USD = 8146,38 SUM   EUR = 9965,47 SUM
Тошкент

Фожиадан сўнг...

Дата публикации: 15 12 2017

Шафқатсиз ўсмирлик – янги мавзу бўлмасада, носоғлом кўринишга эга. Навбатдаги ҳар бир мудҳиш ҳодиса жамиятда катта шов-шувга сабаб бўлади.


Тошкент юридик коллежида содир этилган мудҳиш воқеа уларнинг сўнгисидир. Бу ерда қотиллик бошқаларидан фарқли ўлароқ шундайгина ўқув юрти ҳудудида содир бўлди. Шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг хабарига кўра, 6 октябрь куни эрталаб соат 10 да ўқувчилар ўртасида можаро пайдо бўлган. Уларнинг биттаси бошқа иккитасини пичоқлаган. Иккаласини ҳам ўткир пичоқ тиғидан ҳосил бўлган яра билан тез тиббий ёрдам Республика илмий марказига жойлаштиришган. Уларнинг бириси уйига кетган бўлса, иккинчиси кўп қон йўқотганлиги сабабли ҳаётдан кўз юмган. Шаҳар ички ишлар бошқармаси ўша куннинг ўзида Жиноят кодексининг 104-моддаси, 3-қисми, “д” пункти билан жиноят иши очган.

Бу масалани кўриб чиқишни ҳуқуқ тартибот органлари ҳукмига ҳавола қиламиз. Биз эса этиборни бошқа нарсага қаратмоқчимиз. Ўқувчи ўз ёнида пичоқ кўтариб юриши (ёки унга эгалик қилиши), дарс пайтининг қизғин палласида бошқа ишлар билан шуғулланиши коллеждаги муҳитнинг носоғломлиги эмасми? Яқинда ўзининг 40 йиллиги ва коллеж мақомига эга бўлганлигининг 25 йиллигини нишонлаган, бўлғуси қонун ва адолат ҳимоячиларини тарбиялаётган ўқув юртида тегишли даражада тартиб-интизом бўлганми?

Қўйилган бу саволларга тезликда жавоб топдик. Ўқитувчиларнинг мурожаатига биноан Адлия вазирлиги шу йилнинг 12 октябрида ўқув юртида хизмат текширувини ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарган. Текшириш натижаларига кўра коллеж директори Наталья Темирова қатор қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги аниқланган. Ўқитувчиларнинг айримлари ошно-оғайнигарчилик, бошқалари эса таъмагирлик йўли билан ишга қабул қилинган. Айрим ходимларга нисбатан асоссиз равишда интизомий жазолар қўлланилган. Жамоада бошқалардан ажралиб турадиган гуруҳлар, коллежда эса носоғлом муҳит пайдо бўлган. Натижада кадрлар қўнимсизлиги йилдан-йилга ошиб бораверган. Ўқув жараёни ҳамда битирувчиларга диплом беришда қонунбузарликларга йўл қўйилиб, маънавий-тарбиявий ишлар мутлақо ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Вазиятни текшириш якунлари бўйича қонуний баҳолар берилиб, соҳанинг ҳуқуқ тартибот органларига юборилган. Фожиа содир этилганининг кейинги куни Ўзбекистон Республикаси Президенти аппарати, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, коллеж ходимлари ва мураббийлари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Йўл қўйган хато ва камчиликлари учун коллеж директори ишдан озод этилиб, “иккинчи класс адлия маслаҳатчиси” даражасидан маҳрум қилинган. Бош прокуратура унга ва коллежнинг бошқа раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси, 2-қисми “г” пункти  “Мансабини суиистеъмол қилиш йўли билан пул маблағларини ғайриқонуний ўзлаштириш ёки камомадга йўл қўйган” лиги учун жиноий иш қўзғатгани маълум бўлди. Шаҳар ички ишлар бошқармасида ўтказилган брифингда журналистларга тўлиқ маълумот берилди. Масалан, Н.Темирова ўзининг ўғли ва қизини ўқитувчиликка қабул қилгани ҳам маълум бўлди. Шунингдек, у ҳуқуқ тартибот органлари, маҳаллий ҳокимият ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланган талабларга риоя қилишдан ҳам бош тортган. Хусусан, бу ерда металлодетекторлар ишламаган, дарсларга қатнашувни текшириш учун келган  ички ишлар ходимларини бинога киришига йўл қўймаслик ҳоллари ҳам содир этилган.

Кишини ғазаблантирадиган ҳолат юзасидан 10 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қарашли Тошкент юридик коллежида ўқув-тарбия жараёнини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унда қонунчиликнинг узлуксиз тарзда бузилиши ўқув-тарбия жараёнининг таназзулга юз тутишига сабаб бўлганлиги алоҳида таъкидланган. Кадрларни танлаш ва улар билан ишлашдаги мутлақо яроқсиз ҳолатлар, педагоглар билим даражасининг кескин пасайиши, ижро интизомининг пастлиги, юқори органларнинг топшириқ ва кўрсатмаларига беписандлик, иш юритишга масъулиятсизлик билан қараш каби ҳолатлар шулар жумласидандир. Ўқув жараёнини ташкил қилиш ҳоллари қўпол равишда бузилган, дарсга қатновни назорат қилиш бўйича билдирилган кўрсатмалар бажарилмаган, ўқитувчиларнинг ўзлари кўп ҳолларда дарсларга киришмаган! Бўлинмалар раҳбарлари ва мураббийлар малакасини ошириш, касбий ҳамда ахлоқ-одоб сифатларини мониторинг қилиш системали тарзда амалга оширилмаган. Турли хил “фойдали”  тадбирларни ўтказиш учун ўқувчилардан пул йиғиш ва асоссиз равишда баҳоларни ошириб қўйиш ҳолатлари кузатилган. “Муаммоли” ўсмирлар билан алоҳида ишлашга юзаки қаралган, ота-оналар билан мулоқот, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда қонунбузарликни олдини олиш бўйича ҳамкорликдаги ишлар расмиятчилик, хўжа кўрсин учун қилинган, холос.

  Коллеж ҳамда унинг раҳбарияти ишини ўта қониқарсиз ҳисоблаб, ҳукумат Тошкент давлат юридик институти ректори Е.Канязов раҳбарлигида ўқув юрти фаолиятини ўрганиш ва такомиллаштириш бўйича комиссия тузди. Коллеж айнан мана шу олий ўқув юрти таркибига киритилиб, унинг фаолиятини яхшилашга ҳам улар масъулэканлиги белгиланди.

 Ёш мутахассисларни тайёрлаш ва тарбиялашни танқидий таҳлил қилиш, илғор педагогик ҳамда ахборот-комуникация техналогияларини жорий этиш комиссиянинг устувор вазифалари этиб белгиланди. Тошкент юридик коллежида ўқиш жараёнининг сифатини яхшилаш, ўқувчиларнинг ахлоқий тарбия даражасини ҳамда ҳуқуқий маданиятини ошириш, шунингдек, ўқув юртининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди. Шунингдек, унда ўқувчилар билимини баҳолаш, ички тартиб интизом бўйича Низом ишлаб чиқиш, устав, ўқув режаси ҳамда дастурини қайта кўриб чиқиш ҳам кўзда тутилган. Молия- хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш ва ходимларни аттестациядан ўтказиш ҳам белгиланган. Коллежни бугунги кун талабларига жавоб берадиган, касбий маҳоратга, юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган кадрлар билан мустаҳкамлаш чоралари кўрилган.

Жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга бағишлаб 15 ноябрда ўтказилган йиғилишда мамлакатимиз Президенти коллежда рўй берган фожиа ҳақида тўхталиб ўтди. Ҳар томонлама эътиборда бўлган бу ўқув муассасаси ўз номига ва обрўсига лойиқ бўлишига ишонамиз. Бироқ, бунинг учун ҳали кўп ишларни амалга ошириш лозим.

  Иккинчи томондан афсуски, йиллар давомида бу ерда тўпланиб қолган муаммолар камдан кам учрайдиган ҳолатдир. Давлатимиз раҳбари нафақат бу даргоҳда, балки бошқа ўқув юртларида ҳам ўқувчилар билим билан эмас, бошқа воситалар билан қуролланган ҳолатлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Яқинда шаҳар ички ишлар бошқармасида ўтказилган брифингда катта инспектор Абдурашид Очилов 2017 йилнинг ўтган тўққиз ойида Тошкент ўқув юртларидан 23 та пичоқ, 3 та металдан ясалган ва битта ёғочдан ясалиб, уриш учун ишлатиладиган тўқмоқ, биттадан болтача ва жароҳат етказувчи пистолет олинганини қайд этди. Булар фақат топилганлари... Ўсмирлар дарсга нега ана шундай воситалар билан келишади? Уларнинг ота-оналари қаерга қарашади. Сукут сақлаётган курсдошлари ва ўқитувчилари нима ҳақида ўйлашади? Ахир атрофдагиларнинг барчаси фалокат қурбонлари бўлиши мумкин-ку! Ўтган 10 ой давомида биргина пойтахтнинг ўзида 185 та ўсмирга нисбатан 125 та жиноий иш қўзғатилган. Судларнинг қарори билан 34 таси қамалган, 54 тасининг эркинлиги чекланган. Шу давр мобайнида мамлакат бўйича 310 нафар мактаб ўқувчиси, 875 нафар коллеж ва лицей ўқувчилари оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган. Уларнинг барчаси ҳали 18 ёшга ҳам тўлмаган, бу ёшда улар қувонч ва шодлик билан дунё танимоқлари лозим эди. Бироқ, катталарнинг эътиборсизлиги ва бефарқлиги ана шундай хунук фожиаларга сабаб бўлган.

Алексей Романов.

Количество просмотров

181

Янгиликлар лентаси