USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

«Лирика» ва «Трамадол»нинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Дата публикации: 02 12 2017

Инсон руҳиятига кучли таъсир кўрсатувчи дорилар шифокор рецептисиз берилмайди. Аммо, минг афсуски, бу турдаги, сифати кафолатланмаган дори-дармон воситаларини ноқонуний равишда сотиш йўли билан мўмай даромад орттирмоқчи бўлган шахслар ҳамон учраб турибди.

Яқинда Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ходимлари Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда юртимиз ҳудудига айланма йўллар орқали олиб кирилган кўп миқдордаги “Лирика” номли дори воситасининг ноқонуний айланмасига  чек қўйишди.

Пойтахтимизда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамиятга қарашли дорихона сотувчиси фуқаро Ф. Исаев (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) мижозга 2 дона “Лирика” номли дори воситасини 36000 сўмга назорат касса аппарати чекисиз ва шифокор рецептини талаб қилмасдан сотаётганлиги фош этилди.

Ушбу дорихонани белгиланган тартибда кўздан кечириш давомида, ноқонуний равишда сотиш учун мўлжалланган жами 135 дона “Лирика” номли дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида “Трамадол” дори воситасининг олди-сотдиси билан шуғулланувчи бир гуруҳ шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Инсон саломатлигига таъсир қилувчи бу каби дори воситаларини жамоат жойлари, турли кафе ва ресторанларда хуфиёна сотиш орқали  яхшигина даромад орттириб келаётган фуқаролар М.Азимов, Я.Бобоев, А.Мирзаевлар энди қонун олдида жавоб беришади.

Улар Чилонзор туманида 201 та конвалютадаги, жами 2010 дона “Трамадол” дори воситаларини 3.050.000 (уч миллион эллик минг) сўм эвазига ноқонуний равишда сотаётган вақтда қўлга олинди.

Шунингдек, тадбир давомида фуқаро А.Мирзаев ўзининг яшаш хонадонидан яна 150 дона конвалютадаги, жами 1500 дона “Трамадол” таблеткаларини ихтиёрий равишда топширди. 

Ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан холислар иштирокида тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тадбир давомида аниқланган жами 351 та  конвалютадаги, 3510 дона “Трамадол” дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабарида.

Количество просмотров

290

Янгиликлар лентаси