шаҳридаги 11 та тумандаги сайловчилар сонидан келиб чиқиб аниқланади. Яъни, сайловчиларнинг 33 фоиздан кўпроғи овоз берган туманлардагина сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади.

Количество просмотров

145

Янгиликлар лентаси