USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

Термиздаги янги ахборот-кутубхона мажмуаси

Дата публикации: 20 01 2018

Одатда бирор маҳобатли бино олдидан ўтиб қолсак, уни қандайдир нуфузли идора ёки бизнес мажмуаси деб ўйлашга кўникиб қолганмиз. Сўзимизнинг муболағаси йўқ, Термизда бунинг аксига дуч келдик.


Чорраҳадаги кўркам иморат. Ҳозир қиш бўлса-да, атрофига гуллар, райҳонлар экилган, йўлаклар, зиналар орасталанган. Уч қаватли бинони келбатидан, салобатидан санъат саройи деб ўйлайсиз. Лекин уни айланиб ўтиб, пешлавҳадаги ёзувга кўзингиз тушгач, асл ҳақиқат ошкор бўлади: Адиб Собир Термизий номидаги Сурхондарё вилояти ахборот-кутубхона маркази.

– Бир йил аввал бунинг ўрнида нима бор эди? – сўраймиз ишчилардан.

– Қурилиш бўлаётган эди, ука, – дейди марказ директори ўринбосари Меҳринисо Маматқулова. – Сал олдинроқ дарахтзор, эътибордан четдаги жой эди. Ўша пайтда бу ерда маҳобатли иморат қурилади, унда китоб учун, китобхон учун мўъжизадек шароитлар яратилади, деса биров ишонмасди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили вилоятимизга келганида бу ерга ҳам ташриф буюрди. Марказимиз учун қурилаётган бино лойиҳасини кўздан кечириб, унинг кўринишини ҳам, мазмунини ҳам тубдан ўзгартириш, бу ерда “Китоб олами” мажмуаси ва замонавий “bookcafe” ташкил этиш, ёшлар кечки пайтлари ҳам бемалол келиб, китоб ўқиши, суҳбатлашиши учун шароит яратиш кераклигини таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, ёшлар кечки пайтлари бўш вақтида қаерга боради? Кафега ёки бирор кўнгилочар масканга. Ёки дўстлари билан суҳбатлашишга. Уларни кутубхонага бориши, китоб ўқиши, маънавиятини ошириши учун нима қилиш керак? Бунга жавобни янги ахборот-кутубхона мажмуасидан топасиз.

Бу ерга келган ёшлар энди дискотекага ҳожат йўқ, китоб билан ҳам вақтни чоғ ўтказса бўларкан, дейиши аниқ. Бинога киришингиз билан ўнг томонда “Китоб олами” дўкони расталари, чапда шинам “bookcafe”. Улар тунги пайтгача ишларкан. Уч-тўрт ёш-яланг суҳбат қураяпти, кимдир китоб ўқияпти. Шифтгача кенг, баҳаво холл қилинган.

– Wi-fi ҳудуд, – дейди иккинчи қаватга гир айлантириб қўйилган стол-стулларда бирида ўтириб, шошилмай интернет “варақлаётган” Шоҳжаҳон. – Шу ер очилганини эшитиб келдим, интернет тезлиги ҳам ёмонмас.

Тўғрисини айтаман, кўпдан буён қидириб юрган китобларимни шу ердан топдим. Яширмайман, пулим кўпроқ бўлганда бир талай китоб сотиб олардим. Аммо бу ерга келишимни қаердан билай?!

Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг китобга меҳрини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар самара бера бошлади. Давраларда, гурунгларда китобдан ҳам сўз очиляпти, сериаллардан зериккан одамлар мутолаа кундалик эҳтиёж эканини тушуняпти. Буни кучайтириш, жамиятнинг интеллектуал, маънавий эҳтиёжи бўлган китоб ўқиш энг муҳим масала эканини одамлар онгу шуурига сингдириш, ёшларни илм-фан чўққилари забт этишга, оламшумул кашфиётларга чорлашда мана шундай ахборот-кутубхона марказлари албатта керак, деб ўйлайсан беихтиёр.

Кутубхоначиликнинг сўнгги ютуқлари асосида бунёд этилган марказ аҳолига виртуал ва электрон кутубхона хизматлари кўрсатиш бўйича мамлакатимиздаги ягона муассасага айланибди. Унда ахборот-коммуникация имкониятлари ва мутолаа руҳи уйғунлашиб кетган. Мутолаа заллари, муҳокама ва компьютер хоналари, медиа-студиялар, маълумот алмашиш имконини берувчи видео тармоқ китобхонга истаган қулайлигини яратади.

– Фойдаланувчилар кутубхонамизга кириб келиши билан онлайн рўйхатдан ўтказилади, – дейди ахборот технологиялари бўлими етакчи кутубхоначиси Муҳаррам Раҳмонова. – Китобхон 73 мамлакатдаги ахборот-кутубхона марказлари билан боғланиши, истаган китобига буюртма бериши мумкин. Марказимиз кўчма кутубхона, яъни китоб ва телекоммуникация технологиялари ва интернет билан жиҳозланган “библиобус” орқали чекка тоғли қишлоқлар, маҳаллаларга ҳам “кириб боради”. Бу орқали олис ҳудудларда ҳам китобхонликни оммалаштиришга эришиш кўзланган.

Китоб – боқий мўъжиза. Ана шу мўъжиза мутолааси туфайли инсон бу дунёга келишию кетишидан мурод нелигини англайди. Донолар таъкидлаганидек, мамлакатнинг куч-қудрати унинг аҳолиси сони билан эмас, балки китобхони, халқининг маънавияти даражаси билан ўлчанади.(ЎзА).

Количество просмотров

165

Янгиликлар лентаси