USD = 8163.93 SUM   EUR = 9978.77 SUM
Тошкент

«Милиция бошлиғининг иштаҳаси карнай экан»

Дата публикации: 17 12 2017

 Туман милиция бўлимининг бошлиғи асабийлашмоқда. Учрашув эрталаб бўлиши керак эди. Бироқ қоронғу ҳам тушди. Шу пайт узоқ кутилган қўнғироқ бўлди.


 Буёғи – худди кинолардагидек. Бошлиқ “Ласетти” машинасига ўтириб, унга уч миллион сўм тегиши кераклигини ҳисоблади, кейин телефондаги суҳбатдошига бу ерда уч юз минг сўм камлигини айтди. У эса бу пулларни ўзининг хизмат ҳақи учун олганини айтган маҳал машина эшиги очилиб, хушмуомала кишилар хизмат гувоҳномасини кўрсатишди. “Пора” деб ёзилган битиклари ярқираб турган пул пачкаларидан бармоқ изини ҳам олишди. Телефондан ёзиб олинган суҳбатда туман милиция бошлиғининг сўнгги сўзларини ўзига эшиттиришди. Хибсга олиш ана шундай кечди.

 Тергов ишлари... хўроз уриштиришдан бошланди.

 Келинг, аввало бизнинг шарқ бозорларимиз ҳақида тўхталайлик. Ҳозир уларни расман “деҳқон бозори” дейишади. Улар турли хил, албатта. Шаҳар бозорлари ўзининг шовқин-сурони, тўкин-сочинлиги, мева-чевалар ҳиди, харидорлар гавжумлиги, сайёҳлар нигоҳини ўзига тортувчи ялтироқ муқовалари билан қишлоқ бозорларидан ажралиб туради.

 Туман бозорлари соддагина, чанг-тўзонли. Ерда туғилган киши молнинг ҳақиқий баҳосини яхши билади. Вақти камлиги учун табиат саховатини ўктам олибсотарларга тезгина яхлит сотади. Шаҳар бозорлари қоронғу тушгунча ишласа, қишлоқ бозорлари эса куннинг ярмига етмай ўз ишини тугаллайди. Эрта тонгдан бошланиб, кун ярмида бозорда ҳеч ким қолмайди. Деҳқонлар даласига шошади.

 Чеккадаги бозорларнинг яна бир муҳим жиҳати – мол бозорлари. Қоронғу кечада безовта сигирларнинг маъраши, қўйларнинг баълаши, туяларнинг салобат билан турли наслдаги отларга қараши, товуқларнинг қақиллаши, ғули-ғули қушларнинг виқорли туришлари бозорга ўзгача файз бағишлайди. Даллолнинг “бор-барака” деб икки томонни келиштириши... Улар қўл беришиб бирови сотгани учун, иккинчиси олгани учун хурсанд бўлишади. Қувончли воқеани нишонлаш учун ҳар иккаласи даллолни рози қилишади. Бирови қулай баҳода сотганидан, иккинчиси эса арзон олганидан хурсанд. Бу – даллолнинг санъати.

 Кайфият аъло. Байрам қилгиси келади. Пул бор. Энди фақат томоша керак. Қишлоқ бозорининг ўзига хос кўринишларидан бири – хўроз уриштириш томошасига боришади. Тонготар чоғида бундан бошқа томоша йўқ-да.

 ... Кунларнинг бирида Шеробод чўлларида қўй боқаётган чўпон билан гаплашишга муяссар бўлдим. Яқин атрофда ҳеч ким йўқ. Унинг бир ўзи қўй боқмоқда.

 - Туман марказига кетмоқчи бўлдим, - дейди суҳбатдошим. – У ерда зерикаман, сиқилиб кетаман. Ўт-ўланларнинг шивирлашига, субҳидам шамолларининг қўшиғига ўрганиб қолганман. Чўлдаги изларига қараб атрофда бўрилар қандай айланаётгани, тулки нима билан шуғулланаётганини кўриб биламан. Осмонда бургут қанотларини ёйиб учганини кўрганмисиз? Табиат билан суҳбатлашишни менга отам, унга эса бобом ўргатган. Чўпонлик менга ота-бобомдан мерос. Қўйларнинг ташвиши ҳам оз эмас. Бозорга бориш – биз учун катта воқеа. Гап пулда эмас. Қоп тўла ун, гуруч, бидон тўла мой, мева, сабзавот захира қилганмиз. Томда спутникдан оладиган антенна. Болаларим интернатда ўқишади. Назаримда яхши яшаяпмиз, ҳамма нарса етарли. Бироқ, одамлар билан учрашиш, суҳбатлашиш етишмаяпти, холос. Мол бозорида эски қадрдонларим, ўзимга ўхшаш чўпонлар билан учрашаман, бир тилда суҳбатлашамиз, бир-биримизни тушунамиз, айрим ҳолларда сўзсиз ҳам тушунаверамиз. Бир луқманинг ўзи кифоя. Бизларни яна бир жиҳат – хўроз уриштириш томошаси ҳам бирлаштириб туради.

 Алимардон – суҳбатдошимни шундай аташади, - узун қиш кечаларида отаси хўроз уриштириш мусобақасини катта қизиқиш билан сўзлаб берганлари тўғрисида мароқ билан гапириб берди. Урушқоқ хўрозлар қандай бўлишади? Ҳақиқий мағрур рицарларга ўхшайди. Ғолиб йиқилганини чўқимайди, мағлуб эса жанг майдонидан ўзи кетмайди. Эгаси қўлига олгунича олдинга юриш учун йиқилади, туради. Хўрозларнинг пихи эговланган ханжарга ўхшайди. Қанотли жангчиларни қандай ўстиришади. Оёқ тирноқларига пардоз беришиб, қадоқларини кесишади. Уларнинг овқати ҳам зиравор ва доривор ўтлар аралашмасидан алоҳида тайёрланади. Кўзикмасин, деб эгаси бегона кўзлардан асрайди. Маросим тартибларига риоя қилинади, ёқимтойининг қулоғига алланималарни шивирлаб, уни майдонга туширади.

 Асрлар оша келаётган хўроз жанги қоидалари тўғрисида икки оғиз сўз. Қура ташланиб, аввал битта хўроз майдонга туширилади. У эса гўё кинога олинаётгандек мағрур давра айланиб, ўзининг устунлигини намойиш қилади. Рақиби даврага туширилгач, унинг қанотлари дуккайиб, тожи қип-қизил қонга тўлади. Жанг бошланади. Томошабинлар эҳтиросли қизиқиш билан кузатишади. Пул тикишади.

 Бузуқ, ярамас ҳиссиётларми? Ибтидоий инстинктми? Ёввойиликми? Боксёрлар жангида ёки бошқа қаттиқ яккакурашларда негадир бундай саволлар берилмайди. Испаниянинг буқа жангини айтмаса ҳам бўлади.

 Хўроз уриштириш жанги узоқ йиллар тақиқланди. Бироқ, у пана-пасқамларда, бозорларнинг хилват жойларида ўтказилиб турди. Урф-одатларга бурканган вақтихушлик. Бу ўйиннинг эҳтиросли ихлосмандлари, ҳатто, наслли товуқ боқишни билмаган, халқ урф-одатларини тушунмаган айрим кимсалар имкониятдан фойдаланиб, мўмай пул топишга киришиб кетдилар.

 Бугун унутилган анъаналар яна юзага чиқаяпти. Спортнинг миллий турлари, мусобақабоп анъана ва урф-одатлар қайта тикланмоқда. Шу жумладан, хўроз уриштириш жанги ҳам. Тегишли идораларда рўйхатдан ўтказилиб, ихтисослашган ишқибозлар клублари ташкил қилинмоқда. Улар ўзларининг ҳуқуқий майдонларида томоша кўрсатишга интилмоқдалар. Бозор маъмурияти ҳамда томоша кўрсатувчи тадбиркор ўртасида ер ҳамда бинони ижарага олиш бўйича шартнома тузилади. Клублар солиқ тўлашади. Фойда тушумлари эса томошабинлар тўлаётган уч минг сўм ҳисобидан шаклланади. Болалар ҳамда кекса кишилар томошани бепул кўришади. Машиналар тўхташ жойи баҳоси ҳам белгиланган – олти минг сўм.

 Бундай легаллаштириш, очиқлик хўроз уриштириш жангининг оммабоплигини ҳам ошириб юборди. Кўпгина туманларда бундай мусобақалар ҳафтада, ҳатто, уч мартагача ўтказилади. Беш юзга яқин ишқибозлар турли ҳудудлардан келишади. Улар селекция йўли билан товуқлар зотини яхшилаш бўйича тажриба алмашадилар. Бироқ, бундай янгилик барчага ҳам, шу жумладан, айрим ҳуқуқ тартибот органлари ходимларига ҳам асқотиб қолмади. Жумладан, пойтахт вилоятининг Зангиота туман ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Жабборов “Зангиота деҳқон бозори” ҳузурида ташкил қилинган “Хўроз уриштириш” клуби ташаббускорлари билан бир неча бор суҳбат ўтказди. Жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича методик ҳамда ҳуқуқий тавсиялар бериб, жумладан, ташкилотчилар томонидан ҳеч қандай назорат қилинмаётган пул тикишлар тўғрисида гапирди. Шунингдек, бошқа негатив фактлар ҳақида ҳам тўхталди. Буларнинг кўпчилиги ҳақиқат эди.

 Клуб раҳбарларини анчагина қўрқитиб погонли раҳбар муддаога ўтди. Унга ҳар бир хўроз уриштириш жангидан бир ярим миллион сўм берилиши керак... Иштаҳаси карнай. Бир ойдан кейин улуш икки миллион қилиб белгиланди. Ана шунда ишқибозлар бир тўхтамга келдилар. Юқори ҳуқуқ тартибот органига мурожаат қилдилар.

 Ушбу мурожаат зудлик билан ўрганилди. Мундир шаънини ҳимоя қилиш ҳам ўйлаб ўтирилмади. Тузилган махсус тезкор гуруҳ У.Жабборовни ҳеч қандай шовқин-суронсиз пора билан ушлади. Суд бўлди. Ҳукум - беш йил озодликдан маҳрум қилиш.

 Қайта тикланган қадимий анъаналарга етказилган зарар, шахсий манфаатни кўзлаб, уни яна яширин ҳолатларга ўтишга мажбурлашни қандай баҳолаш мумкин? Ҳокимият вакилларига ишонч ҳам йўқолади-ку.

 Ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, ички ишлар органларини ўз вазифасини билмайдиган, масъулиятни чуқур англамайдиган тасодифий кишилардан тозалаш ҳар доимгидек долзарб масала бўлиб қолаверади.

 Миллий мусобақа ташкилотлари фаолиятини аниқ белгилаш вақти келди. Қандай қилиб? Бунга эса мисоллар кўп. Кураш, от спорти турлари, жумладан, улоқ, кўпкари, қиз қувмоқ кабилар бўйича ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Носоғлом пул тикишларга чек қўядиган қоидалар, ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар ишлаб чиқилган. Хўроз уриштиришлар қушлар ўйини ҳуқуқида бўлаётган ҳозирги пайтда асрлар давомида яшаб келаётган қизиқарли ўйинларни обрўсизлантирадиганлар ҳам топилаверади...

 Тимур Низаев.

 “Правда Востока” газетаси шарҳловчиси.

 

Количество просмотров

169

Янгиликлар лентаси