USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

Соғлиқни сақлаш тизимида қандай ўзгаришлар бўлади?

Дата публикации: 07 02 2018

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 декабрь куни мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда “Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада яхшилаш, халқимизни тиббиёт тизими фаолиятидан рози қилиш – барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир”, деб таъкидлаган эди. 


Жорий йилда тиббиёт соҳасида амалга ошириладиган ишлар айни мақсадларга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилда вазирлик тизимидаги 310 тиббиёт иншоотида қурилиш, реконструкция, капитал таъмирлаш ва уларни жиҳозлаш учун 803,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Мамлакатимизда шифохоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳага янги технологияларни татбиқ этиш борасидаги лойиҳалар доирасида ўтган 2017 йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 181 даволаш-профилактика муассасасида 552,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган эди.

Жорий йилда бу соҳадаги ишлар кўлами янада кенгайиши кутилмоқда. Шунингдек, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қаралмоқда.

Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудлар, туманлар ва муассасалар бўйича тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёж ўрганиб чиқилди.

Бу таҳлил натижалари олис ҳудудларда малакали кадрларга бўлган эҳтиёж юқорилигини кўрсатди. Шунингдек, соҳадаги бошқа камчилик ва муаммолар ҳам ўрганилди. Тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчилари ҳудудларга мақсадли йўналтирилди.

Жорий йилнинг январь ойида тиббиёт олий таълим муассасаларининг 7-босқич бакалавриат битирувчилари муддатидан олдин якуний давлат аттестациясидан ўтказилди. Улардан 1 минг 811 нафари умумий амалиёт шифокори сифатида ишга йўлланма олди. Бунинг натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида умумий амалиёт шифокорларига бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланди.

Бундан ташқари, 926 нафар 2-босқич клиник ординатура битирувчиларини тор соҳа мутахассиси сифатида ишга жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу йил тиббиёт олий ўқув юртларида бакалавриат босқичининг 6-курсида таҳсил олаётган талабалар ҳам ўқишни якунлагач, ишга йўл олади.

Жорий йилдан бошлаб пенсия ёшидаги шифокорлар меҳнат фаолиятини давом эттирса, уларга ойлик маош ва пенсия тўлиқ миқдорда тўланади. Бу тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳолига тўлиқ ва кенг хизмат кўрсатишни таъминлайди.

Бу амалий саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилда умумий амалиёт шифокорлиги бўйича бўш ўринлар 82 фоиз, тор мутахассисликлар бўйича эса 55 фоиз қопланиши кутилмоқда.

Юртимизда Ягона тиббиёт ахборот маркази ва «Ақлли тиббиёт» тизимини жорий этиш ишлари бошлаб юборилди. Ишга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш, Соғлиқни сақлаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар жалб этилган.

Ягона марказ ва «Ақлли тиббиёт» тизимининг жорий этилиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун қўшимча имкониятларни яратади. Улар йўлга қўйилиши билан касалликларни барвақт аниқлаш даражаси ошади ва касалликларнинг масофали профилактикаси жорий этилади.

Ягона тиббиёт ахборот маркази – бу беморларнинг амбулатория карталари ва касалликлар тарихи электрон маълумотлар базаси ҳисобланади. Барча тиббиёт муассасалари шифокорлари учун ахборотдан фойдаланиш имконияти яратилади. Бу даво чораларини тайинлаш учун бемор ҳақидаги тиббий маълумотларни дарҳол олиш ва фойдаланиш имконини беради. Бунда шифокор фақатгина беморнинг сўзларига таянмасдан, унга бошқа мутахассислар томонидан қўйилган ташхисларни кўриб, хулоса чиқаради.

«Ақлли тиббиёт» шифокорга бемор ҳақида тўлиқ маълумот берувчи тизимдир. Беморнинг танасига мустаҳкамланган махсус чип ёки браслетлар, у қаерда бўлишидан қатъий назар, саломатлиги, тана ҳарорати, артериал қон босими, қондаги қанд миқдори тўғрисидаги маълумотлар, электрокардиограмма ҳақидаги муҳим маълумотларни шифокорга юбориб туради. Бундай ахборот сурункали ва яширин кечувчи касалликларни аниқлаш, беморнинг саломатлиги ҳолатини мониторинг қилиш, профилактик даво чораларини тайинлаш учун қўл келади.

Ягона марказ ва «Ақлли тиббиёт» тизимининг ишга туширилиши ташхис қўйишга кўмак берадиган замонавий компьютер ёрдамчи дастурларини амалиётга жорий қилиш имконини беради.

Бу каби лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши беморларни даволашда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича кенг имкониятларни очади. Бу борадаги ишлар босқичма-босқич, тизимли амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Соҳадаги бу эзгу амаллар миллат генофондини яхшилаш, саломатлик кўрсаткичларини ижобий томонга ўзгартириш, она ва бола саломатлиги муҳофазасида муҳим аҳамият касб этади, деб хабар беради ЎзА.

Количество просмотров

96

Янгиликлар лентаси