USD = 8188.33 (+1.38) SUM   EUR = 10057.73 (-139.12) SUM
Тошкент

Ижтимоий фикр: мамлакатимиз Президентига ишонч даражаси 93,1 фоиз

Дата публикации: 05 12 2017

2017 йил 4 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганига бир йил тўлди.

Шу муносабат билан «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти тўғрисида» мавзусида ижтимоий сўров ўтказилди. Уни ўтказишдан мақсад аҳолининг давлатимиз раҳбарига бўлган ишонч даражасини аниқлаш, шунингдек, фуқароларнинг Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, сиёсий ва бошқа соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабатини ўрганишдан иборат бўлди.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш жараёнида фуқароларимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши билан мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида янги босқич бошланди, дея фикр билдирган. Улар Президент раҳнамолигида жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида қисқа муддат ичида туб ўзгаришлар рўй берди, деб ҳисоблайди.

Сўровда мамлакатимизнинг барча минтақаларида истиқомат қилаётган 18 ёш ва ундан катта бўлган аҳоли, жумладан, турли ижтимоий қатламларга мансуб, кўплаб соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган турли миллат вакиллари иштирок этди.

Сўров иштирокчиларининг 90,2 фоизи Президентимиз сиёсати аҳолининг орзу-умидларини тўла рўёбга чиқараётганини билдирган.

Олинган маълумотларга кўра, респондентларнинг мутлақ кўпчилиги Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликни камайтириш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаро, ҳар бир оиланинг муносиб ҳаёт кечириши учун қулай шароитлар яратиш бўйича салмоқли натижаларга эришилди, деб ҳисобламоқда.

Фуқароларнинг 90,7 фоизи давлатимиз раҳбари томонидан тинчлик, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган муваффақиятли ҳамда самарали ташқи сиёсат олиб борилмоқда, деган қатъий фикрда.

Сўров иштирокчиларининг 88,6 фоизи мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, аҳоли, хусусан, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, жумладан, имтиёзли кредитлар ва солиқ преференциялари тақдим этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини рағбатлантириш ҳамда кенгайтириш ҳисобидан оилавий тадбиркорлик ва касаначилик, ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган, деб ҳисоблайди.

Фуқароларнинг аксарияти (90,9 фоизи) сўров давомида шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш, замонавий бинолар, турар жой мажмуалари бунёд этиш, шифохоналарни реконструкция қилиш, янги замонавий тиббиёт марказлари, мактабгача таълим муассасалари ва спорт иншоотлари, бизнес марказлари, замонавий автомагистраллар ва инфратузилма объектлари, кўприклар қуриш, тарихий-меъморчилик ёдгорликларини асраб-авайлаш ва таъмирлаш борасида эришилган салмоқли ютуқларни қайд этган.

85,2 фоиз респондент сўнгги йилларда мамлакатимизда самарали ижтимоий ҳимоя амалга оширилмоқда, фуқаролар яшаш шароитлари яхшиланмоқда ва бандликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, деган фикрда. Сўров давомида фуқаролар аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг юқори самарадорлигини таъкидлаган.

Юртдошларимизнинг 86,3 фоизи ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини жорий қилиш, мактабгача таълимнинг янги тизимини ташкил қилиш, умумтаълим мактабларида 11 йиллик ўқитиш тизимини тиклаш, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш таълим-тарбия жараёни самарадорлигини янада ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни чуқур билимга эга баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда, деб ҳисобламоқда.

Олинган натижалар юртдошларимизнинг аксарияти Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқаролари орзу-умидларини тўла рўёбга чиқараётганига ва аҳолининг мутлақ қўллаб-қувватлашига эга раҳбар эканига қатъий ишонади. Мониторинг Президентимизга ишонч даражаси 2017 йил июль ойидаги 92,4 фоиздан жорий йилнинг октябрь ойида 93,1 фоизга ошганини кўрсатган.

Количество просмотров

213

Янгиликлар лентаси