USD = 8163.93 SUM   EUR = 9978.77 SUM
Тошкент

Тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди

Дата публикации: 13 12 2017

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 12 декабрь куни мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.


Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммо ва камчиликларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб берди.

Жумладан, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти етарли эмаслиги, яъни бугунги кунда мамлакатимизда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаслиги сабабли янгидан ташкил этилаётган тиббиёт муассасалари томонидан аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсата олинмаётгани, бунинг сабаблари, оқибат ва ечимларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси заифлиги, қишлоқ оилавий поликлиникаларида зарур бўлган тез тиббий ёрдам шохобчалари ва дорихоналар ташкил этилмагани, хусусий тиббиёт тизимини ривожлантиришда тадбиркорлар ишига тўсиқ бўлаётган раҳбарлар фаолияти танқид қилинди.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тизими фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида фармон ва қарорлар қабул қилинганига қарамай, республика ихтисослаштирилган марказларининг ҳудудлардаги фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия, хирургия, урология, кўз микрохирургияси, кардиология, дерматовенерология, эндокринология, нейрохирургия каби илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликлар, хусусан, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ишлари етарли эмаслиги, жойларда замонавий диагностика ва даволаш усуллари суст татбиқ этилаётгани, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда аҳоли ўртасида профилактика ишлари талаб даражасида ташкил этилмаётгани муҳокама қилиниб, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.

Йиғилиш кун тартибидаги кўриб чиқилган масалалар юзасидан қайд этилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2018 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши лозим бўлган қатор стратегик вазифалар белгилаб берилди, дейилади  Ўзбекистон Президентининг расмий-веб сайти хабарида.

Количество просмотров

174

Янгиликлар лентаси