USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

Тарихий ҳақиқат ва маънавий юксалиш

Дата публикации: 22 01 2018

“Буюк тарихни тиклаган ва янги тарих яратган шахс” туркумидан.


Учинчи йўналиштарих ҳақиқатини қайта тиклаш орқали халқимизнинг қадим маданиятининг асосини белгилаш ва уни бугунги маънавиятни юксалтиришга хизмат қилдиришдан иборат эди.

Маълумки, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавияти, маданияти унинг тарихи, ўзига хос урф-одатлари ва анъаналари, ҳаётий қадриятлари билан чамбарчас боғланган. Шунинг учун ҳам аждодларимиз тафаккури билан қоятошларга солинган энг қадимги суратлар, битиклар, улар даҳоси билан яратилган халқ оғзаки ижоди намуналари, дунё хазиналарида сақланаётган ноёб қўлёзмалар, илм-фаннинг турли соҳаларида битилган асарлар, юртимизнинг турли ҳудудларида сақланиб қолган улуғвор тарихий ёдгорликлар, осори-атиқалар, ҳайкалтарошлик, мусиқа, тасвирий санъатнинг нодир намуналари, қадимий меъморий иншоотлар, олис ўтмиш билан боғлиқ бебаҳо ҳунармандчилик буюмлари буюк маданий-маънавий бойлигимиздир. Демак, бугунги маданиятимиз, маънавиятимизни ривожлантириш учун,  аввало, ана шундай кўп асрлик тарихда шаклланган маънавий бойликларимизни қайта тиклашимиз,  уларни авайлаб-асраб сақлашимиз, бугунги кун учун ҳам хизмат қилдиришимиз ҳаётий зарурат эди. Биринчи Президентимиз фаолияти давомида ана шу масалага ҳам алоҳида эътиборини қаратди.

Мамлакатимизда халқ оғзаки ижодининг ноёб намунаси “Алпомиш” достони тўйининг ўтказилиши ана шу эътиборнинг амалий ифодаси эди. Минглаб йиллар давомида оғиздан оғизга ўтиб, сайқалланиб келган достонда ҳаёт синовларидан, тарих эврилишларидан омон чиққан халқимизнинг бағрикенглик, матонат, олижаноблик, вафо ва садоқат, дўстлик каби эзгу фазилатлари ифодасини топган. Унда аждодларимизнинг қандай ижтимоий муҳитда шаклланганлиги, қандай яшаганлиги, ҳамкорлик йўлида қандай қийинчиликларни  енгиб ўтганлиги, юрт озодлиги, истиқболи учун курашлари акс эттирилган.

Алпомиш - халқимиз орзу қилган қаҳрамон, юртни бошқаришга қодир алп, дўстлик, биродарлик, тинчлик ва одамларни бахт-саодатга етиштирувчи мард йигит тимсоли. Ўтмишда улуғланган бундай шахслар келажак учун ҳам хизмат қилади. Шу сабабли Биринчи Президентимиз айтганидек, “Халқимизнинг енгилмас баҳодири — Алпомиш тимсолида биз Ватанимизни ёмон кўзлардан, бало-қазолардан асрашга қодир, керак бўлса, бу йўлда жонини ҳам фидо қилишга тайёр бўлган азамат ўғлонларимиз — бугунги алпомишларнинг маънавий қиёфасини кўрамиз”.

2005 йилда республикамизда Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллик тўйи ўтказилди. Тўғри, инсоният тарихида турли даврларда илмий академиялар, ҳар хил илм-фан марказлари ташкил этилган. Лекин уларнинг орасида Хоразм Маъмун академиясининг нуфузи катта бўлган. Зеро, бу академияда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Саҳл Масиҳий, Абдулҳайр Ҳаммор, Аҳмад ас-Саҳрий, Муҳаммад ас-Суҳайлий, Абу Али Аҳмад Мисковайҳ, Абу Наср ибн Ироқ каби тўрт юздан ортиқ алломалар фаолият юритганлар ва кўплаб илмий кашфиётлар яратганлар. Бугунги кунда ушбу академияда яратилган асарларни илмий тадқиқ қилиш ҳамда уларни ҳаётда жорий этиш заруратга айланди. Шунинг учун мамлакатимизнинг Биринчи Президентининг фармони билан 1997 йилда Хоразм Маъмун академияси Хива шаҳрида қайтадан ташкил этилди. Бу ерда тарих, адабиёт, математика, биология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда илмий ишлар олиб борилмоқда. Тарихий маънавий мерос замонлар ўтиши билан бугунги кунга хизмат қилмоқда.

Халқимизнинг қадим маданияти ва маънавияти тараққиёт босқичларида муқаддас ислом динининг, илми ва фалсафасининг ўзига муҳим ўрни бор. Юртимизда кўп асрлар давомида барпо этилган мадрасалар, масжидлар, миноралар, мақбаралар ва бошқа ёдгорликлар, кўплаб қўлёзма асарлар, диний китоблар мана шу исломий маънавиятнинг намуналари ҳисобланади. Мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракати билан ана шундай ёдгорликларнинг аксарияти қайта қурилди, таъмирланди ва обод масканларга айлантирилди. Ислом динига оид нодир қўлёзмалар авайлаб сақланмоқда ва тадқиқ этилмоқда. Янги масжидлар ва мадрасалар барпо қилинди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида Шайх Хованди Тоҳур, Занги ота, Шайх Зайниддин Кўйи орифон, Сузук ота, Ҳазрати Имом ёдгорликларида жиддий қайта қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилди. Халқимизнинг оёғи узилмайдиган муқаддас қадамжоларга айлантирилди. Энг муҳими, илгари ташландиқ, вайрона ҳолда ётган бу масканлар гўзал ва кўркам қиёфа касб этди. Шаҳарда ўнлаб янги масжидлар қадимий миллий меъморчилигимиз анъаналари асосида бунёд этилди. Ислом университети ташкил қилинди. Имом Бухорий номидаги Олий маҳад, Ўзбекистон мусулмонлар идораси ва кутубхонаси учун янги замонавий бинолар қурилди. Янги миноралар қад ростлади. Бошқача айтганда, Тошкент ислом маънавиятининг марказларидан бирига айланди. Бу ишларнинг бошида ўша пайтда давлатимиз раҳбари бўлган Ислом Каримов турди. Шунинг учун 2007 йилда дунёда нуфузли ҳисобланган Ислом конференцияси ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси — АЙСЕСКО томонидан Тошкент шаҳри ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинди. Бу нафақат Тошкент шаҳрида, балки бутун мамлакатимизда ислом маданиятини, маънавиятини юксалтириш йўлида Биринчи Президентимиз бошчилигида олиб борилган улуғвор ишларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи эди.

Халқимиз 130 йиллик мустамлакачилик даврида бошидан оғир кунларни кечирди. Хусусан, ўтган асрнинг 20-йилларида юртимиз собиқ шўролар ҳукмронлиги пайтида фуқаролар уруши домига тушди. Озодлик учун курашлар шафқатсиз бостирилди. Бир неча минглаб одамлар қурбон берилди. 20-йилларнинг охирларида коллективлаштириш муносабати билан аҳолининг бир қисми қувғин ва сургун қилинди. 30-йилларнинг иккинчи ярмида халқимизнинг илғор вакиллари қатағон этилди. Бундай қатағон қиличига халқимиз 50-йилларнинг бошида ҳам дуч келди. 80-йилларда эса “пахта иши” туфайли минг-минглаб юртдошларимиз яна қатағонга учради. Буларнинг бари халқимизнинг озодлик учун кураш йўли билан боғлиқ эди. Биринчи Президентимиз мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ана шу қатағонлар қурбонлари хотираларини абадийлаштиришга, яқин ўтмиш тарихимиз саҳифаларини улуғлашга эътибор қаратди. 2000 йилда Тошкентнинг Бўзсув канали соҳилида Шоҳидлар хотираси хиёбони ташкил этилди. Хиёбонда қатағонлар туфайли шоҳид бўлганларнинг рамзий қабри, қабр устида эса айлана шаклдаги муҳташам айвон тикланди. Хиёбонда Шоҳидлар хотираси музейи ва жамғармаси ишга туширилди. 2001 йилдан бошлаб эса 31 август мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Шу тариқа тарихий қадрият маънавий қадриятга айланди.

Ёки Тошкентнинг марказидаги Мустақиллик майдонига туташ нуқтада Хотира майдонининг барпо этилиши ҳам тарихга, ҳам маънавиятга янгича муносабатнинг ифодаси бўлди. 1999 йилда Биринчи Президентнинг фармонига мувофиқ бу ерда Мотамсаро она ҳайкалини бағрига олган Хотира майдони қурила бошланди. Майдоннинг икки томонидаги муҳташам, кўп устунли айвонларда юртимиздан Иккинчи жаҳон урушига  бориб Ватанига эсон-омон қайтиш насиб этмаган юртдошларимизнинг исми-тарафлари битилган 35 жилддан иборат Хотира китоби ўрин олди. Бундай Хотира майдонлари барча вилоятлар марказларида ҳам барпо қилинди. Натижада мамлакатимизда ҳар йил 9 май “Инсон азиз, хотираси ундан ҳам азиз” деган ғоя остида Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланадиган бўлди. Шу тариқа ота-боболаримиз босиб ўтган шонли тарихий йўлнинг маънавий асослари белгиланди.

Биринчи Президентимиз тарихий ҳақиқатни юзага чиқариш билан бирга нафақат маънавиятни тиклашга, балки уни юксалтиришга, тараққий эттиришга ҳам эътиборини қаратди. Тошкентда барпо қилинган Эзгулик аркаси, Мустақиллик ва эзгулик монументи, Маърифат маркази, Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройи, Ёшлар ижод саройи, Тасвирий санъат галереяси каби мажмуалар, ҳар йили нишонланадиган Наврўз ва Мустақиллик байрамлари, икки йилда бир ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳамда бошқа анжуманларда тарихий маданиятимиз билан бирга бугунги маънавий ютуқларимиз ҳам уйғунлашган эди. Ҳаётда тарихий ҳақиқатни, ўтмиш маданияти ва маънавиятини қарор топтириш ва уларни келгусида янада юксалтириш осонлик билан амалга ошириладиган иш эмас. Шунинг учун бу хусусда Ислом Каримов “Юксак маънавият  — енгилмас куч” асарида бундай деб ёзган эди: “Маънавият инсоннинг қон-қони, суяк-суягига йиллар давомида она сути, бола тарбияси, аждодлар ўгити, Ватан туйғуси, бу ҳаётнинг баъзида аччиқ, баъзида қувончли сабоқлари билан қатра-қатра бўлиб сингиб боради. Айниқса, табиатга, одамларга яқинлик, доимо яхшиликни  ўйлаб яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, дунёнинг тенгсиз неъмат ва гўзалликларидан баҳраманд бўлиш маънавиятга озиқ беради, уни кучайтиради. Жаҳон халқлари тажрибаси, уларнинг босиб ўтган мураккаб ривожланиш йўллари, бу борадаги сабоқ ва хулосалар шундан далолат берадики, қаерда давлат ва жамият тараққий топса, халқнинг тинч-осойишта ҳаёт кечириши, ўз олдига эзгу ва буюк мақсадлар қўйиб яшаши учун етарли шарт-шароитлар яратилган бўлса, ўша ерда эркин фикрлаш муҳити ва шу асосда маънавий юксалиш учун янги имкониятлар туғилади”. Биринчи Президентимизнинг бу борадаги ютуқлари шунда эдики, тарихий ҳақиқатнинг маънавий юксалиш жараёнига таъсирини нафақат асарларида кўрсатиб бера олди, балки халқимиз ва мамлакатимиз ҳаётида ҳам амалий жиҳатдан исботлаб берди.

(Давоми бор).

Камол МАТЁҚУБОВ,

журналист.

Количество просмотров

280

Янгиликлар лентаси